Республика махсус комиссияси 2022 йил 7 февралдан умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилиши бўйича қарор чиқарди. Бу хабар энг аввал ота-она, ўқитувчиларни қувонтиргани аниқ.
Бироқ онлайн таълимга яна қайтиш эҳтимоли йўқ ҳам эмас. Махсус комиссиянинг исталган пайт масофавий таълимга вақтинча ўтиш ҳақидаги қарори янграб қолиш-қолмаслигини олдиндан билиш қийин. «Дарё» онлайн таълим (тўғрироғи, 24 январдаги қайта чекловлар) сабаб таълим сифати тобора пасаяётгани, ўқувчиларнинг таълим жараёнига тўлиқ қамраб олинмаётгани, ўғил-қизининг ўзлаштиришда ортда қолаётганидан хавотирга тушган ота-оналар, ҳамма ўқувчисиниям баравар шуғуллантира олма(ёт)ган ўқитувчиларнинг фикр-талабини бир ерга жамлади.
Шу йилнинг 24 январидан бошлаб «Коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиш хавфининг олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиқиб» мактаблардаги ўқиш бир ой давомида онлайн шаклга ўтгани ота-оналарнинг аксарида норозилик уйғотган бўлса, ўқитувчиларнинг иш-ташвишини икки ҳисса оширди.
Халқ таълими вазирлигининг маълумот беришича, бугун Ўзбекистонда 10130 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд ва уларда 6 246 491 нафар ўқувчи ўқийди. Энг кўп мактаблар эса Самарқанд (1267 та) ва Қашқадарё (1217 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Ўқувчилар сони бўйича ҳам шу икки ҳудуд ва Фарғона вилояти етакчи. 2022 йил бошидан эса 6 миллиондан ортиқ ўқувчи учинчи чорак дарсларини уйда – онлайн шаклда давом эттириши эълон қилинганди. Коронавирус хавфи, касаллик юқтириш эҳтимоли юқорилиги Халқ таълими вазирлигини шу чорани қўллашга мажбурлагани, бошқа эҳтиёт чораси йўқлигига эътироз йўқ, бироқ ютуқдан кўра ютқизиқ кўпаяётгани хавотирланарли.
Дастлабки чекловлар
Мактаблардаги илк чеклов 2020 йил 16 мартда ўрнатилганди. Ўқувчилар таътил тугагач, 30 мартдан телеканаллар орқали намойиш этилган телевизион дарслар орқали тўртинчи чоракни якунлаши кераклиги эълон қилинди. Ўқишнинг бундай шаклига ўрганмаган, масофадан туриб мавзуни ўзлаштириш, уй вазифасини топширишга мослашмаган ўқувчилар ва уларнинг ота-онаси учун онлайн таълим чинакам синов бўлганди. Ўқитувчилар ҳам астойдил тер тўкиши, вазиятга мослашиши, қийналиши ва кўникмаларини қайтадан ривожлантиришига тўғри келганди. Бироқ фойдадан кўра зиёни кўп қарорлар ортидан келадиган фожиаларни масъуллар тан олишни хоҳламаётгани ёки шунчаки кўз юмаётгани ачинарли.Қатъий чекловлар тезда, ҳаялламай қабул қилиндию, интернет тезлиги, техника ва мобил қурилмалар етарли ёки йўқлиги, симсиз алоқа етиб бормаган ҳудудлар ҳалиям мавжудлиги негадир ҳисобга олинмади. Ҳатто интернет тезлиги пастлигидан Фарғонадаги мактаб ўқитувчиси уйининг томида ўтириб, онлайн дарс ўтаётгани видеоси ҳам тарқалди. Ҳозир ҳам вазият ўнглангани, муаммолар тўла бартараф этилгани йўқ. Speedtest Global Index рейтингига кўра, Ўзбекистон бугун мобил интернет тезлиги бўйича 138 давлат орасида 119 ўринда. Қўшниларимиз Қирғизистон (110-ўрин) ва Қозоғистон (90-ўрин) эса бу борада биздан олдинда.
2020 йилнинг 14 сентябридан расман аралаш (гибрид) – ҳам анъанавий, ҳам онлайн таълим шаклда ўқиш бошланган мактаблар кейинчалик коронавирус аниқланганда карантинга олиниб, сўнг яна қайта фаолияти тикланиб, ишини давом эттираверди. Бироқ бу таълим шакли ҳам ўзини оқламагандек.
