Ота-онасининг пулига қурилган ёки мерос сифатида қолдирилган бизнес ҳикояларини кўп эшитганмиз. Аммо муҳтожлик сабаб бошланган бизнес ҳақида нималарни биламиз? Ҳеч қанча пулсиз, кучли иштиёқ сабаб пайдо бўлган бизнес ҳақида-чи?
Ушбу ҳикоя ҳозирда 20 кишидан иборат жамоани бошқариб, дунёнинг 10 дан ортиқ шаҳрига етиб борган, ойига қарийб 400 килограмм элита шоколади сотадиган, ёшлигида эса аравакашлик қилган йигит ҳақида.
Ҳикоя бироз фантастик кўриниши мумкин, чунки «Qand» бренди асосчиси ва бошқарувчиси Саидакмал Ваҳобов аслида шоколад ишлаб чиқариш ҳақида ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаган. Болалик чоғлариданоқ онаси билан бозорда ишлаб, авиация муҳандислиги бўйича таълим олган. Аммо бизнес ҳақидаги асл ҳақиқат ҳам айнан шу ғайритабиийликда.
— Саидакмал, бозорда аравакашлик қилиб пул топган болакай қандай қилиб шоколад бизнесига келиб қолган? «Qand»нинг яратилиш тарихи ҳақида гапириб бера оласизми?
— Мен бу ҳақида бир-икки маротаба гапирганман, аммо келинг бугунгача сир тутишга уринганларим ҳақида ҳам гапириб берсам.
Бу бизнесга кутилмаганда «келиб қолганим» рост. Мен ҳеч қачон шоколад бизнесини очиш ҳақида ўйламаганман. Ҳаёт қийинчиликларига учраган ва 11 ёшидан бошлаб бозорда арава тортган чустлик болакай бу ҳақида орзу ҳам қила олмасди.
Тасаввурга сиғдириш ҳам қийин. Менинг ҳикоям бозордан эмас, балки бироз аввалроқ – Фарғона водийсидан бошланган.
— Яъни болалик давриданоқ пул топиш ва ишлаш нималигини тушунгансиз, шундайми?
— Ҳа, буларни болаликданоқ тушуна бошладим. 1998 йил отамнинг вафотидан кейин яшаш шароитимиз оғирлашди. Муҳтожликдан ишлашни бошладим, онамни ва ўзимни боқишим керак эди.
Кичик ёшимданоқ меҳнат қилиш нималигини билганман. Елиб-югуриб, Чуст бозорида бир нималар сотардим. Катталарга ёрдам берардим.
Аммо болалигим қишлоқ болалариники каби ҳаётимнинг энг бахтли ва қувончли онларидан бири бўлган.
2000 йил онам қўлимдан тутиб, Тошкентга олиб келдилар. Ўша пайтларда қариндошимиздан бири бозорда ишларди ва ойимни бирга ишлашга чақирган эди.
Шундай қилиб, ёзги таътил пайти биринчи марта Олой бозорини кўрганман. У ерда бизнинг яна бир қариндошимиз ишларди. У мен билан тенгдош эди, лекин ҳамма нарсани биларди ва тажрибаси билан ўртоқлашарди. Айнан у менга аравакашлик касбини ўргатган.
— Катта шаҳар сизни чўчитмаганми?
— Ўша пайтларда Олой бозоридан ташқарига чиқмаганим учун Тошкент мен учун катта шаҳар сифатида гавдаланмаган.
— Кўчиб келишни истамаганмисиз? Пойтахтда яшаш кўпчиликнинг орзуси-ку…
— Тошкентгами? Йўқ, истамаганман. Бироқ бу ерга келганимиз учун онамдан жуда миннатдорман.
Агар бундай бўлмаганида, эҳтимол, мен Чустни муҳожир сифатида тарк этиб, ҳозир Россияда ишлаб юрган бўлардим — бу биз томондагилар учун одатий ҳол. Ҳозирги даражагача ҳам кўтарилмаган бўлардим. Олийгоҳда ўқиш, олий маълумотли бўлиш мен учун ушалмас орзу бўлиб қоларди.
