Бухоро вилоятидаги мавжуд 16 минг 540 нафар алимент тўловчининг 215 нафари аёл киши экани маълум қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ вилоят бошқармаси томонидан «Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилиш» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
«Бу аёлларнинг маълум қисмигина юртимизда бўлишса, афсуски, аксарияти пул ишлаш мақсадида турли хориж давлатлари, жумладан, Туркия, Дубайга чиқиб кетган. Улар орасида шаънини булғаб тирикчилик қилаётганлар йўқ, дея олмаймиз. Аммо, бунинг учун мен аёлларни айбламоқчимасман. Турмуш қийинчиликлари, ҳаёт зарбалари-ю эркагининг боқимандалиги туфайли шунга мажбур бўлган. Бундай ‘иш’ излаб кетган аёллар сони ҳисоб қилинганида Ўзбекистон бўйича Бухородаги кўрсаткич юқори бўлган. Мен буни бухоролик эркаклар учун уят, орсизлик деб биламан», — дейди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Алижон Қиличев.
Анжуманда таъкидланишича, узоқ муддат давомида алимент тўлашдан бўйин товлаб келган 379 нафар, ижро ҳужжатини ижро этмаган 1349 нафар қарздор маъмурий, алимент тўловларини қасддан амалга оширмаган 39 нафар шахс эса жиноий жавобгарликка тортилган.
«Ижро ҳаракатлари жараёнида номаълум сабаблар билан яширинган ва ижродан бўйин товлаган 361 нафар қарздорга нисбатан қидирув амалга оширилиб, 187 нафари топилган ва уларга нисбатан жазо қўлланилган. 4418 нафар алимент тўловчи ишга жойлаштирилган. 1989 та оила яраштирилган», — дейди МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Алижон Қиличев.
Изоҳ (0)