Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистоннинг деярли ҳар бир ҳудудида аввалги номи Карл Маркс бўлган мактаб ва қишлоқлар анчагина топилади. Мустақиллик болаларига деярли нотаниш бўлган бу инсон собиқ СССРдан ташқари ҳеч қайси давлатда алоҳида ҳурмат қозонмаган. Айнан у яратган фалсафий ғоя сабаб ХХ аср — ғоявий кураш даври бўлди.

СССР бошлиқ марксистик-коммунистик тузум мамлакатлари АҚШ етакчилигидаги капиталистик альянс билан мафкуравий кураш олиб борди. Бугунги кунда ҳам ўз мафкурасини коммунизм устига қурган мамлакатлар мавжуд. Масалан, Хитой ва Куба. «Коммунистик партия манифести», «Капитал» асарлари билан коммунизм ва капитализм курашига асос солган Карл Маркс ким ва унинг ғояси нимадан иборат эди?

Файласуф, журналист, иқтисодчи ва сиёсатчи

Карл Генрих Маркс 1818 йилнинг 5 май куни Пруссия (ҳозирги Германия)нинг Трир шаҳрида туғилган. Келиб чиқиши яҳудий бўлган Карлнинг отаси Генрих Маркс асли адвокат эди-ю, аммо фалсафани ҳам жуда яхши билар ва айнан у ўғлининг файласуф бўлишида муҳим рол ўйнаганди.

Трирдаги гимназияда дастлабки таҳсилни олган Маркс бу ерда немис, француз, лотин ва юнон тилларини ўрганади. Гимназиядан сўнг Бонн университетига ўқишга қабул қилиниб, тарих, фалсафа ва юриспруденсия бўйича мутахассисга айланади. Олийгоҳдаги йилларида Гегел фалсафаси билан танишган йигитда атеистик ва инқилобий дунёқараш шаклланади.

Фото: «forum.paradoxplaza.com»

Маркс 24 га кирганида антик файласуфлар: Демокрит ва Эпикур фалсафасини ўрганиш бўйича диссертация ёқлайди. Унинг нияти ўзи ўқиган Бонн университетида ўқитувчилик қилиш эди. Бироқ ўша даврда миллатчилик ва буюк давлатчилик кайфияти ҳукмрон бўлган Пруссияда сўл қарашдаги инсонлар (сўллар — ижтимоий тенглик тарафдорлари бўлиб, хусусий мулкчилик, синфий бўлиниш, либерализм, капитализмга қарши бўлган)ни тақиб қилиш бошланди.

Маркснинг устозлари Людвиг Феербах ва Бруно Bauer сўл қарашлари сабаб университетдаги ишидан айрилгач, шогирд ҳам олийгоҳда дарс бериш фикридан қайтади ҳамда Бонндаги мухолиф «Рейн газетаси»га ишга киради. Газетада сиёсий таҳлиллар ёзиш билан шуғулланган Маркс ўзининг иқтисодий сиёсат соҳасидаги билимлари камлигини сезади ва иқтисод соҳасини ўрганишга киришади.

Ёш Карл Маркс

Ёш Карл Маркс
Фото: Pinterest

Ўнг қарашдаги (консерваторлар, ижтимоий тенгсизлик тарафдорлари, капиталистлар, мутаассиблар) ҳукуматни танқид қилувчи мақолалар ёзган Марксга ҳокимият билан ҳамкорлик қилиш таклифи берилади. Бироқ у бу таклифни рад этади-ю, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.

Фридрих Энгельс билан учрашув ва коммунизмнинг пайдо бўлиши

Францияга кўчиб келган Маркс бу ерда ҳамюрти, адабий дўстига айланган файласуф Фридрих Энгельс ва шоир Ҳайнрих Ҳайне билан танишади. Маркс французларнинг радикал ислоҳотчилар гуруҳида ҳаракат қила бошлайди. Бироқ Пруссия ҳукумати Марксни Францияда ҳам тинч қўймайди ва уни бу ерни ҳам тарк этишга мажбур қилади.

