Шавкат Мирзиёев 5 май кунги йиғилишда вилоят шошилинч марказларида 40 дан зиёд юқори технологик операциялар йўлга қўйилганини қайд этиб, тиббиёт соҳаси вакиллар билан очиқ мулоқотда тез ёрдам хизматини такомиллаштириш бўйича кўплаб масалалар кўтарилганини кўрсатиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
«Мисол учун, тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича 2021 йилнинг ўзида вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган. Сабаби соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та ‘хўжайини’ бор.
Жумладан, тиббиёт ходимини ‘райздрав’ тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса ‘облздравъга бўйсунади», — деган президент.
Бундай бошқарув тизимида чалкашликлар кўплиги, бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслиги танқид қилинган.