Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда хизматлар соҳасига доир қатор вазифалар топширди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.
Қайд этилишича, хизматлар соҳасида аввал ажратилиб, қайтарилган 360 миллиард сўм ресурслардан бугунги кунга қадар атиги 9 миллиард сўми (ёки 3 фоизи) янги лойиҳаларига йўналтирилган. Хизматларни ривожлантириш учун банкларга жойлаштирилган ресурслар бўйича аввалги фоиз (10 фоиз) ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш топширилган. Тадбиркорлик жамғармасининг тадбиркорларга компенсация тўловларини кенгайтириш учун жамғармага 400 миллиард сўм, кейинчалик яна 500 миллиард сўм йўналтириш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, хизматлар соҳаси учун Миллий банк томонидан жалб қилинган 200 миллион доллар ҳисобидан тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Бунда кредит ставкаси Тадбиркорлик жамғармаси компенсацияси билан 18 фоиздан ошмайди.
1 декабрга қадар юқорида қайд этилган маблағлар тадбиркорларга тўлиқ берилиши шартлиги белгиланган.
Шунингдек, вилоятларда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банкларига 300 миллион доллар ресурс берилади. Ушбу маблағлар энг яхши шартларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш таклифи билан чиққан давлат ва хусусий банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валюта – сўмда жойлаштирилади. Кейинчалик ушбу кредитлар тадбиркорларнинг тажрибаси, уларнинг олдинги натижаларига қараб 5 миллиард сўмгача, кредит ставкасини 14 фоиздан оширмаган ҳолда берилади.
Бундан ташқари, нобанк молия ташкилотлари бўйича янги қонун кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш бўйича катта имкониятлар эшигини очиши алоҳида таъкидланган.
Изоҳ (0)