Файласуф 1845 йили Бельгиянинг Брюссель шаҳрига кўчиб ўтади. Шу ерда у Энгельс билан бирга коммунистларнинг «Адолатлилар иттифоқи» ташкилотига аъзо бўлади. Ташкилотнинг сўрови билан Карл Маркс ва Фридрих Энгельс ҳаммуаллифликда «Коммунистик партия манифести»ни ёзади. Манифестга кўра, бутун тарих синфий курашлардан иборат бўлиб, яқинлашиб келаётган пролетар (маош эвазига ишловчи ўрта ва қуйи қатлам) инқилоби капитализмни бутунлай йўқ қилади ва меҳнаткашларни дунёнинг янги ҳукмрон синфига айлантиради.

Манифест Лондонда бир неча минг нусхада чоп этилади.

1848 йил бутун Европа бўйлаб инқилоблар (пролетар инқилоби эмас) бошлангач, Бельгия ҳукуматининг қистови билан Маркс яна Парижга келади ва у ердан ватанига қайтади. Энгельс билан қисқа муддат «Янги Рейн газетаси»ни юритган Маркс энди Англияга, Лондонга йўл олади ва умрининг охиригача шу ерда яшайди.

Карл Маркс ва Фридрих Энгельсга атаб қўйилган ҳайкал. Бишкек, Қирғизистон

Карл Маркс ва Фридрих Энгельсга атаб қўйилган ҳайкал. Бишкек, Қирғизистон
Фото: Wikipedia

Айнан Буюк Британияда Карл Маркс коммунистик ва капиталистик жамият кураши ҳақидаги фикрлари баён қилинган кўп жилдлик машҳур «Капитал» асарини ёзади. Маркс бошчилигидаги «Халқаро ишчилар ассосиацияси» анархистлар, француз социалистлари, итальян республикачилар, британ меҳнат бирлашмаларини ўз таркибга олади.

Файласуф умрининг сўнгига қадар дўсти Фридрих Энгельснинг молиявий таъминоти эвазига кун кўради.

Марксизм ўзи нима?

Марксизм — Карл Маркснинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий фалсафа назарияси бўлиб, унга кўра, бутун инсоният тараққиёти синфий (ижтимоий синфлар бу ишчилар, тадбиркорлар, ҳарбийлар, деҳқонлар, ҳунармандлар ва ҳоказо) курашлардан иборат бўлган. Маркснинг фикрича, капиталистлар ва буржуазия вакиллари бошқаларни арзон ҳақ эвазига ишлатади ва осон бойлик орттиради. Маркс капиталистлар ва ишчилар ўртасидаги ҳокимият муносабатлари табиатан эксплуатацияга асослангани ва муқаррар равишда синфий зиддиятларни келтириб чиқариши ҳақида ёзади. У бу кураш охир-оқибат коммунистик инқилоб билан тугаши ва бутун дунёда ишчилар синфи ҳукмронлик қилишига ишонади.

«Мавжудлик онгни белгилайди» формуласига асос солган Маркснинг фикрига кўра, ҳар қандай жамиятнинг асосини ишлаб чиқарувчи кучлар (ишчилар) ташкил этади.

Шундай қилиб, марксизмнинг умумий маъноси синфий курашга, яъни капиталистлар ва ишчилар ўртасидаги курашга қаратилган.

Маркс ва коммунизмни нима боғлаб туради?

Карл Маркс ва Фридрих Энгельс ғоялари барча бойлик ва мулк умумий бўлган (хусусий бўлмаган) синфсиз жамият яратишни кўзда тутувчи коммунизм назариясига асос солди. Маркс жамиятнинг асосий вазифаси ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатларини мувозанатда сақлаш эканини таъкидлайди, йўқса бу ижтимоий инқилобга олиб келиши мумкин. Маркс тарихни тавсифлар экан, қулдорлик, феодал, буржуа ва коммунистик тузумларнинг хусусиятларини ажратиб кўрсатади. Унинг фикрича, коммунизм икки босқичга бўлинади: социализм — коммунизмнинг бошланғич босқичи, иккинчиси: коммунизм — барча молиявий институтлар тугатилган ва умумий мулкчиликка асосланган жамият.

