UzAuto Motors оммабоп автомобиллар учун шартномаларни янгилаганини маълум қилганди. Компания матбуот хизматининг хабар қилишича, янги автомобиллар учун шартнома тузиш бошлангани эълон қилингандан сўнг бир неча соат ичида 13 203 та автомобилга шартнома тузилган.
Маълум қилинишича, контрактациянинг очилиши ҳамда янги автомобилларга сотувнинг бошланишига бўлган юқори талаб ва қизиқиш сабабли, дилерлик корхоналари охирги мижозга қадар ишлашга қарор қилган.
Chevrolet Lacetti автомобили учун 6 300 та ва Chevrolet Cobalt модели учун 4 700 та шартнома тузилган. Ушбу автомобиль моделлари харидорлар орасида энг оммабоп моделлар бўлган.
Шунингдек, Chevrolet Traverse ва Tahoe автомобилларини харид қилиш учун аризалар қабул қилиш бошланганидан сўнг, дастлабки 20 дақиқада компанияга 200 дан ортиқ буюртма келиб тушган. Ушбу автомобилларга ариза қабул қилишнинг илк куни натижаларига кўра, 320 дан ортиқ буюртма олинган.
Эслатиб ўтамиз, 3 мартдан UzAuto Motors автомобиллари учун шартнома тузиш бошланган. Шунингдек, компания харидорларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, олдинда тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга туширган.
Изоҳ (0)