Наманган шаҳри таркибида бўлган Янги Наманган тумани ҳокимлигининг маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
2021 йилнинг 24 апрелида Олий Мажлис Сенати қарори билан Янги Наманган тумани ташкил этилганди. 8 минг гектардан ошиқ майдонни эгаллаган туман таркибига Наманган шаҳридаги 79 та маҳалладан 24 таси ўтказилди.
Туман ҳокимлиги учун маъмурий идора сифатида эса фойдаланилмай турган собиқ озиқ-овқат касб-ҳунар коллежи биноси танланди.
Бино қарийб бир йил давомида мукаммал таъмирланиб, кўркам ва замонавий қиёфага келтирилди.
«Бу ерда ҳокимликдан ташқари яна 18 та ташкилот жамланди. Жумладан, солиқ инспекцияси, давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ, молия, маҳалла, маданият, халқ таълими, мактабгача таълим, бандликка кўмаклашиш, пенсия бўлимлари ва халқ қабулхонаси маъмурий бино таркибидан жой олди. Бу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли учун давлат идораларидаги юмушларини бир ерда ҳал этиш имкониятини яратади», — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аббосбек Саттаров.
Янги Наманган тумани ҳокимлигининг маъмурий биноси фойдаланишга топшириш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззақов иштирок этди.
Изоҳ (0)