СССРнинг коммунистик пропаганда плакати. Чапдан ўнгга Карл Маркс, Фридрих Энгельс, Владимир Ленин, Иосиф Сталин

СССРнинг коммунистик пропаганда плакати. Чапдан ўнгга Карл Маркс, Фридрих Энгельс, Владимир Ленин, Иосиф Сталин
Фото: History

Маркснинг ғоялари тез орада овоза бўлади, чунки бу даврда Европа қуролланиш пойгасига тортилган, аҳоли, айниқса ишчилар даромади жуда паст эди. Саноат монополлар (Рокфеллер, Роцҳилд, Карнеги, Крупп) қўлида бўлиб, ҳукумат уларни уларни қўллаб-қувватлар, монополлар эса ишчиларига арзимаган маош тўларди. Ушбу вазиятда Маркснинг ғоялари минглаб тарафдорларга эга бўлади. Улардан бири Владимир Ленин эди.

Аммо Маркснинг тириклик даврида капиталистик тузум ҳали анча кучли эди ва шу боис Маркс ўзи орзу қилган инқилобни кўра олмайди. Карл Маркс 1878 йил вафот этади. Унинг машҳурлиги эса вафотидан деярли 40 йил ўтиб бошланади.

1917 йил Россиядаги октябрь инқилобидан сўнг Маркс ғоялари асосида янги социалистик жамият қуришни ният қилган Владимир Ленин мамлакатда Карл Маркс номини улуғлаш кампаниясини бошлайди. У октябрь инқилобини Маркс айтган коммунистик инқилоб эканини таъкидлайди. СССРнинг ҳар бир аҳоли пунктларида Карл Маркс номидаги мактаблар, олийгоҳлар, кутубхоналар, жой номлари ва кўчалар пайдо бўлади. Мактаб дарсликларига файласуфнинг «Капитал» асари ва Фридрих Энгельс билан ёзишмалари киритилади.

СССР Карл Маркс ва Фридрих Энгельснинг хусусий мулкчилик бўлмаган жамиятини қуришга бел боғлайди. Бироқ Ленин Маркс ғояларидан фарқли равишда инқилобга ишчилардан ташқари деҳқон ва аскарларни ҳам жалб қилади ва давлатда «Ишчи, деҳқон ва аскар иттифоқи» кенгашларини ташкил қилади. Қолаверса, советлар Маркс ғояларига цензура ва қатағон сиёсатини ҳам қўшади.

Маркс коммунизми қандай оқибатларга олиб келди?

Карл Маркс ғоялари реалликдан буткул узоқ эди. Инсониятга тарихдаги ибтидоий тузум элементларни қайтармоқчи бўлган файласуф айнан хусусий мулкчилик ибтидоий тўдалар цивилизациясида муҳим рол ўйнаганини ҳисобга олмади. Инсоният хусусий мулкчиликсиз яшаши мумкин эмас эди, бу меҳнат самарадорлигининг кескин камайиб кетишга олиб келарди. Марксизм ва коммунизм ўрнатилган ҳеч қайси давлатда, на СССР, на Хитой ва на Кубада молиявий институтлар ва хусусий мулкчилик бутунлай йўқолмади. Аксинча, бу давлатлар ҳам охир-оқибат хусусий мулкчиликка йўл беришга мажбур бўлди (масалан, Хитой).

Карл Маркснинг тузумни инқилоб, яъни куч билан алмаштириш ғояси эса минглаб инсонлар ўлимига олиб келди. Биргина СССРда марксизм ғояларини амалга ошириш учун феодал, буржуа вакили, капиталист дея миллионлаб инсонлар маҳв этилди. Жамиятнинг энг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлмиш ўрта қатлам деярли йўқ қилинди. Натижада коммунистик СССР ҳеч қачон капиталистик давлатлар билан иқтисодий тенг рақобат қила олмади. Маркснинг иқтисодий назарияси сабаб мамлакат ҳарбий салоҳияти юқори бўлса-да, молиявий жиҳатдан кучсизлигича қолди. Хитойда ҳам Мао Цзэдун бошлиқ коммунистлар миллионлаб кишини аввал ҳарбий инқилоб, кейин эса «маданий инқилоб» номи остида қатл этди.

