Футбол бўйича Испания чемпионатининг 32-турида «Реал» «Севилья» устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ушбу учрашувда мадридликлар ҳужумчиси Карим Бензема ғалаба голи муаллифига айланди. Шу тариқа француз «Реал» сафидаги голлари сонини 217 тага етказди ва жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 3-ўринга кўтарилиб олди. Бензема Альфредо ди Стефанони (216 та гол) ортда қолдирди.
«Қаймоқранглилар»нинг энг яхши тўпурари Криштиану Роналду ҳисобланади. Унинг ҳисобида 311 та гол мавжуд. Рауль эса 228 та гол билан 2-ўринни эгаллаб турибди.
34 ёшли Бензема жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида 39 та ўйинда иштирок этиб, 39 та гол муаллифига айланди.
Шунингдек, Карим Бензема Ла Лигадаги голлари сонини 25 тага етказди ва шахсий рекордини ўрнатди. Ҳужумчи сўнгги бор 2015/16 йилги мавсумда 27 ўйинда 24 та гол урганди. Шу вақтга қадар ушбу натижа унинг Ла Лигадаги энг яхши натижаси бўлиб турганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)