Наманганда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллалардаги ёшлар спорт билан доимий шуғулланиши учун ҳар бир шаҳар ва туманга 500 миллион сўмлик спорт анжомлари тарқатилди. Бу ҳақда Дарё мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Ёшлар етакчиларининг вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақов билан шаҳар ва туманларда ўтказилган мулоқотлари чоғида маҳаллаларда жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун спорт анжомлари етарли эмаслиги муаммоси кўтарилган эди. Шундан сўнг бу борадаги таклифлар умумлаштирилиб, мазкур муаммони бартараф этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Жорий йил 13 май куни жами 7 миллиард сўмлик 23 турдаги 7 мингга яқин спорт анжомлари ортилган юк машиналари карвони вилоятнинг барча шаҳар-туманларига йўл олди. Бунга бағишланган тадбирда Президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.
Маълумот учун, шаҳар-туманларга етказиб берилган спорт анжомларининг барчаси Наманганда ишлаб чиқарилган.
Изоҳ (0)