Тошкентга биринчи кун кўчиб келганимизда мактабга боришим биланоқ дўстлар орттира бошладим. Улар олийгоҳга кириш учун тайёргарлик кўришаётганини кўрардим. Шунда мени ҳам олийгоҳга кириш истаги чулғаб олди. Қўшимча дарсларга боришга ҳам ўзим қарор қилдим. Бу учун пулни онамдан сўрамасдан, ўзим ишлаб топа бошладим. Ҳар куни мактабдан кейин Олой бозорига бориб, аравакашлик қилардим.
— Бозорнинг ўзида яшаганмисизлар?
— Ҳа, ёзги таътилга чиққанимда ва кўчиб келганимизга икки ой бўлиб қолганида Тошкент мактабларидан бирида ўқирдим. Кунлар оддий ўтиб борарди. Онам мактаб кийимларимни ҳожатхонада ювардилар, дарсларимни раста орқасида қилиб, сўнг мактабга кетардим.
Синфдошларим кўриб қолмаслиги учун мактабни атайин узоқроқдан танлаганман. Ёзги таътилда биринчи марта бу ерга ишлашга келганимда қийинчиликлар бўлган, бу мени бироз эсанкиратиб қўйган эди. Чунки Чустда яшаган пайтларимиз дўстларим билан бозорда ишлайдиган болакайларни кўрсак, уларнинг устидан кулардик, аравакашлик қилиш – уятли иш эди биз учун.
Кейинчалик ўрганиб кетдим. Шундан пул топардим, ахир. Бозорда ўтказган биринчи ёзги таътилимда 35 минг сўм ишлаб топганман. Бу пуллар бир болакай учун кўп эди. Ўз пулларимга Чустга қайтдим, костюм-шим, оқ кўйлак, барча керакли мактаб қуролларини сотиб олдим.
Яъни ўша пулларга мактабга тайёргарлик кўрдим. Бундан жуда фахрланганман ўшанда. Ёдимда: ўзим учун Армани камарининг сохта нусхасини қимматга сотиб олгандим. Ўша камар менга жуда ёқиб қолганди.
— Бундан келиб чиқадики, 11 ёшда болалигингиз тугаган. Шундайми?
— Ҳа, шундай. Мана ҳозир деярли 11 ёшгача бошимдан ўтказганларимни эсласам, кейинги 20 йил ичидаги хотираларим бунчалик чуқур из қолдирмаганини англайман. Биз кўчаларда чопиб юрардик, уришардик, қўшни уйнинг ҳовлисидан довучча ўғирлаб ердик. Том устида югуриб юрардик. Бир марта кавшарлагич ёқиқ қолган бир уйни ёқиб юборишимга бир бахя қолган.
— Бу ҳақида нега кулиб гапиряпсиз?
Бу ҳикоямнинг бир қисми-ку, ахир. Мен мана шуларнинг барчасини кўрмаганимда, бадавлат харидорлар бозорида ишламаганимда бугун Qand яралмаган бўларди.
— Бирор-бир янгиликни яратишда ўз муваффақиятингизни нима билан боғлайсиз?
— Бу, ўйлашимча қондан ўтади.
— Отангизданми?
Ҳа, бувамдан ҳам. Бувам Чустга газ олиб кирган одам эди. У ерда авваллари газ бўлмаган, бувам туфайли у ҳозир бор. Биласизми, нотўғри гаплар тарқалмаслиги учун у инсон ҳатто ўз уйига газ ўтказмаган эди ўшанда.
Бундай олиб қараганда, оилам тарихи жуда ажойиб. Дадам ҳам, бувам ҳам омадли кишилар бўлишган. Дадам Москвада ўқиганлар, Намангандаги университетда дарс берганлар, илм-фан билан шуғулланганлар. 1996 йили хорижий компанияга 5000 долларга сотилган технологияни яратганлар.
— Мана сиз айтяпсизки, пул топиш ва кун кечириш учун ишлашга кетгансиз. Эрта катта бўлиш ва пул топишга мажбур бўлиш – бола учун жуда мураккаб йўл.