Бир очилиб, бир ёпилиб, кимдир оддий шамолласа, ё мактабига текширув келса, дарров карантин дейилаверганидан неварамни охири ўқишга юбормай қўйгандим, – дейди фарғоналик Холисхон ая. – Нақ уч марта шунақа ҳолат бўлди. Болалар ўқишга енгил қарашга ўрганиб қолди. Баъзан неварам ҳам дарсга боргиси келмаса, ўқитувчисига ёлғондан касалман, дейдиган қилиқ чиқарди. Бунақада булар эртага ким бўлади, ҳозирдан ўйлаб қўрқаман.
Фикрламайдиган авлод учун онлайн таълим – мақбул йўл
Жаҳон иқтисодий форуми маълумотига кўра, карантин чекловлари илк қўлланган пайтда 186 мамлакатдаги 1,2 миллиард бола анъанавий таълимдан узилган. Дунё аҳли уйида ўтириб, ҳали қандайлиги номаълум касаллик билан курашаркан, таълим ҳам тўлалигича уйга «қамалди». Аммо орадан бир неча ой ўтиб, бу чора хийла нотўғри экани ойдинлашди. «Агар маълумотлар-у фактларни шунчаки ёдлаб оладиган талабалар ва бўм-бўш келажакни истасангиз, онлайн таълим айни муддао. Бироқ бу ўта сунъий таълимдир, – деганди глобал равишдаги тажрибалардан сўнг исмини ошкор этмасликларини сўраган Оксфорд университети профессори. – Таълимдан мақсад – танқидий фикрлашни ўргатиш, маълумот устида бош қотириш, баҳс-мунозарага киришиш, фактларга шубҳа билан қараш, мустақил фикрга эга бўлишдир. Интернет орқали ўзлаштирилган билим бу мақсадга эришиш учун мос восита эмас».Назаримда, фикрламайдиган авлод яратишни, нутқи йўқ, мустақил қарор нималигини билмайдиган фарзандлар ўстиришни истасак, мактаб таълимини қайта-қайта чекловларга солишдан мақбул йўл йўқ. Диққати сусайган, онги енгил ахборот ва ўйин билан андармон боланинг «етук кадр, профессионал ходим» бўлишига умид боғлаш мевасиз дарахтнинг ҳосил беришига кўз тиккандек гап.
Москвалик тарих фани ўқитувчиси Леонид Кавса «pravmir.ru» сайтига берган интервьюсида Zoom платформасида дарс ўтишни рад этгани, давлат ҳам, мактаблар ҳам масофавий таълимга мутлақо тайёр бўлмагани, онлайн дарслар ҳар доим ҳам ўзини оқламаслиги ҳақида тажрибасини бўлишади: «10–11-синфлар учун масофавий таълим мос вариант. Лекин ўрта ва бошланғич синфлар учун самарасиз. Синфда боланинг нафақат бошқа юмуш қилаётганини, яна 30 сония ичида нимага чалғишиниям сезаман. Унинг кўзларидан ўқий оламан барини. Zoom’да буни билолмайсиз. Миттигина расмча бор, холос. Кимдир шуни ўчириб ҳам қўяди. Одам бор, йўқлиги, синфдошлари болани тинглаётгани ёки аксинчалигини англолмайсиз. Тўғри, айрим ҳамкасбларим бундан мамнун. Лекин натижаларни сарҳисоб қилсангиз, офлайн дарслардан анча пастлиги сезилади».
Онлайн таълим узоқ давом этган Ўзбекистонда ҳам вазият бундан яхши бўлмади, чамамда.
