Ноёб истеъдоди ва ғайриоддий дунёқараши Заҳа Ҳадидни жаҳоннинг энг машҳур меъморлари қаторига қўшган. Pritsker мукофоти ва Буюк Британия империяси ордени билан тақдирлангани, шунингдек, лойиҳалари йирик шаҳар-у пойтахтларни безаб тургани унинг нечоғлик шуҳрат чўққисига кўтарилгани ва иқтидорини тасдиқлайди. Меъморчиликда ўз мактаби-ю имзосини қолдира олган аёлнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.
Келажак бинолари муаллифи
Архитектура — замон, жамият тараққиёти, интилишлар ва орзулар ифодаси. Айнан у орқали мамлакат ва халқлар маданияти, ҳашами, тарихий салобатини ҳис қилиш мумкин. Ҳар қандай ҳодиса архитектурада ўз изини қолдиради. Лекин у баъзида замондан анча илгарилаб, ўзида футуристик орзу-умидларни ҳам акс эттиради. Бу каби лойиҳалар шакл топиб, ғоядан бино бўлгунига қадар ўнлаб йиллар қоғозда мавридини кутиб ётади.Дунёнинг энг нуфузли меъмор аёли билан ҳам айнан шундай бўлди. Унинг келажак уйлари ҳақидаги ғоялари бутун дунё бўйлаб тарқалиб, миллионлаб одамларни илҳомлантирди ва ҳаяжонга солди. У ўзи таъкидлаганидек, бутун умрини меҳнатга сарфлаб, ҳатто оила ҳам қурмади. Ўн бир ёшиданоқ архитектор бўлишни қатъий мақсад қилган Ҳадиднинг ота-онаси илмли ва ҳур фикрли кишилар бўлиб, унга улкан ишонч ҳиссини сингдирганини айтади.Сиёсатчи отадан кўра ижодкор онанинг йўли афзалроқ
Заҳа Ҳадид 1950 йилнинг 31 октябрида Ироқнинг Бағдод шаҳридаги нуфузли, авлод-аждодлари юқори табақага мансуб оилада туғилган. Отаси Муҳаммад ал-Ҳаж Ҳусайн Ҳадид мосуллик бой саноатчилардан бўлиб, 1932 йили сўл-либерал «ал-Аҳали» гуруҳига асос солади. 1930–1940 йиллари бу муҳим сиёсий ташкилот саналарди. Ҳусайн Ҳадид, шунингдек, Ироқдаги Миллий-демократик партия асосчиларидан бири эди. 1958 йили Ироқда генерал Абд ал-Карим Қосим ҳукумати учун давлат тўнтариши уюштирилиб, монарх ағдарилгач, у молия вазири лавозимини эгаллайди.
Онаси Важиҳа ал-Сабунжи ҳам асли мосуллик бўлиб, рассомчилик билан шуғулланар, акаси Фоулат Ҳадид эса ёзувчи, ҳисобчи ва араб ишлари бўйича эксперт бўлган. Ҳадид интервьюларининг бирида Ироқ жанубида жойлашган қадимги Шумер шаҳарларига болалигида қилган саёҳатлари унда архитектурага қизиқиш уйғотганини ҳам яширмаган.
1960 йиллари Ҳадид Англия ва Швейцариядаги мактаб-интернатларда таълим олади. Кейин эса Байрутдаги Америка университетида математика бўйича ўқийди. Сўнг 1972 йили архитектура уюшмасига қарашли архитектура мактабида ўқиш учун Лондонга кўчиб ўтади. Ҳадид бу ерда Рем Колхас, Элиа Зенгелис ва Бернард Чумилардан таҳсил олади. Ўқишни тамомларкан, профессор Колхас унга «Ўз орбитасидаги сайёра» деб таъриф беради. Зенгелис уни ўзи ўқитган талабалар ичида энг иқтидорлиси деб атайди.
Ҳадид 1977 йили ўқишни тамомлагач, собиқ мураббийи, нидерландиялик таниқли меъмор ва деконструктивизм назариётчиси Рем Колхасга қарашли ОМА бюросида Колхас ва Зенгелис билан бирга иш бошлайди. Колхас орқали у архитектура муҳандиси Питер Райс билан учрашади ва Питер Ҳадидни карьерасининг дастлабки босқичларида қўллаб-қувватлайди.
Ҳадид 1980 йилда Лондонда Zaha Hadid Architects компаниясига асос солади. 1980 йиллар бошида у чизмалари орқали томошабинларни янги, замонавий архитектура услуби билан таништиради. Ўша вақтда одамлар эътибори постмодернизм услубидаги дизайнларга қаратилганди, шу сабабли Ҳадиднинг чизмалари уни бошқа дизайнерлардан ажратиб турар, архитектурада янгича йўналишга асос солишга сабаб бўлганди.
У Архитектура ассоциациясида ҳам ўқитувчилик қилиб, йиллар давомида Ҳарвард дизайн мактаби, Кембриж, Чикаго, Иллинойс ва Колумбия университетларида, Ҳамбургдаги Hochschule für bildende Künste’да сабоқ беради.
