Ўзбекистон қонунчилигига амалдорларга бизнес қилиш ва бошқа ҳақ тўланадиган лавозимларда ишлашини тақиқловчи нормалар киритилиши мумкин. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 10 март куни ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, қонунчиликка давлат хизматчилари тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмаслиги, нафақат тадбиркорлик, балки бошқа ҳақ тўланадиган лавозимларда ишлашини тақиқловчи нормалар киритилмоқда.
«Манфаатлар тўқнашувига жиноий жавобгарлик белгилаш масаласи ҳам қўйилган. Айнан давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашуви учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклифи билдирилган. Парламент қабул қилиб, давлат раҳбари имзолагандан кейин қонун кучга кирса, буларнинг барчаси амалга ошади. Жараён жамоатчиликка эълон қилиб борилади», — деди агентлик директори.
Бурҳоновнинг қўшимча қилишича, давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилишига нисбатан кескин жазо чораларини кўриш вақти келган.
«Ҳозирда мансабдорларни манфаатлар тўқнашуви аниқланган тақдирда давлат хариди автоматик тарзда бекор қилинадиган ва амалдор ўша харидда бошқа иштирок эта олмайдиган тизим устида ишлаяпмиз. Бунда ижрочи Молия вазирлиги ҳисобланади», — деди у.
Аввалроқ Акмал Бурҳонов Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов иши бўйича изоҳ бериб, амалдорга қўзғатилган маъмурий жавобгарлик давлат маблағларини талон-тарож қилишга боғлиқ эмаслигини айтганди.
Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори мансабдорларнинг мол-мулклари ва йиллик даромадлари 2022 йил охиригача жамоатчиликка очиқланишини маълум қилган.
Изоҳ (0)