Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

АҚШнинг Арлингтон шаҳрида 17 апрель кечаси профессионал бокс оқшоми бўлиб ўтди.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Кечанинг марказий жанги ярим ўрта вазн (-66,6 кг) тоифасида IBF ва WBC чемпиони Эррол Спенс (28-0, 22 КО) ва WBA камари соҳиби Йорденис Угас (27-5, 12 КО) ўртасида кечди. Эррол 10-раунддаги техник нокаут эвазига Йорденис Угас устидан ғалаба қозонди.

Узоқ муддатли танаффусдан сўнг рингга қайтган 32 ёшли Спенс рақибидан фаолроқ ҳаракат қилди ва ҳужумда кўпроқ вақт ўтказди. 35 ёшли Угас эса жангнинг биринчи ярмида қарши ҳужумларда муваффақиятли иштирок этди. 8-раундда Угаснинг деярли ёпилиб қолган ўнг кўзини текшириш учун жанг тўхтатилди. Аммо шифокорлар жангни давом эттириш учун рухсат берди. 10-раундда ҳакам кубаликнинг кўзи жароҳатлангани сабаб, яна жангни тўхтатди. Бу сафар шифокорларнинг тавсиясига кўра жанг тўхтатилди ва Спенс техник нокаут эвазига ғалаба қозонди.

Шу тариқа Эррол IBF ва WBC камарлари ёнига WBA титулини ҳам қўшиб қўйди. WBO камарига Теренс Кроуфорд эгалик қилади.

Спенс бундан аввалги сўнгги жангида 2020 йилнинг декабрида Данни Гарсияни енганди. Угас эса охирги марта 2021 йилнинг августида Мэнни Пакьяога қарши жанг қилиб, уни мағлуб этганди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вазн тоифасида (-66,6 кг) ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоров (18-1, 10 КО) ҳам фаолият олиб боради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар