Тошкент ва Андижон шаҳарлари аро йўловчи поезди қатнови яна бир кунга кечиктирилди. Бу ҳақида «Ўзбекистон темир йўллари» хабар қилди.
Қайд этилишича, Фарғона водийсида ноқулай об-ҳаво, тоғли ҳудудларда эса кучли ёғингарчилик кузатилган. Шу сабаб поездлар ҳаракат хавфсизлигини ҳамда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 6 май куни Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган 60/59-сонли йўловчи поезди ҳаракати вақтинча, яъни бир кунга тўхтатилади.
Йўловчиларга харид қилинган чипталари 100 фоиз миқдорда қайтариб берилади.
Шунингдек, водий вилоятларида ҳаракатланадиган электропоездлар ҳаракат жадвалига ҳам ўзгартириш киритилади.
Эслатиб ўтамиз, 5 май куни ҳам Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишида амалга ошириши режалаштирилган поезд қатнови бекор қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона водийсида ноқулай об-ҳаво шароити юзага келгани сабабли ҳамда йўловчиларга ҳаракатланиш учун қулайлик яратиш мақсадида фақат 5 май куни Uzbekistan Airways Фарғона ва Наманганга қўшимча қатновларни амалга оширди.
Аввалроқ кучли ёғингарчиликлар туфайли Қамчиқ довони вақтинча ёпилгани, кейинроқ эса довон йўли қайта очилгани тўғрисида хабар берилганди. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 5 май куни Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишидаги поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган.