Россия Европа кенгашидан чиқариб юборилганидан сўнг, мамлакатда ўлим жазосини қайта тиклаш учун ҳеч қандай чеклов қолмади — «жамият ҳаётида нимадир ўзгарса» мораторий қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев «РИА Новости»га берган интервьюсида маълум қилди.
«Ҳозирги вазиятга қайтадиган бўлса, у қандай бўлса, шундай: халқаро асослар йўқолди, Конституциявий суднинг ички ҳуқуқий позицияси бор. Ушбу ҳуқуқий позициялар амалдаги ҳуқуқий тартибга, ҳозирги жиноят ҳолатига асосланади. Мен барчаси тинч бўлса, ушбу ҳуқуқий позициялар шундайлигича қолишидан келиб чиқяпман. Аммо ҳуқуқий позициялар абадий эмас, жамият ҳаётида нимадир ўзгарса, мазкур ҳуқуқий позициялар ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин», — дейди Медведев.
Унинг сўзларига кўра, Россия Конституциявий судининг ўлим жазосига мораторийси — бу «муқаддас битиклар эмас», суд қарори ўзгариши мумкин.
«Давлатимиз тарихида бу каби даврлар бўлган. Эслатиб ўтамиз, урушдан кейин Совет иттифоқи ўлим жазосини қўллашни бекор қилди. Бу узоқ давом этмади. Кўп ўтмай ўлим жазоси қайта тикланди. Бунга зўравонликка боғлиқ жиноятларнинг, жумладан, қотилликларнинг ортиб кетиши сабаб бўлган. Келажакда нима бўлишини мен билмайман», — дейди у.
Маълумот учун, ҳозирги вақтда Россияда ўлим жазосига нисбатан мораторий жорий этилган. Мораторий 2009 йили Конституциявий суд қарори билан мустаҳкамлаб қўйилган. Россияда ўлим жазоси бўйича сўнгги қатл 1996 йил 2 сентябрь куни амалга оширилган. 2015 йилда Россия Давлат думаси депутати Вадим Соловев террорчилик ҳаракатини содир этган шахслар учун энг олий жазо сифатида ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилганди.
Изоҳ (0)