Мамлакатида инқилоб йўли билан марксизм-коммунизм ўрнатган давлат раҳбарлари ва Карл Маркс карикатураси. Чапдан ўнгга: Иосиф Сталин (СССР), Фидел Кастро (Куба), Мао Цзэдун (Хитой), Владимир Ленин (СССР) ва Карл Маркс

Мамлакатида инқилоб йўли билан марксизм-коммунизм ўрнатган давлат раҳбарлари ва Карл Маркс карикатураси. Чапдан ўнгга: Иосиф Сталин (СССР), Фидел Кастро (Куба), Мао Цзэдун (Хитой), Владимир Ленин (СССР) ва Карл Маркс
Фото: ОпИндиа

Маркснинг умумий меҳнат ғояси мутлақо самарасиз эди. Масалан, СССРдаги колхоз ишчилари умумий мулкни қадрламади ва ишга масъулият билан ёндашмади. Мисол учун колхоз тракторчиси ўз техникасини қадрламас эди, чунки унинг харажатлари ҳам, фойдаси ҳам умумий колхоз ҳисобига йўналтирилар эди. Бундан ташқари, мансабдорлар томонидан умумий мулкни талон-торож қилиш ҳам кучайди. Ишга бир кишининг масъул эмаслиги сабаб ишлаб чиқаришда бошбошдоқлик юз берди. Охир-оқибат коммунизм иқтисодни ривожлантирмади, балки деярли ўлдирди.

Аниқроқ қилиб айтганда, марксизм-коммунизм назарияси амалиётда:
  • давлат барча корхона ва ишлаб чиқаришга эгалик қилади;
  • гарчи баъзи ҳудудларга мос келмаса-да, давлат марказнинг қатъий режаларига биноан иш кўради;
  • истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини инобатга олмайди;
  • шахсий фойдасиз ишчиларнинг самарадорлигини оширишга ҳаракат қилади;
  • нарх механизмисиз талаб ва таклиф ўртасидаги ички мувозанатга эришишга уринади.

Фото: "Дарё"

Карл Маркс, Фридрих Энгельс ва Владимир Лениннинг коммунизм ҳақидаги ғоялари реалликдан узоқ экани аллақачон исботини топиб бўлган. Коммунизм байроқдори ва унинг бутун дунё бўйлаб  тарқатувчиси («Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!») бўлган давлат — СССР аллақачон тарқалиб кетди. Хитой ҳали ҳам коммунистик мафкурага эга бўлса-да, иқтисодда тўла капиталистик бозор қонунларини жорий этган. Маркснинг умумий мулкка эга жамият ғояси утопик социализмнинг бир кўриниши эди, холос.

Ҳозирда Карл Маркс қабри Буюк Британияда жойлашган ва ҳар йили минглаб марксист ва коммунистлар уни зиёрат қилади. 1991 йилгача Совет давлати Британияга файласуфнинг қабрини обод сақлаб туриш учун пул тўлаб келган. Аммо иттифоқ тарқалиб кетгач, бунга ҳеч ким эътибор бермай қўйди.

Шундай қилиб, Карл Маркс ва Фридрих Энгельснинг ғоялари инсониятнинг бир асрлик курашига сабаб бўлди ва охир-оқибат ўзининг пуч эканини кўрсатди. Бироқ ушбу ғоя сабаб миллионлаб инсонлар ҳалок бўлди ва кўплаб мамлакатлар тараққиётда орқада қолиб кетди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Глобал инфляция ўзининг энг юқори даражасига етган — Financial Times
Маданият
Мусиқий чартларни «портлатган» альбом, 4-фарзандини кутаётган оила ва 3 марта турмушга чиққан Бритни Спирс: 2022 йилда Голливуд юлдузлари ҳаётида содир бўлган қуво...
Дунё
Глобал электрон тижорат бозори 2022 йилда 5,8 трлн долларга етиши кутилмоқда