Умумий олганда, 10–20 фоиз иқтидорли ва онлайн таълим имкониятига эга ўқувчи учун ҳеч нарса ўзгармади, – дейди Олтинсой туманидаги 63-умумий ўрта таълим мактаби тарих-ҳуқуқшунослик фанлари ўқитувчиси Нормамат Эшонқулов. – Улар одатдагидек сифатли, ҳатто яхшироқ таълим олишда давом этмоқда. Лекин 80–90 фоиз ўқувчида объектив ва субъектив сабаб ортидан сифат кўрсаткичлари тушиб, бўшлиқлар пайдо бўлмоқда. Бу, айниқса, бошланғич синфларда яққол сезилмоқда. Теледарслар сифати ҳаминқадар, дастур (жадвал) аҳмоқона тузилган.Икки ўғилнинг онаси Муножот Одилова эса болаларининг китобдан узилиб, кундан кун компьютер, телефонга ўрганиб қолаётгани, машғулотлари сабаб кўпроқ техник воситаларга мурожаат қилаётганидан норозилигини айтади:
Аввалги тақиқлар энди бефойда. Чунки дарсу вазифамиз шу қурилмалардан берилади. Чилонзор туманидаги 163-мактабнинг 2-Б синф математика дарси билан телевизордаги дарс бир-бирига мос келмайди. Масалан, телевизорда болага сонларни иккига бўлишни ўргатиб, битта дарс билан чекланса, ўғлимнинг ўқитувчиси иккига бўлишниям, тўртга бўлишниям ва камига қўшимча мавзуларни ҳам ўргатиб, тушунтириб кетади. 4 та уй вазифаси беради. Уй вазифани қилиб, ‘kundalik.com’га юклаб қўйишимизни ҳам тайинлайди. Шунисига тушунмайман. Бола ҳали мавзуни тўлиқ ўзлаштирмай, нима ўтилганини тузукроқ англамай, қандай қилиб уй вазифасини топшириши мумкин?Икки фарзанди хусусий мактаб ўқувчиси бўлган Севара Нишонова мактаб маъмуриятининг онлайн машғулотларни сифатли ташкил этганидан мамнунлигини, бироқ болаларнинг камҳаракат бўлиб бораётганини айтади:
Афсуски, болалар вақтининг асосий қисмини компьютер қаршисида, онлайн дарсларда ўтказяпти. Қўшимча машғулотлар ўрнини ўқитувчи ҳеч қанақасига тўлдириб бера олмайди. Улар вазифа беришяпти, вазифани бажариб, ўқитувчисига жўнатганидан кейин болалар бекор. Бу вақтда улар, асосан, телефон ўйинларини ўйнайди ёки телевизор кўради.Зарафшон шаҳридаги 13-АФЧЎИМ физика фани ўқитувчиси Эркинжон Ярашев ҳам онлайн таълимнинг самарасизлигини таъкидлайди:
Фикримча, онлайн таълим анъанавий таълимнинг 10 фоиз ўрнини ҳам босолмайди. Тўғри, астойдил ўқийдиган, билимга чанқоқ, илм учун жой, вақт ҳам талаб қилмайдиган ўқувчиларимиз учун онлайн таълимнинг зарари йўқ. Аммо бевосита шуғулланмаса бўлмайдиган ўқувчилар борлигини ҳам унутмайлик. Улар анчагина қийналишади. Тўғри, соғлиқ баридан муҳим. Аммо таълим онлайн бўлди, деб ота-она, ўқувчи масъулиятни бирдан унутса, бундан ёмони йўқ.Иш қуроли соз бўлмасаю, натижа талаб қилинаверса...
2020 йили Қозоғистонда ҳам карантин сабаб барча мактаблар ёпилиб, ўқиш онлайн шаклга ўтказилгач, орадан бир ойча ўтиб фан ва таълим вазири Асхат Аймагамбетов интернет билан боғлиқ муаммолар сабаб онлайн таълимнинг бошқача шаклига ўтиш кераклигини эълон қилади. «Бу ерда жуда кўп муаммолар борлигини кўрдик. Плюслари қатори минуслари билинди, – дейди вазир. – Турфа системалар: Zoom, ‘Кундалик’, бошқа мессенжер ва ресурсларни ҳам қўллаб кўрдик: фойдасиз. Бутун мамлакатни онлайн-стриминг орқали таъминлаш шунчаки хомхаёл. Алоқа билан боғлиқ муаммоларни ечиш – самарасиз. Кўп ота-оналар тармоққа улана олмайди. 2,5 миллион ўқувчи бир вақтнинг ўзида тўғридан-тўғри эфирга чиқишининг-ку имкони йўқ».
Ўзбекистонда ҳам масофавий таълимга ўтилгач, энг аввал интернетга уланиш билан боғлиқ муаммо, алоқа сифатининг пастлиги, ҳамманинг ҳам бир вақтда интернетга улана олмаслиги, оилада икки ё уч бола ўқиса, техника, воситанинг етишмаслиги кабилар кузатилди.
Биз томонларда-ку интернетдан муаммо йўқ. Баъзан «қотиб қолиши»ни ҳисобга олмаса, деярли яхши. Аммо шуям қийинчилик туғдиради гоҳо, – дейди Эркинжон Ярашев. – Тасаввур қилинг, битта мактабда бир вақтда ўртача 30–40 нафар ўқитувчининг дарси бўлса (аслида шундай ҳам) ‘kundalik.com’ орқали баҳолаш қандай бўлади? Ҳамма камига битта Wi-Fi тизимига уланган бўлса-чи… Ўқувчи берилган топшириқларни бажарган тақдирда ҳам вазифаларни унинг ўзи бажарганига ишониш қийин. Ўқитувчи эса уни кузатолмайди.Энг қийини интернет тезлиги паст, свет тез-тез ўчадиган ҳудуддаги ўқувчиларга осон бўлмади. Аммо улар ҳам жим туришмади – онлайн дарсдан воз кечиб, ўз юмушлари, оилавий ташвишларга кўмилиб қўя қолишди.
Мактаби онлайн бўлгач, ўғлимни мажбур новвойга ёрдамчиликка бердик. Қарасам, бекор юрибди, – дейди исми номаълум қолишини истаган қашқадарёлик она. – Дарсларини ҳам ўлда-жўлда ўқийдиган бўлди. Мен-ку интернетни умуман тушунмайман. Телефоним ҳам энг оддийсидан. Свет ҳам соатбай берилади. Ўқитувчиси дарсини қилдиринг, дейди. Тушунмасам, билмасам, қандай қилдираман.Муножот Одилова ҳам педагогдек маҳорат билан мавзуни тушунтиролмаслиги ва бундан ўғли қийналишини тан олади: «Энг ёмони, болаларга ўқитувчидек мавзуни тушунтира олмайман. Педагогик маҳорат ҳаммадаям бўлмайди. Ўқитувчиларнинг ҳам талаби ғалати – вазифани амаллаб бажариб, мессенжердан юборсак: «Нега хато?», дейди. «Ҳа, аввал ўзингиз ўргатинг бўлмаса!» десам, ўртада тушунмовчилик бошланади».
Онлайн машғулотлар давлатга қарашли аксар мактабларда қониқарли ташкил этилгани йўқ, рости. Теледарслар ҳам ўзини тўлалигича оқламаганини ҳам ота-оналарнинг кўпи далиллайди.
Ҳозир ўғилларим хусусий мактабда ўқишади. Ўтган йили давлат мактабидалигида ўқитувчиларимиз телевизордаги онлайн дарсларни кўриб, ўша ерда берилаётган вазифаларни бажариб, Telegram орқали уларга юборишимизни сўрарди, – деб эслайди Севара Нишонова. – Бола телевизордаги ўзи танимаган, билмаган ўқитувчисининг дарсини қабул қилиши жуда қийин. Бундан ташқари, ниманидир тушунмаса, телевизордаги ўқитувчига савол бера олмайди. Яна телевизордаги дарс айрим мактаблардаги дарслар дастурига тўғри келмасди. Мана шундай муаммолар туфайли фарзандларим телевизордаги дарслардан безилларди. Шунинг учун онлайн дарс дейишса, ўша манзара кўз олдимда намоён бўларди. Бироқ ўқитувчиларимиз ҳозирда дарсларни сифатли тарзда ўтиб бераётганини кўриб, улардан миннатдор бўляпман. Кичкинам соат 9:00 дан 12:00 гача «мактабда», катта ўғлим эса соат 13:00 дан 16:10 гача вақтини гаджетларга эмас, онлайн дарсларга сарфлаяпти. Хусусий мактаб ўқитувчилари болани дарсга қизиқтира оляпти.
Онлайн таълим – бу таътил(ми?)
2018 йили Times газетаси дунёдаги 200 та етакчи университетнинг онлайн таълим бефойдалиги ҳақидаги хулосасини эълон қилганди. Лондон университети эса 2020 йил июнь ойида карантин пайтида 2 миллион уйидан ўқиётган британ ўқувчилари амалда ҳеч бир вазифа, иш қилмаётгани хусусидаги тадқиқот натижаларини оммага тақдим этади. Ушбу кузатувда ўқувчилар интернет орқали берилган топшириқ-вазифаларни кунига бор-йўғи икки–икки ярим соатгина бажариши аниқланади.Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш манзара кузатилди, очиғи.
