Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 17 апрель куни бир гуруҳ ҳайдовчилар автомобиль йўлида дрифт қилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, шу куни соат 22:30 ларда Юнусобод тумани Истиқлол кўчасида бир нечта автомашина дрифт қилиб, хавфли вазиятни юзага келтирган. Оқибатда М.Н. исмли ҳайдовчи (1999 йилда туғилган) ўзига тегишли Nexia-3 автомашинасининг рул бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги темир устунга урилиб тўқнашув содир этган.
Тўқнашувда ҳайдовчи жароҳат олмаган. Лекин ички ишлар органларига хабар бермасдан, ҳодиса жойидан кетиб қолган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарликни содир этган қолган автомашиналарни аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)