Шавкат Мирзиёев раислигида 5 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тез тиббий ёрдам хизматида юзага келган камчиликлар танқид қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, тизимдаги энг катта муаммо шошилинч ёрдам бемор учун энг яқин тиббиёт муассасасида эмас, балки фақатгина олдиндан бириктирилган саноқли шифохоналарда кўрсатилиши ҳисобланади. Мисол учун, Мирзо Улуғбек тумани, «Қорасув-1» мавзесида «ўткир бош-мия жароҳати» олган беморни, тез ёрдам бригадаси йўлидаги энг яқин шифохона – Республика нейрохирургия марказига эмас, балки Чилонзордаги Республика шошилинч марказига олиб боришга мажбур.
Шунингдек, Фарғона тумани Миндонобод қишлоғида вилоят Кардиология маркази бўлса-да, ушбу қишлоқдаги юрак хуружига учраган беморни тез ёрдам 15 километр йўл босиб, Водилда жойлашган туман шифохонасига олиб боради.
Шу боис тез тиббий ва шошилинч ёрдам тизимини такомиллаштириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилган ва барча ҳокимларга етказилган.
«Лекин аксарият вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари бу масаланинг мазмун-моҳиятини ҳали тўлиқ тушуниб етгани йўқ, айримлари эса тушунишни хоҳламаяпти», — деган президент.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистонда сўнгги беш йилда 2 224 та янги тез ёрдам машинаси сотиб олиниб, транспорт парки 80 фоизга янгиланди
- Ангрен ва Попда очилган тиббиёт марказларида 3 ойда бош мияда 80 га яқин мураккаб операциялар ўтказилди
- Ўзбекистонда 2021 йилда тез ёрдам кечикиши бўйича вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган