Шавкат Мирзиёев 28 март кунги соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Унда вакант лавозимларга ходимлар жалб этиш тизими танқид қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби.
Қайд этилишича, йиғилишда 56 та тумандаги 243 та олис ва чекка маҳаллада 562 та оилавий шифокор лавозими вакант бўлиб турганига эътибор қаратилган. Хоразм, Қашқадарё, Бухорода бўш ўринлар анча юқори бўлса-да, апрель ойида ушбу вакант лавозимларга мутахассис жалб этиш умуман режа қилинмагани кескин танқид қилинган. Айтилишича, Тошкент вилоятида йил якунига қадар 70 та олис ва чекка маҳаллада тиббиёт пунктини ташкил этиши лозим бўлса-да, бу борада апрель ойи режасида бирорта амалий вазифа йўқ.
«Ҳар бир вилоят ҳокими тиббиёт масалалари билан шахсан шуғулланиши шарт ва улардан сўров қаттиқ бўлади. Энди ҳар ой бошида қилинган ишлар ва янги ой режаларини ўзим эшитиб бораман. Очиқ мулоқотдан кейинги ўзгаришларни нафақат тиббиёт ходимлари, балки ҳар бир хонадон сезиши шарт», — дейди президент.
Изоҳ (0)