Сирдарё тумани Бахт шаҳарчасида 15 март куни кузатилган сув тошқинида 2 та кўп қаватли уй-жой бутунлай яроқсиз ҳолатга келиб қолди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу уйларда яшаётган 22 та хонадон эгаси бошқа жойларга вақтинча кўчирилган. Бошпанасиз қолган фуқароларни қисқа муддатда уй-жой билан таъминлаш мақсадида янги қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларни қурмасдан, ушбу маблағ ҳисобига хонадон эгалари розилиги билан аввалги уйнинг майдонидан кам бўлмаган уй-жой олиб берилади.
Уй-жойларни сотиб олиш билан боғлиқ харажатларга Сирдарё тумани ҳокимлигининг депозит ҳисоб рақамига 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ўтказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 3—4 майда Волгабўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келишини маълум қилганди. Кучли ёғингарчилик сабаб Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келди. Марказ 5 майда ҳам тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши хавфи мавжуд эканини айтиб ўтганди.