— Ўша пайтлар ишлаганимда бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Мен бу йўлни қийинлаштирган катталардан кўпроқ ранжирдим. Масалан, бизнинг ҳуқуқларимиз учун «курашган», аммо ҳамма пулларимизни биздан тортиб олган ўша даврдаги милиция ходимлари ишлайдиган йигитчаларга индамай кўз юмар эди.
Болалар ночор ҳаёт туфайли ишлашга мажбур бўлиши кундек равшан-ку. Гўёки бизни ҳимоя қилишни ниқоб қилиб олган бу коррупция мени жуда ташвишга соларди. 11 яшар болакайни яна кимдан ҳимоя қилиш мумкинлиги тушунарсиз эди — бозорданми ё милициядан… Биз улардан қочардик, улар бизни тутиб олишарди, кейин топган пулларимиздан айрилардик.
— Демак, бозор сиз учун ҳаёт мактабини ўтади…
— Албатта. Мен айнан мана шу ерда кўпгина бадавлат одамларни кўрдим. Олой бозори харидорларининг асосий қисми ўзига тўқ аҳоли қатламидан иборат экани ҳеч кимга сир эмас. Эсимда: ҳатто ҳозирги энг юқори мартабали кишилар ҳам биздан харид қиларди. Ўзбек оиласи учун бозор – бу шунчаки харид жойи эмас, балки у анъаналарни, мулоқотни акс эттирувчи жойдир.
— Яъни бадавлат кишиларни кўрган кичик Саидакмал ҳам бой бўлишни истаганми?
— Ҳа. Бундан ташқари, бу ерда маҳсулотларни фарқига бора бошладим. Кунига 6-7 та харидор билан ишлардим, аввалига уларнинг ортидан арава тортдим. Кейинчалик уларнинг ўзлари харидни етказиб беришни менга ишониб топширишди.
Мана шу менинг биринчи бизнесим — бозордан маҳсулот сотиб олиб, уни етказиб беришдан бошланган. Мен уни Instagram’га, машҳур иловалар пайдо бўлмасидан ва онлайн савдо урфга кирмасиданоқ жойлаб бўлгандим.
Менга шунчаки керакли маҳсулотлар рўйхатини жўнатишарди, буюртмачиларим таъбини яхши билиб олган эдим. Кунига 5 тагача катта буюртмаларни етказиб берардим. Янги йил арафасида 20 тагача буюртма тушарди. Ёрдамчилар олдим, улар ҳозир алоҳида жамоа ва ҳозиргача ишлашади. Аммо мен бу бизнесга кўп аралашмайман.
— Камбағал бўлиб қолишдан қўрқасизми?
— Мен буни истамаслигим аниқ. Аммо пулим тугаб қолса, нима қиламан деб ҳеч қачон ўйлаб ўтирмаганман ҳам — банкрот бўлишдан қўрқмайман, керак бўлса, ҳаммасини бошидан бошлашга ҳам тайёрман.
— Элита шоколад ишлаб чиқариш ғояси қандай пайдо бўлди?
— Бунга бир кулгили ҳодиса сабаб бўлганди. Бозордан маҳсулот сотиб олиб, уни етказиб бериш билан шуғулланиб юрган вақтимда бир буюртмачи аёл мендан Patchi шоколадини топишимни илтимос қилди. Шаҳардан базўр 900 граммини топдим.
У менга татиб кўришим учун бир донасини берди. Шоколад қадоғини очар эканман, унинг сифатидан ҳайратда қолгандим. Тишлаб кўрдим ва билдимки, унга туршак ва писта қўшилса, янада мазали бўлиши мумкин.
Шу заҳоти ижарачи одамларга қўнғироқ қилдим. Бир жойни ижарага олдим, таъмир ишларини бошлаб юбордим ва 3-4 ойдан кейин худди ўша Олой бозоридаги кичик бинода Ўзбекистон қуруқ мевалари билан шоколад ишлаб чиқариб кўрдик. Ҳозирги кунда у 10 нафар мутахассис, шоурумда ишлайдиган алоҳида жамоа билан ойига 500 килограммгача маҳсулот чиқара оладиган цехга айланди.
