Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити» Чемпионлар Лигаси ярим финалида «Реал»га имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди.
Гвардиола мураббийлик фаолияти давомида олтинчи марта ЕЧЛ ярим финалида ўз юришини тўхтатди.
Аввалроқ испаниялик мутахассис 2010 ва 2012 йилда «Барселона» билан, 2014, 2015 ва 2016 йилларда «Бавария» билан ушбу босқичда мусобақани тарк этган.
51 ёшли мутахассис бу борада Жозе Моуриньонинг антирекордини такрорлади. Португалиялик мураббий ҳам фаолияти давомида 6 марта ярим финалда ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлган.
Пеп Гвардиола 11 йилдан буён Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга кирита олмаяпти.
Испаниялик мураббий сўнгги бор 2011 йилда «Барселона» билан «шалпангқулоқ»ни қўлга киритганди. Пеп фаолияти давомида 2 марта ушбу мусобақада зафар қучган.
11 йил давомида Гвардиола фақатгина бир марта 2020/21 йилги мавсумда финалга қадар етиб борган ва «Челси»га имкониятни бой берган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!