Онлайн таълим пайти ўғлимнинг саводи муболаға демангу, нолга тушди, – дейди Муножот Одилова. – Аввал кўпайтириш-бўлиш жадвалини тезда ўрганган, шеър ёдлаган бўлсак, ҳозир тинмай дафтар тўлдириш, ёзиш ва яна ёзиш билан кунимиз ўтади. Анъанавий таълим пайти аниқ тартибимиз бор эди. Ҳамма режалаштирган ишларимизга улгурардик.Теледарсга тушунмай, мессенжерлар орқали хабар юборган ўқитувчисининг топшириқларини бажармай, кўчада тўп тепадиган ёки рўзғорга қарашиш учун ишлайдиган болалар сони охирги икки йилда сезиларли даражада кўпайди. Онлайн машғулотлардан кўра кимгадир шогирд тушиб ёки ёлланиб ишлайдиган, бирор ҳунар этагини тутган ўқувчилар қишлоқларда ортдию, шаҳарларда сал бошқача вазият кузатилди. Тўғри, айрим ота-оналар имкон қадар боласини назорат қилишга, таълимдан узилмаслиги ва ортда қолмаслигига эътибор берди, бироқ ҳамма ҳам эмас. Бу масалада ишлайдиган, юмушини масофавий шаклга ўтказолмайдиган оналар кўпроқ қийналди.
Ўтган йиллар давомида уч боламнинг ҳадеб мактаби карантинга ёпилаверишидан зада бўлгандим. Ишимни уйдан туриб қилолмайман. Иш жойимда ўтириб, мижозлар билан ишлашим шарт, – дейди Дилфуза Ҳусанбоева. – Бу ёқда эса онлайн дарслар, болаларнинг уйда ёлғиз қолишини ўйласам, ич-этимни ейман. Қарашадиган яқиним, бирор ёрдамчим ҳам йўқ. Кейин дарси бошланса, телефон талаш бўлади. Икки боламники бир пайтга қўйилган. Учовигаям телефон олиб беришга ҳозирча қурбим етмайди. Ўтган йиллар-ку амалладим, баҳолари пасайса ҳам чидадим. Энди буёғига карантин бўлмас, десам, шу йилгиси яна аро йўлда қолдирди мени. Ишламасам ҳам бўлмайди. Ёлғиз онаман.Севара Нишонова ҳам онлайн таълим иш фаолиятига катта таъсир ўтказганини таъкидлайди:
Энди то чеклов олинмагунча офисга чиқиб ишлай олмайман. Фарзандларим ўз вақтида Zoom орқали онлайн дарсларда иштирок этишини таъминлашим учун уларнинг ёнида, уйда бўлишим керак. Ёлғиз қолдириб кетолмайман. Чироқ ёки Wi-Fi ўчиб қолиши мумкин, шундай пайтда телефонимдан интернет тарқатиб, уларни дарсга киришини таъминлаб тураман. Бундан ташқари, фарзандларим кун бўйи уйда бўлгани учун нонушта, тушлик ва кечки овқатни вақтида тайёрлаб беришим керак. Шундай экан, улар мактабга қайтмагунича мен уйдан кўчага чиқа олмайман. Ишимни уйга кўчиришга мажбурман.«Илгари ишдан келиб, уйда болаларимга қараб, бўш вақтимизни бирга ўтказган, қўшимча машғулотлар билан шуғулланган бўлсак, онлайн таълим вақти ҳаммаси йиғиштирилади, – дейди Муножот Одилова. – Ҳозир ‘kundalik’ платформасига киришимиз, вазифаларни юклашимиз, ‘загрузка’ бўлишини кутамиз... санасам тугамайди. 24 соат боланинг дарси билан шуғулланишга мажбурсану, қанийди буларнинг болага фойдаси бўлса! Кечқурун алламаҳалда – соат 23:00 даям, 24 дан ўтгандаям ўқитувчисидан топшириқ келаверади. Уларни ҳам тушунаман. Лекин бу қадар босим ўтказилиши ҳам хато. Хуллас, асосий ишимниям, уй ишиниям дўндирмаяпман».
Онлайн дарслар бефойдалиги ва зарарга ишлашини айрим давлатлар аввал бошдан пайқаб, имкон қадар анъанавий таълим шаклида қолишни афзал билган. Исроилда касаллик илк тарқаган кезлари барча ўқув муассасалари ёпиладию, орадан ҳеч қанча ўтмай – икки ойдан кейин яна эски, доимгидек тизимга қайтилади. Синфда ўртача 40 нафар бола кундалик машғулотларини ўқиб-ўрганиб юраверади. Мабодо касаллик аниқланса, ҳамма тест топшириб, эҳтиёт чораси кучайтирилиб, санитария қоидаларига риоя этилган ҳолда дарслар давом этаверади. Шу пайтгача Исроилда коронавирус инфекциясидан бир нафар ўқитувчи вафот этгани маълум қилинган.