— Ҳозирда «Qand» шоуруми шаҳарнинг ўта замонавий қисмида жойлашган. Бу жойни қандай қўлга киритгансиз? Тушунишимча, у ердаги кўчадан жой олиш, бирон-бир таниш-билишсиз иш очиш бироз қийинроқ. Яқинда велосипед йўлаги туфайли йўлнинг нариги томонидаги ресторанларни бузмоқчи бўлганларида жанжал чиққанди.
— Бу менга қарашли жой эмас. Биз ижарачимиз. Қурилишга келадиган бўлсак, ҳа, бироз қўрқув ва таваккал билан қурилиш ишларини бошлагандик ўшанда. Кўндириш жараёни узоқ давом этган, охир-оқибат йўлини топганмиз.
— Бу омадми ёки тасодиф?
— Омад десак ҳам бўлади.
— Таниқли одамлар қачондан бери сизни танишни бошлаган?
— Болалигимдан, Олой бозоридан. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги Qand’нинг содиқ харидорлари.
— Бу ёрдам берадими?
— Албатта. Кимдир мени ўз танишларига тавсия қилади, бугунги кундаги мижозларимнинг кўпи тавсия орқали харидор бўлган.
— Демак, бу омад эмас экан-да?
— Бу омаднинг ўзи. Агар сизни кимдир тавсия қилса.
— Тўғридан-тўғри бир савол бераман. Суҳбатгача бизнес нуқтаи назаридан сизни бир таниқли аёл қўллаб-қувватлагани ҳақида гапирган эдингиз. У сизга энг катта ёрдамни кўрсатган экан. Ҳозирда унинг алоқалари ёки танишлари сизга ёрдам берадими?
— У аввалига яқин алоқалар билан эмас, балки билим ва пул томонлама ёрдам берган. 2018 йили ускуна сотиб олишим керак эди. Ҳеч нарсасиз жойда цехни ишга туширдим. У ернинг таъмирига кўп пул кетган, бундан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида ҳам ҳеч қандай режам ҳам йўқ эди. Ускуна 3 900 доллар турарди. Ўша пайтда буюртмачиларимдан бири мендан 3 500 доллар қарз бўлиб, қайтариб бермаган. Шундан сўнг мен ўша аёлга қўнғироқ қилдим ва бир одам мендан қарздорлигини, қайтариши биланоқ унга беришимни айтдим. У рози бўлди. Ундан пул олиб, ускуна сотиб олдим, жойлаштирдим ва олға ҳаракатлана бошладим.
— Демак, Олой бозорида орттирган танишларингиздан ёрдам сўрамадингиз?
— Бирор нимага танишлар орқали эришиш тушунчаси менда йўқ, аммо бизнес тузилма қуриш учун танишларимдан маслаҳат олдим, кўпгина саволларимга жавоб топдим. Олой бозори орқали танишган кўпчилик танишларим аллақачон ўзининг муваффақиятли бизнесига эга эди. Уларнинг тажрибалари менга жуда катта ёрдам берди.
— Бир нарсани тушунмоқчиман, худди сиздек элита бизнесини, айтайлик, қандайдир Фарҳод исмли йигит танишларсиз ва алоқаларсиз, пулларсиз ва маълумотсиз йўлга қўйиши мумкинмиди? У нималарга эришган бўларди?
— Унга қийин бўларди, эҳтимол. Аммо алоқалар билан ҳам менда осон бўлмаган. 11 ёшимдан бошлаб бошдан ўтказганларим учун тақдиримдан миннатдорман. Ҳавас қиларли болалик даврида яшамаган бўлсам ҳам у менга яхши ҳаёт мактабини ўтади. Кичик ёшимдан бошлаб мулоқотлашишни ва таниш орттиришни бошладим.
Эҳтимол, шу туфайли имкониятим каттароқ бўлгандир. Аммо мен «Qand» таниш-билишчилик орқали қурилган деган фикрга мутлақ қўшилмайман. Ҳаммаси маҳсулотдан бошланган. Очилишгача махсус рецептни қайта-қайта қилавериб, тунларни цехда ўтказардим.
Муаллифлик шоколади — бу қунт ва сабр билан қилинадиган меҳнатдир. Умуман олганда, мен бу бўйича ҳеч қаерда ўқимаганман, шунчаки ўз сезгиларимга, ҳисларимга ишониб, бозорга бирон-бир янгилик киритишни истаганман.
