Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева Instagram’даги саҳифаси орқали мухлислари билан мулоқот қилиб, илк марта жигар саратонига чалингани ҳамда Туркияда даволаниши учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев унга моддий ёрдам бергани ҳақида сўзлаб берди. Қуйида Раъно Шодиевадан аввал оғир касалликларни бошдан кечирган ўзбекистонлик машҳурларни бир саҳифага жамлаймиз.
Саида Раметова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметовада 2020 йили 2-даражали кўкрак саратони аниқланди.
«Айни пандемия авжига чиққан пайтда бир гуруҳ ижодкорлар билан Туркияда «Жалолиддин Мангуберди» сериалида суратга тушаётгандик. Уйдагилар қўнғироқ қилиб кетма-кет қайнсинглим ва туғишган опамдан айрилганимни айтишди. Яқинларимни сўнгги манзилга кузатолмадим, деб роса йиғладим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай чап кўкрагимда оғриқ пайдо бўлди, шамол тегди, деб тахмин қилдим. Аммо оғриқ зўрайиб бораверди.
Ҳамкасбим Тоҳир Саидов шифокорга кетаётган экан, мен ҳам кўрикдан ўтаман, деб унга эргашдим. Тоҳирни беш дақиқада кўрикдан ўтказишди, мени эса анча вақт текширишди. Кейин профессор менда 2-даражали кўкрак саратони хасталиги аниқланганини маълум қилди. Бир неча кундан кейин чартер рейс билан Тошкентга қайтдик.
Мен табиатан таъсирчанман, ҳамма нарсани юрагимга оламан. Бошида мен ҳам бироз қўрқдим, ўз номи билан жудаям хунук бу касал. Лекин умид қилсангиз, ҳали мен мухлисларимга керакман, ҳали ижод қиламан, ҳали саҳнага чиқаман, болаларимга керакман, онамга, укамга, опа-сингилларимга керакман, десангиз ва катта-катта мақсадлар билан яшасангиз, Аллоҳнинг ўзи умр ҳам берар экан. Ўзбекистонга қайтиб химяларни олдик, операциялардан яхши ўтдик. Албатта, санъатни тарк этмайман, Худо хоҳласа, охирги нафасимгача Аллоҳдан 90-100 га кирай, деб ният қиламан. Ўшангача саҳнани тарк этиш йўқ», — дейди устоз санъаткор.
Асилбек Неъматов
«Бойлама» қўшиғи орқали машҳурликка эришган хонанда Асилбек Неъматов бир неча йил олдин оғир дардга чалиниб, ижодий фаолиятида танаффус қилишга мажбур бўлган.
«Касаллик 2007 йил августда бошланган эди. 2-3 йил вақтимни олди бу дард. Рус тилида «Панический невроз» (хавотир неврози) дейилади. Бу касалликда одамга ҳеч нарса ёқмайди, одамларнинг ичига киргингиз келмай қолади. Фақат ёмон хаёллар миянгизга келади. Энди бу ҳолатни менга кўпчилик «ўқитворишган, ичингга жин киргизворишган», деб изоҳлади. 3-4 йил атрофингиздаги одамлар сенга шундай қилишган, деяверишса, бунга ўзингиз ҳам ишониб кетар экансиз. Ваҳоланки, мени шифокорлар тузатди.
Бир табиб бор экан, жуда қимматга дорилар қилиб берган. Уни зарар бўлган демайман, организм тозаланган бўлиши мумкин. Лекин кўпроқ асаб тизими билан боғлиқ экан. Жуда қувватим йўқ бўлиб кетганди. Ҳар кеча «эртага уйғонармиканман?» деб ухлардим. Тўрт йил бундай азобдан кейин чиқиб интервью қилиб ўтириш ҳам менимча, мўъжиза»,— деганди хонанда.
Паризода Бўрихўжаева
«Тоҳир ва Зуҳра» фильмининг янги талқинидаги вариантида Зуҳра ролини ўйнаган актриса Паризода Бўрихўжаева шифокорларнинг қўрқинчли ташхисига қарамай, оғир касалликни енгиб ўтган.
