ФИФА Россия терма жамоаларини (барча ёш тоифадаги) халқаро мусобақаларда қатнашишдан четлатмоқчи.
Reuters хабарига кўра, Халқаро футбол федерацияси УЕФА билан Россия жамоаларига нисбатан санкцияларни кучайтириш масаласида музокаралар олиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан Россияни «кейинги огоҳлантиришгача» мусобақадан чиқариб юбориш имконияти кўриб чиқилмоқда.
УЕФА 28 февраль куни Россия футболига оид бир қатор масалаларни ҳал қилиш учун йиғилиш ўтказиши режалаштирилган.
Шунингдек, Халқаро профессионал футболчилар ассоциациялари федерацияси (FIFPro) ҳам ФИФАни Россия футболига нисбатан қаттиқ чоралар кўришга чақирди.
FIFPro Россияга нисбатан қўлланилган санкцияларнинг «енгил» ва «футболчиларни ҳимоя қилмаслиги»ни таъкидлади.
«FIFPro ушбу ташвишли вазиятда Россия жамоаларига қарши ўйнамасликка қарор қилган футболчилар ва дунёнинг барча футбол федерацияларини қўллаб-қувватлайди.
Кўплаб ўйинчилар ва касаба уюшмалари Польша, Швеция ва Чехия ўйинчиларига ўз ёрдамларини билдиришди.
Шунинг учун биз хавфсизлик тикланмагунча Россия футбол иттифоқи фаолиятини зудлик билан тўхтатишга чақирамиз», — дейилади ташкилот баёнотида.
Аввалроқ Польша, Швеция ва Чехия Россияга қарши ўйинда иштирок этишдан бош тортганди. Учала томон ҳам бунга Украинадаги жанговар ҳаракатларни сабаб қилиб кўрсатган. Шунингдек, Англия футбол ассоциацияси ҳам мамлакат терма жамоаларининг Россия терма жамоалари билан ўйнамаслигини маълум қилганди.
Бундан ташқари, кўплаб футбол ассосиациялари томонидан Россия терма жамоасининг ЖЧ—2022 ўтиш ўйинларидан четлаштириш фикри ҳам илгари сурилди.
24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди. Айни вақтда Украинанинг қатор ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)