Англиянинг “Ливерпуль” клуби марказий ҳимоячиси Иброҳим Конатега янги шартнома таклиф этди. Мерсисайдликлар футболчининг ёзги трансфер ойнаси ёпилишидан аввал (1 сентябргача) ўз қарорини билдиришини истамоқда. Бу ҳақда журналист DaveOCKOP ўзининг Х (аввалги Twitter) саҳифасида хабар берган.

Манбага кўра, клуб раҳбарияти Муҳаммад Салоҳ билан боғлиқ ҳолатнинг такрорланишини хоҳламаяпти. Маълумки, ўтган мавсумда Салоҳнинг шартномасини узайтириш жараёни анча чўзилганди.
Агар Конате янги шартномага рози бўлмаса, “Ливерпуль” уни трансфер ойнаси ёпилишидан олдин 35 миллион фунт стерлинг (тахминан 40,6 миллион евро) ёки ундан юқори нархда сотишга тайёр. Клуб футболчини мавсум якунида эркин агент сифатида бепул қўйиб юборишни истамайди. Франциялик ҳимоячининг амалдаги шартномаси 2026 йил ёзигача мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳимоячига Мадриднинг “Реал” клуби жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унга кўра, “қироллик клуби” Конате учун 25 миллион евро тўлашга тайёр
- Иброҳим Конате “Ливерпуль” сафида 2021 йил ёзидан бери тўп суради.
- У шу давр мобайнида барча мусобақалар доирасида 134 ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 5 та гол ва 4 та голли узатма ёздириб қўйган.
- Transfermarkt портали футболчининг қийматини 60 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)