Германияда ҳам чекловлар қисқа вақтдан кейин олиб ташланган. Мактаблар махсус воситалар – ниқоб, ҳарорат ўлчагич, антисептиклар билан таъминланиб, оралиқ масофага қатъий риоя этилган ва ҳалигача бу қоидалар амалда.
Машҳур Кембриж университети икки йил олдин тўлиқ онлайн шаклга ўтишни, «келажакка тик қараш» зарурлигини овоза қилганди. Барча ресурс ва техник воситалар олдиндан пухта тайёрланганига қарамай, бу қарор ўзини оқламайди – таълимда хаос бошланади. Тўғри, пандемиягача онлайн машғулотлар анъанаси мавжуд эди. Бироқ фанига эҳтироми баланд профессорлар қимматли вақтини сунъий восита орқали эмас, юзма-юз туриб, аудиторияда маъруза ўқиш орқали сарфлашни афзал билади. «Одам – бу ижтимоий мавжудот. У компьютер қаршисида эмас, шунчаки жўн мулоқотда ниманидир ўрганади, тафаккур қилади, – дейди исмини келтиришларини истамаган Оксфорд университети профессори. – Ижтимоий муҳит эса аудиторияда, муайян жойда табиий равишда яратилади. Интернетнинг бунга қурби етмайди».
Профессор яна: «Агар сен маърузангни виртуал тарзда ўқисанг, қандай қилиб фанингга аудитория муҳаббатини уйғотиш мумкин?, – дейди. – Қоп-қора экран қаршисида нимадир ўқиётганда нотиқлик маҳоратига ҳеч қандай рағбат бўлмайди». Карантин бошланган пайти биринчилар қаторида онлайн таълимга ўтган Оксфорд университети талабалари ҳам ҳеч қанча ўтмай аввалги иштиёқ, фаоллик, ўзига ишонч, муҳокамаларда қатнашишда сустлашиб, ўзини четга олиш ҳолатлари кузатилгани ўрганилган.
Мақолани тугатишга улгурмай Республика махсус комиссияси 2022 йил 7 февралдан умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилишини эълон қилди. Бунга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати камаяётгани ҳақидаги хулосаси сабаб бўлган. Хушхабарни эшитиб, очиғи, қувонган бўлсам, қарорларимиздан мантиқ йўқолиб бораётганидан ҳайрон ҳам қолмадим.
Қарор чиққанидан кейин «Дарё»нинг Telegram’даги расмий саҳифасида «Анъанавий таълимга қайтиш, сизнингча, тўғри қарорми?» деган сўровнома ўтказилди. Ушбу саволга жами 83189 фойдаланувчи жавоб берди.
Овоз берувчиларнинг 24458 нафари ёки 29 фоизи «Нега бирдан онлайн таълим ҳақида қарор чиқариладию, нега яна ҳаммаси тўсатдан бекор қилинади?» деган бандни танлаган бўлса, 25839 нафар ёки 31 фоизига қарорнинг айни муддаолиги, ўзи ҳам шуни кутаётганини ифодаловчи жавоб маъқул келган. 19443 нафар ёки 23 фоизи «Касал бўлишдан қўрқаман. Онлайн таълим хавфсизроқмиди...» деган қисмда тўхталган. 7235 нафар ёки 9 фоиз овоз берувчи бу қарорда мантиқ кўрмаётгани, 6214 нафар ёки 8 фоизи эса ўзи учун аҳамиятсиз эканини билдирган.
Энг оғриқли муаммолар айнан умумий ўрта таълим босқичида тўпланиб, кўпайиб бораётганини ҳаммамиз яхши биламиз. Бироқ муаммога ечим топишга улгурмай, турфа чеклов, мантиқсиз қарорлар сабаб ўз оёғимизга ўзимиз болта ураётганимиз ёмон. Афсуски, буларнинг бари кун келиб фақат зараримизга, таназзулимизга ишлашини келажак авлод амалда исботлаб беради. Унда аллақачон кеч бўлади.
Изоҳ (0)