2024 йилнинг 1 январига қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари орасида хотин-қизларнинг улушини камида 30 фоизга етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинланади. Бунда мазкур талаб тегишли ташкилот раҳбари хотин-қизлар орасидан тайинланганда ёки унда фақат бир нафар ўринбосар бўлган тақдирда мажбурий ҳисобланмайди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи «Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури»ни тасдиқлаш ва ижрога қаратилишини таъминлаш вазифаси юкланган. Шунингдек, Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курсларини ташкил этилади ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизларни ўқитилади.
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев «аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши»ни таъкидлаганди. «Ҳеч кимга сир эмас. Шу боис ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўяди», — деган эди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)