«Қийинчиликлар ҳаммада бўлади. Тахминан 25 ёшимда, турмушга чиққанимдан бир неча йилдан сўнг соғлиғим билан муаммолар бўлган. Бу синов ҳаётимни жуда қаттиқ ўзгартирган. Ўша вақтда шифокорлар «Йўқ, сиз тузалиб кетмайсиз, бу нарса тузалмайдиган касал», дейишганди. Бу муаммо нафақат мен учун, балки тепадан бутун оилам учун берилган. Касаллик туфайли ким қанақалигини, менга қанақа муносабатдалигини билдим. Ўша пайтда турмуш ўртоғим ва яқинларим мени қандай эъзозлашини кўрдим.
Отамнинг бир гаплари бор: «Синов ҳам одамнинг кучига қараб берилади. Кучли одамга кучли синов берилади. Заифроқ инсонга енгилроғи берилади». Мен табиатан қўрқоқ одамман, баландлик ва тезликдан қўрқаман. Лекин ўша пайтда ичимдан «ҳали тузалиб кетаман, ҳаммаси яхши бўлади», деган катта куч топганман. Синовдан турмуш ўртоғим билан бирга ўтганмиз. У кунларни эсласам, кўзимга ёш келади», — дейди Паризода Бўрихўжаева.
Шерали Жўраев
2021 йилнинг март ойида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг оғир аҳволда экани ёки вафот этгани тўғрисида турли миш-мишлар тарқалди. Озиб кетган санъаткорнинг чой ичаётгани акс этган видео унинг оғир касал экани ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди.
Маълум вақт ўтиб, Шерали Жўраевнинг кенжа ўғли Зоҳиршоҳ Жўраев отаси билан боғлиқ гап-сўзларга ойдинлик киритган.
«Дадам олти ойча муқаддам кўричак касали билан оғриб қолгандилар. Ҳозир тарқалаётган видеолавҳалар ўша вақтда суратга олинган. Ҳозир дадамнинг аҳволлари жуда яхши. Ортиқча ваҳима ва хавотирларга ўрин йўқ. Дадам ҳозир Ўзбекистондалар, уларнинг чет элда даволанаётганлари ҳақидаги маълумотлар ҳам асоссиз. Айни вақтда давлат тадбирига тайёргарлик кўрмоқдалар», — деган эди Зоҳиршоҳ Жўраев.
Маҳмуд Исмоилов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова бир интервьюсида турмуш ўртоғи Маҳмуд Исмоилов оғир касалликни бошидан ўтказгани ҳақида шундай деганди:
«Маҳмуд ака бир нечта операцияларни бошларидан ўтказдилар. Лекин ҳеч ким қараб турмади. Айниқса, театримизнинг бугунги кундаги раҳбари Ёдгор акага, раҳмат, деган бўлардим. Чунки маблағ борасида анча ёрдам бердилар, шароит яратиб бердилар. Кимгадир керак бўлиб яшаш — бу бахт бўлса керак. Устоз санъаткорларимизнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлашди. Айниқса, қийин пайтларимиз касалхонада неча ойлаб ётдик. Сабр қилсак, ҳамма нарса бўлар экан. Барибир ишонч ва умид инсоннинг қаддини тик тутишига ёрдам берар экан. Ноумид шайтон дейишади-ку.
Ҳозирда Маҳмуд акам уйда ўтириб қола олмайдилар, агар уйда касалман, деб ўтириб қолса, ҳеч қачон ўринларидан турмайдилар, деб ўйлайман. Ҳозир ҳам театрга репетицияларга бориб турибдилар. Мен ҳар доим уларга куч бағишлаб тураман, ўзимнинг сўзим билан «сиз кучлисиз, инсон кучли бўлиши керак», деб айтаман. Оилада бир-бирини тушунган инсонлар бахтли бўлади. Ҳаёт фақат яхши кунлардан иборат эмас. Унинг ҳаётида ўнқир-чўнқир кунлар бўлади. Инсон ана шундай кунлардан мардонавор ўтиши ҳам мардлик ҳисобланади.
