Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги масъуллари аралашуви билан Россияда меҳнат қилаётган бухоролик ўзбек муҳожири фарзанди болалар боғчасига борадиган бўлди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаеванинг маълумот беришича, вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ 2022 йилнинг 6—13 апрель куни Россияда бўлиб, хорижда меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирлари ҳаётини ўрганган.
«Биз ҳар бир ватандошимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг меҳнат шароитлари ва имкониятларини ўргандик. Уларни қийнаб келаётган муаммоларга кўмак бериб, ўзбекистонликлар хорижда ҳам эътиборимизда эканини кўрсатдик», — дейди вазирлик ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева.
Мавжуда Мирзаеванинг маълумот беришича, Россиянинг Ленинград вилоятида меҳнат қилаётган бухоролик Жонибек Иброҳимов ёш фарзанди Умирбекни ота-онаси қарамоғида қолдириб, ўзи ва турмуш ўртоғи Россияга ишлашга кетган.
«Биз Россияда бўлиб, юртдошларимизнинг ишлаш шароити билан танишиб юрганимизда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан бўлган Жонибек Иброҳимов айни кунда ўзи ва хотини Россияда ишлаётганини, фарзанди Умирбек болалар боғчасига чиқолмаётганини айтиб, кўмак сўраганди. Биз Россиядан қайтганимиздан сўнг, атайлаб Бухорога бордик ва Жонибек Иброҳимовнинг муаммосини ҳал қилдик», — дейди вазирлик вакили.
Қоракўл туман Мактабгача таълим бўлими масъули Маҳмуд Қуллиевнинг айтишича, Жонибек Иброҳимовнинг фарзанди ҳужжатлари тайёрланган бўлиб, Умирбек уч иш кунида болалар боғчасига қатнай бошлайди.
Изоҳ (0)