— Аммо пулни катта одамлардан олгансиз.
— Банкдан кредит олишдан кўра улардан қарз олишим қулайроқ эди.
— Яъни уларнинг сизнинг бизнесингизга ҳеч қандай алоқаси йўқми?
— Ҳа, менинг бизнесим бадавлат кишилар учун. Аммо мен қачонлардир алоқалардан фойдаланганим учун у (бизнесим) кимдандир қарздор эмас.
Агарда ҳар қандай Фарҳод ёки Саид ўз устида ишлаб, ўз маҳсулотига масъулият билан ёндашса, натижага эришади, албатта. Қатъий ишонаманки, агарда у бозорга сифатли маҳсулот берса, танишлари борми ёки йўқ, мақсадига эришади.
— Агар шундай катта одамлардан бири эртага ўз улушини талаб қилса нима бўлади?
— Қатъий талаб қилсами? Бунинг иложи ёқ, бизнинг шоколадимиз – бу менинг муаллифлик рецептим, ғояларим. Танлов ҳуқуқисиз бизни актив сифатида сўрайдиган бундай катта одамлар учун манфаатли эмасмиз. Францҳиза ёки дистрибюторлик бўйича ҳамкорликни таклиф қилишса, келишувларга доим тайёрман.
— Ҳаётингизда «бу ишни ташла, шуғулланма бундай иш билан» деб ҳеч айтишганми?
— Ҳар доим айтишган. Ҳамма дўстларим, ҳамма яқинларим. Сенга керакми шу, нима қиляпсан ўзи, пулларингни нимага сарфлаяпсан, деган гаплар. Бу ҳали мактаб пайтларидан, тўгаракларга борганимданоқ бошланганди.
Уйимдагилар нима учун у ерга қатнашимни тушунмасдилар. Кейин рақс билан ҳам шуғулландим. Кейин эса биринчи бизнесим. Иккинчиси... «Қўй шуни, ташла бу ишни» дейдиган кимдир ҳар доим топиларди.
— Яъни сиз бутун умр қасдма-қасд иш кўргансиз?
— Мен нимани хоҳласам, нимани орзу қилсам ва нимага аниқ ишонсам, шуни амалга ошираман.
— Ўз бизнесингизни бошлаганингизда ҳатто бизнес режангиз ҳам бўлмаганини айтгандингиз?
— Бўлмаган. Шунчаки миямда қаерга қараб ўсишимиз кераклиги ҳақида аниқ режа бор эди. Агар мен ўша пайтда бизнес режага қаттиқ бош қотирганимда ҳеч нарсани бошламаган бўлардим. Аммо ҳозир буни ҳеч кимга тавсия қилмайман.
— Ёмон томонларингиз борми?
— Албатта. Мана, масалан, молия борасида нўноқроқман.
— Дангасаман. Дангасалик ўсишга хизмат қилади дейиш модага айланди, аммо у менга ҳеч қандай ёрдам бермаган пайтлар кўп бўлган.
Яна мен – бизнес фанатиман. Ва менинг баъзи қарорларимни мантиққа сиғдириб бўлмайди. Масалан, биз ҳозир шоколад учун итальян фольгасини сотиб олдик, тахминан. 50 000 доллар пул сарфланди бунга. Шу билан бирга, нархларни икки карра оширишни режалаштираётганимиз ҳам йўқ. Бу сифат учун киритилаётган сармоядир.
Қарор осон қабул қилинмади, аммо мен бундай ишларда жуда қайсарман.
— Аксинча, люкс қимматбаҳо товарлар юксак қадрланади-ку. Қанча қиммат бўлса, шунча яхши.
— Ҳа шундай, мен буни узоқ вақт тушунмаганман ва ўзимга ўзим зарарга ишлаганман. Ўшанда бир килограмм маҳсулот 340 000 сўм бўлиб, нархни кўтаришга жуда қўрққанман. Сумма ташвишлантирарди. Зиёнга ишладим. Охиригача нархларни сақлаб турдим.