Маҳмуд ака билан турмуш қурганимизга 40 йил бўлди. Улар касал бўлганларида Маҳмуд акани йўқотиб қўйишдан қўрқдим. Гоҳида касалхоналарда бирга ётдик. Касалхонада пандемия вақтида жой етмай қолгани учун ерда ётган одамларни ҳам кўрдим. Намозларимда худодан фақат уларнинг соғайиб кетишларини сўрадим. Уларсиз мен нима қиламан, деган фикр қўрқитди. Нега мен умидсиз бўлишим керак, умидли дунё-ку, бу дунё, мен тушкунликка тушсам, Маҳмуд акани қандай оёққа қўяман, деб ўйлардим. Операцияларга кирганларида ўтириб йиғлаб-йиғлаб олардим.
Шундай кунларимда, айниқса, қизларим менга далда беришди. Учта қизнинг орқасидан ўғил топганман. Куёвларимни тарбиялаган ота-оналарига минг раҳмат дейман. Мен билан алмашиб шифохонада навбатчи бўлиб туришди. Елишди, югуришди. Уч марталаб Ҳиндистонга бориб келишди. Уларга, катта раҳмат, айтаман», — дейди Шоҳида Исмоилова.
Муқаддас Холиқова
Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова икки маротаба юрак хуружини енгиб ўтган. У мазкур хасталикни илк бор 2013 йилда бошдан ўтказган бўлса, 2017 йилнинг бошида ҳам шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилган.
«Ўзимни асраб-авайлай олмаганим учун юрагим ҳам эркалик қилди. Аввалгидек, куч-қувватга тўламан, деб ўйлаб адашибман. Кучли ва тетик кўринганимиз билан юракнинг ҳолатини ташқаридан туриб билиб бўлмайди. Аммо энди бу борада ўзим, умр йўлдошим, фарзандларим ҳам кўпроқ диққатли бўляпмиз. Аёл киши ҳар доим, ишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам ўзини бироз аяши, соғлиғига эътиборли бўлиши шарт экан.
Иккинчи бор хасталикка учраганимдан сўнг ҳар бир дақиқа, соат, кун, умуман яшашнинг қадрини сеза бошладим. Шифохонадалигимда ҳамкасбларим, таниш-билишлар ҳатто яқинларим ҳам «Бўлди, ишингни йиғиштир, соғлиқ керак» деган гапларни айтишди. Тўғри, улар менга бўлган меҳрибончилик туфайли шундай дейишган. Бироқ бунинг иложи йўқ-да. Мен яшаяпманми, демак, ундан тўғри фойдаланишим ва иш билан банд бўлиб, санъатимни кўрсатишим керак. Бугун мен ҳар доимгидан-да кўпроқ ишлаб, ижодда бўлишга ҳаракат қиляпман. Театрсиз ўзимни ҳаётда тасаввур этолмадим», — деган эди у бир интервьюсида.
Ойхон Эшонхонова
Хонанда Ойхон Эшонхонова ҳам оғир хасталикни бошдан ўтказган. У овқатдан заҳарланиш оқибатида узоқ вақт танасидаги токсинлар билан «курашган». Ҳатто бир неча бор мураккаб жарроҳлик амалиётини ҳам бошдан кечирган.
«Иммунитетим ниҳоятда паст. Шу боис фарзандларим соғлиғимга жиддий эътибор беришади. Кундалик овқатланиш рационим ҳам ҳамиша эътиборда. Спорт билан мунтазам шуғулланаман ва табиий усулларда иммунитетимни кўтаришга ҳаракат қиламан. Чунки дори-дармондан чарчаганман», — дейди қўшиқчи.
Рашид Холиқов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов тўққиз йил олдин артроз касаллигига чалиниб, ҳатто шифокорлардан яқин вақт ичида вафот этиши ҳақида гаплар ҳам эшитган.
