“Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов, шунингдек, хонандалар Достон Эргашев ва Асилбек Амануллоҳ ижросидаги қўшиқлардан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланган диджей қонунчиликка мувофиқ жаримага тортилди.

Хабар берилишича, “Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов ва хонандалар Достон Эргашев ижросидаги “Уйланамиз”, шунингде,к Асилбек Амануллоҳ (Негматов) ижросидаги “Оппоқ ака” номли қўшиқлар фуқаро И.Рузиев томонидан муаллифнинг рухсатисиз ҳамда тегишли ёзма шартнома тузмаган ҳолда, Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган тўй-маросимлар марказида омма эътиборига ҳавола этилгани аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддасининг биринчи қисми билан жарима жазоси тайинланди.
Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Бундан аввал хонанда Феруза Каримова қўшиқ ижросида шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун муаллифга 40 млн сўмдан зиёд тўлайдиган бўлганди.
Шунингдек, Райҳоннинг “Яхшимасми” қўшиғида шеърдан муаллиф рухсатисиз фойдаланилгани аниқланганди. Шоир “Шамсиддин Садоий”нинг Адлия вазирлигига қилган мурожаати асосида “Давлатинг борида”, “Омонат” ва “Тингла дўстим” номли шеърлари хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилгани аниқланган. Яна бир машҳур шоир хонанда Ботир Қодиров устидан Адлияга шикоят қилган.
“Абдуссамий” тахаллуси билан билан танилган шоир Шоҳрух Абдувоҳидовга тегишли “Қизғанаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ҳамда “Дилдора” номли шеърлар хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилган.
Куни кеча эса Манзура ва Муроджон Йўлдошев “Азизим” қўшиғини муаллиф рухсатисиз куйлагани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)