Ўзбекистонда ички туризм харажатларини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида аризалар қабул қилина бошлади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Субсидия саёҳат ташкилотчисининг маҳаллий туристларга Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган саёҳатларнинг транспорт чипталари ҳамда меҳмонхона хизматлари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун тақдим этилади.
Вазирлар маҳкамасининг низомига мувофиқ шаклда ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай ариза билан ёзма ёки электрон шаклда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигига мурожаат қилиши талаб этилади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
- ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили), СТИР ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкидаги ҳисобрақами реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар;
- авиа ва темир йўл чипталари учун тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари;
- саёҳат ташкилотчилари томонидан жойлаштириш воситаларида маҳаллий туристларга кўрсатилган хизматлар учун тузилган шартномалар бўйича тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- туристик ваучерларнинг нусхалари;
Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан 2021 йил май ойидан шу кунга қадар 69 та ариза қаноатлантирилган бўлиб, меҳмонхона ва транспорт харажатлари учун жами 521 млн сўм миқдорда субсидиялар ажратилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда жамоа шартномаларига ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш қоидаси киритилиши ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)