Андижон вилояти Пахтаобод туманида 30 апрель куни маҳалладошлар ўртасидаги жанжалда бир нафар фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 14:00 ларда Пахтаобод тумани Қовул кўчасида яшовчи М.Д. (25 ёшли) маҳалладоши Т.Ж. (31 ёшли) билан жанжаллашиб қолган. Тортишув Т.Ж. М.Д.нинг отасини ҳақорат қилгани сабабли вужудга келган. Оқибатда М.Д. автомашинасида бўлган хўжалик пичоғини олиб, Т.Ж.нинг қорин қисмига уриб жароҳат етказган.
Жабрланувчи Т.Ж. олган тан жароҳатлари билан туман шифохонасига олиб келинган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, шифохонада вафот этган.
Жиноят иши бўйича гумонланувчи воқеа жойидан яшириниб, маҳалладаги уйларининг бирига кирган. Ашёвий далилни йўқ қилиш мақсадида уйнинг ҳожатхонасига хўжалик пичоғи ташлаб юборилган. Бир қатор чора тадбирлардан сўнг 1 дона хўжалик пичоғи ҳамда М.Д.нинг эгнида бўлган кийимлар, қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан М.Д.га нисбатан Жиноят кодекснинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, худди шундай ҳолат 24 апрель куни ҳам содир бўлган. Андижон вилояти Пахтаобод туманида қўшнилар девор бузиш масаласида жанжаллашиб қолган. Улардан бири маҳалладошини ошхона пичоғи билан кўкрак ва бошқа соҳаларига уриб, қасддан ўлдирган.