1 март куни Туркманистон президенти вазифасини бажарувчи Гурбангули Бердимуҳамедов биринчи чақириқ Халқ Маслаҳати аъзолари, парламент депутатлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашувда Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон конституцияси ва давлат байроғи қабул қилинганига 30 йил тўлишини таъкидлаган.
Президент вазифасини бажарувчи, шунингдек, 2020 йилда мамлакатнинг асосий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганини эслатиб ўтган: икки палатали парламент ташкил этилган ва Халқ Маслаҳатига аъзолик учун сайловлар ўтказилган. 25 сентябрь куни Туркманистонга конституциянинг тўққизинчи таҳрири қабул қилинган.
Шундан сўнг Бердимуҳамедов Туркманистон қонунчилиги «давр талаблари асосида мунтазам такомиллаштирилаётгани» ҳақида гапириб, конституцияни «қудратли давлатнинг уйғониш даврида давлатни ривожлантириш вазифаларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини» ҳам қайд этган.
Туркманистонда мамлакатни ривожлантиришнинг кейинги 30 йиллиги (2022 йилдан 2052 йилга қадар) «Қудратли давлатнинг янги уйғониш даври» дея эълон қилинган. Ҳозирда мамлакатда 2012 йилнинг февралида бошланган «Қудрат ва бахт даври» ўтмоқда.
Бердимуҳамедов йиғилганларга мамлакат конституциясини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда давлат органларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўриб чиқишни топширган.
Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Туркманистон парламенти олий палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида мамлакатни 15 йилдан бери бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарликни ёшларга топшириш ва фаолиятини Халқ маслаҳати раиси сифатида давом эттириш ниятини маълум қилди.
15 февраль куни Бердимуҳамедовнинг ўғли, иқтисодиёт бўйича бош вазир ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов бўлажак сайловларда мамлакат президентлигига биринчи номзод сифатида кўрсатилди. Кейинроқ туркман мухолифатининг хориждаги вакиллари ҳам президентлик сайловларида қатнашиш истагини билдирганди. Улар онлайн овоз бериш усулини таклиф қилган.
Туркманистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари 2022 йилнинг 12 мартига белгиланган. Ҳозирда Туркманистон президентлигига номзодлар сони 9 кишига етган.