Global NCAP халқаро ташкилоти навбатдаги краш-тестлар сериясини ўтказди. Бу сафар мутахассислар Ҳиндистон бозори учун тайёрланган базавий Hyundai Creta’ни мустаҳкамлик синовидан ўтказган. Кроссовернинг мазкур версияси конструкция жиҳатидан Россия бозори учун чиқарилган вариантга ўхшаш. Экспертлар олд йўловчилар, шунингдек, болаларнинг хавфсизлиги етарлича таъминланмаганини қайд этди, деб хабар беради Motor.
Краш-тестлар давомида Hyundai Creta соатига 64 километр тезликда деформацияланувчи 40 фоизли қопламага эга тўсиқ билан тўқнашган. Синовлар учун кроссовернинг фронтал хавфсизлик ёстиқчалари, камар таранглаштиргич ва АBС тизими билан жиҳозланган базавий версияси танланган. Зарба оқибатида автомобилнинг мотор бўлмаси жиддий деформацияга учраган. «Айрбаглар» ишлаганига қарамай, мутахассислар олд йўловчиларга жиддий юклама тушганини қайд этган. Ҳайдовчи ролини бажарган манекен кўкрак қафаси, оёқ ва сонидан жароҳат олган. Шу билан бирга, бош ва кўкрак қисми хавфсиз қолган.
Машинанинг орқа ўриндиғидаги махсус креслога қотирилган бир ярим ва уч ёшли «болалар»га ҳам юклама тушган. Кичик манекен етарлича ҳимояланган бўлса, каттароқ «бола»нинг хавфсизлигига экспертлар қониқарсиз баҳо қўйган. Синовлар натижасига кўра, Creta’нинг базавий модификацияси орқа йўловчилар учун 49 баллдан 28,29 балл, олд йўловчилар учун эса 17 дан 8 балл тўплаган.
Бундан олдин Toyota кроссовери краш-тестлардан аъло даражада ўтгани, Tesla Модель 3 велосипедчи билан тўқнашувнинг олдини олиш тестидан ўта олмагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)