«2013 йили кўплаб оилавий дўстлар билан Бали оролига дам олишга борганмиз. Ўша ерда қандайдир ҳашорат чақиб олган. Инфекция сабаб ўнг оёғимда оғриқ пайдо бўлган. Тошкентда бир шифокорларга учраганман, у «бу шамоллаган», деб оёғимни қиздирган. Натижада инфекция баттар кўпайган, оғриқ тиззага тушган ва шу билан муаммо бошланиб кетган.
Қисқаси, Ўзбекистонда бунга тўғри ташхис қўя олишмаган. «Шунча яшаганинг етади, тайёргарлигингни кўравер», —деган гаплар ҳам айтилган. Саккиз ой бир жойга михланиб қолганман. Бизни шифокорлар кичкина касаллигимни катта қилиб юборишган.
Шундан кейин интернет орқали Германиянинг Гамбург шаҳридаги машҳур бир эндоклиникани қидириб топганман ва боғланганман. Уларга барча вазиятни айтганимдан кейин «Сенда артроз касаллиги бор, Германияга келиб, даволанишинг керак», — дейишган. Гамбургга бориб, врачларга учраганман. Инфекция сабаб ўнг оёғимдаги бўғимларнинг қуриб бориши тезлашган экан. Немис шифокорларнинг ўзбек ҳамкасблари қўйган қўпол ва нотўғри ташхисдан жуда жаҳли чиққан. Чет эл врачлар сабаб шифо топганман. Худога шукр ҳаммаси ортда қолиб кетди», — дейди хонанда.
Хосият Ҳусанова
Таниқли кино ва театр актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хосият Ҳусанова 14 йил аввал мудҳиш автоҳалокатга учраб, омон қолганини қуйидагича хотирлайди:
«2008 йилнинг май ойида автоҳалокатга учрадим. Ўшанда жуда қаттиқ авария бўлиб, ўзимнинг кўз олдимда ўзим ўлдим. Damas автомашинаси Nexia’га урилиб, ундан қочиб, дарахтзорга кириб кетдик ва катта чинор дарахтига айнан мен ўтирган жой тегганидан сўнг Damas йиғилиб қолган. Мен ўша пайтда йўлидан тўхтаб, бизга ёрдам берган ҳайдовчиларни ҳалигача дуо қиламан.
Авария оқибатида тос суяклар умуман майдаланиб кетган, сон иккига бўлиниб, юзимнинг ярми йўқ бўлган. Юзим бу ҳолатга қайтади, деб ўйламагандим. Ўшанда «Оёққа турмайди, бир умр коляскада ўтиради, кўрпага михланиб қолади», деган гапларни ҳам эшитганман. Бу гапларни эшитганингда тугаркансан, одам. Ундан кўра ўлган яхши-да. «Нега мени қутқаришди, нимага мен ўша жойда ўлиб кета қолмадим?», деган фикрлар ҳаёлимдан кечган.
Бир йил бир жойда ётган бўлсам, ич-этимни кемириб, адойи тамом бўлганман. Чойшабимни алмаштириш учун тўрт нафар одам керак бўларди. Ичимда темир, ташқаримда темир... ҳозир ҳам қолиб кетган темирлар бор. Тўрт нафар одам столдек тўғри, текис кўтарган пайтда чойшабимни алмаштириб олишарди. Ётган жойимда сочиқда ювинтиришарди.
Устозим Ёқуб Ахмедовга, ҳамкасбларимга катта раҳмат. Таниган, танимаганлар ҳам кўргани боришган. Ойлик маошимни вақтида уйимга етказиб туришган. «Отасиз қолган фарзандимни ким боқади, мен оёққа туришим керак», деган қаттиқ мақсадни олдимга қўйганман. Бир йилдан сўнг ўрнимдан туришни ўргатишди, қўлтиқтаёқда юришни ўргандим. Бир йилда қўлтиқтаёқни ҳам ташладим. Дардини берган Аллоҳим шифосини ҳам бераркан. Қизимнинг бахтига омон қолдим. Бу Аллоҳнинг менга берган мўъжизаси-да. Мазкур воқеадан кейин, яъни 2015 йилда 47 ёшимда ўғил фарзандли бўлдим. Бу ҳам бир бахтим», — дейди Хосият Ҳусанова.
Изоҳ (0)