Кейин нархларни кўтаришга тўғри келганда харидорлар сони ҳам кўпайди, олдингилари эса менга кўпроқ ишонишни бошлади.
— Кунига нечта одам харид қилади? Кўпинча совға учун олишса керак?
Келинг, бошқачасига айтайлик, нолга тушиб қолишимиз учун камида 150 килограмм сотишимиз керак бўлади. Ҳайратланишингиз мумкин, аммо маҳсулотларимизни асосан уйга олишади, бу шоколад кўринишидаги ўзгача бир илтифот.
Ўтган йил ноябрь ойида жами 500 килога яқин маҳсулот сотдик.
Энг қизиғи, мен қанча даромад кўришимни ўзим билмайман. Яшашга ва жамоа учун етади, қолгани бизнес ривожланиши учун кетади. Аммо биринчи миллион доллар даромад ҳали олдинда.
— Шоколадингиз нечта мамлакатда бўлган?
— Ҳисобламай қўйганман. Бизни Ўзбекистонни эслатиб турадиган эсдалик сифатида олиб кетишлари мени бахтиёр қилади ва янада илҳомлантиради.
— Чуст, Фарғона, Самарқанд ёки бирор-бир бошқа кичик шаҳардан келган болакай ўзига қандай ишониши керак?
— Шунчаки агарда сен ўзингга ўзинг ишонмасанг, сенга ҳеч ким ишонмаслигини англаб етиши ва ўз вақтида ҳаракат қилиш керак.
— Нима учун Ўзбекистонда сифатли ва ҳамёнбоп шоколад яратилмаган?
— Яратилган, Craffers ўз сегменти учун жуда яхши маҳсулот. Мазали, сифатли шоколад қилиш – қийин, чунки хом ашё қиммат. Бундан ташқари, мураккаб логистика ва кадрлар етишмовчилиги ҳам бор.
— Patchi’дан кўчирганман, деган ҳис ўтганми ҳеч?
— Мен ҳар доим очиқ гапираман, мен улардан илҳом оламан. Аммо биз энг бошиданоқ улардан нусха олмаганмиз. Менинг мақсадим машҳурлик даражасига ва ушбу бренднинг тизимлашишига эришишдир. Уларнинг натижаси эса мени ҳайратга солади. «Qand» — бу Бельгия шоколади ва Ўзбекистоннинг сараланган қуруқ меваларидан қилинган йирик маҳсулот қатори.
Ишонаманки, Ўзбекистон – қуруқ мевалар сегментида энг зўри, бизнинг маҳсулотларда эса иккала бозор ва мамлакатнинг профессионаллари бирлашган.
— Кўрсаткичлар нуқтаи назаридан қандай режаларингиз бор?
— Жорий йилда – кўламни кенгайтириш. Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва оптималлаштириш. Ҳозирда экспортга ҳаракат қилишнинг айни вақти. Янги бозорга чиқишнинг ҳозирча кераги йўқ. Биз МДХни, кейин эса Европани қамраб олиб, яна янги минтақаларга чиқишни истаймиз.
— Маҳсулотлар қаторида яна нималар ўзгаради? Шахсан ўзингизга ёқмайдиган, аммо яхши сотиладиган нимадир борми?
— Йўқ, маҳсулотлар менга тўлақонли ёқади, йўқса у пештахтада турмаган бўларди. Аксинча бўлган маҳсулотлар бор – менга ёқадиган, аммо камроқ талабдаги. Бунда мен харидорга қулоқ солишни, ассортиментни кенгайтиришни ва аудитория хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда маҳсулотни янада яхшилашни лозим топаман.
— Бир кун келиб Ўзбекистондан кетиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
— Йўқ. Мен саёҳат қилишни севаман, аммо кетиш ҳақида ўйламайман. Балки, франшизани йўлга қўйсак, бир неча мамлакатларда яшаб кўрарман. Ўзбекистондан ташқарида дистрибюторлик очиш таклифига доимо розиман. Яна менда архитектура билан боғлиқ бир орзу ҳам бор. Мана шу орзум сабаб бир кун келиб бутун дунёни, албатта, айланиб чиқаман, аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта.
Мадина Рузматова суҳбатлашди
Изоҳ (0)