Ўсмирлик йилларидан бошлаб, Заҳа Ҳадид доимий равишда кўплаб лойиҳалар устида бош қотириб, гоҳи буюртма, гоҳи ўз ташаббуси билан ўйлаганларини амалга оширади. Турли йилларда у Темза дарёси устидан ўтувчи аҳоли яшайдиган кўприк (1976), Англиянинг Лестер шаҳри учун тескари осмонўпар бино (1994) ва Гонконгдаги тоғ чўққисида клуб (1983) қуриш учун лойиҳаларини таклиф қилади. Кардиффдаги опера уйини (1994 йилда бошланиб, тугалланмай қолган), Оҳаё (1998) ва Римдаги (1999) Замонавий санъат марказларини лойиҳалаштиради.
Бу ва бошқа лойиҳалар унга нуфузли танловларда ғолибликни келтирди (биринчиси 1983 йили Гонконгда қўлга киритилган), унга нигоҳларни қаратди, кейин эса мутахассислар назарига тушди, лекин шунга қарамай, кўплаб лойиҳалари қоғозларда қолиб кетаверди. Кўп ҳолларда буюртмачиларнинг ностандарт ва ўзига хос дизайнларни қабул қила олмагани бунга сабаб бўлаверди.
Амалга ошган лойиҳалари
Илк лойиҳаси — Vitra мебель компанияси учун қурилган, Stealthс бомбардимончисига ўхшаб кетувчи кичик ўт ўчириш бўлимини 1993 йили барпо қилади. Ундаги соябон-қанотлар 1920 йилги авангардчилар услубидаги павильонни ёдга солади.Ундан кейинги бажарилган лойиҳа — Вена шаҳридаги Spittelau Viaducts турар жой комплекси (1994–2005). Уй том маънода ғайриоддий ечимлар билан барпо қилинган: унинг ичидан пиёдалар ўтиш йўлаги билан бирга эстакада, остида эса бинонинг бошидан охиригача чўзилган ва бино остидан тўғри ер юзасига олиб чиқувчи метро линияси жойлашган.
Яна бир лойиҳа — Бирлашган Араб Амрликларининг биринчи Шайх Зайд кўприги мамлакат замонавийлиги ва фаровонлиги тимсолига айланади. Ҳадид кўприк дизайнини БААдаги қумтепалардан илҳомланган ҳолда яратади. Кўприкнинг узунлиги 842 метрни, баландлиги эса 60 метрни ташкил этади, соатига ундан 60 минг автомобиль ўта олади. Кўприк жуда мустаҳкам қурилган бўлиб, соатига 160 километр тезликда эсаётган бўронга дош бера олади.
Заҳа Ҳадиднинг ишлари йирик шаҳарларни безагач, энди кўпроқ буюртмаларни қабул қила бошлайди. Страсбургдаги вокзал ва автотураргоҳ, Австриянинг Инсбург шаҳридаги Олимпия аренасининг бир қисми ҳисобланган «Бергисел» трамплини лойиҳалари амалга ошади. Трамплин қурилишига 15 ой ва 15 млн евро сарфланади. Бу иши учун Заҳа Ҳадидга Австрия давлат архитектура мукофоти берилади.
Ҳадид Pritsker мукофотига сазовор бўлишидан аввал атиги битта йирик лойиҳани — Синсиннати шаҳридаги Розентал замонавий санъат марказини тақдим этолганди. Бу марказ қурилишининг бошланиши Ҳадид фаолиятида бурилиш нуқта бўлиб хизмат қилади. Бинонинг биринчи қаватидаги ойнадан ясалган фасад ичкарига кўз ташлашга ундайди, залдаги бетон пол эса йўлак билан ёпиқ майдон орасидаги чегарани билинтирмайди.
Ҳар бир ташрифчини зинапоялари ва пандуслари (нишаб йўлак) билан жалб этадиган бино тузилишини Ҳадиднинг ўзи «шаҳар гилами» деб атайди. Бино ғайриоддий тузилишга эга. Унинг ичида пол, шифт ва деворни бир-биридан ажратиб олиш жуда қийин.
Айнан мана шу «шаҳар гилами» Ҳадид учун замонавий архитектурадаги «қизил гиламча» бўлади ва уни дунёдаги энг бозори чаққон меъморга айлантиради. Zaha Hadid Architects бюроси бир неча йиллик буюртмалар билан таъминланади, орадан 10 йил ўтиб Ҳадид 500 нафар архитектордан иборат ходимлар жамоасига етакчилик қила бошлайди, улар дунёнинг 44 мамлакатида мингдан ортиқ лойиҳани амалга ошира бошлашади.
Лондонда ўтган ёзги олимпиада ўйинлари учун махсус яратилган лойиҳа Ҳадиднинг энг машҳур ижодий ишларидан бирига айланади. Бинонинг асосий ютуғи унинг дизайнида эмас, балки имкониятларида эди. Олимпиада ўйинлари пайтида бино учта ҳовузи билан 17 500 томошабинни сиғдира олган ва кейинчалик енгил атлетика мусобақаларига учун мўлжалланган, 2500 кишини ўз ичига олувчи, ихчамгина мажмуага айланади.
Ҳайдар Алиев номидаги маданият марказининг қурилиши бутун дунёдан келган сайёҳлар учун Боку шаҳрининг жозибадорлигини янада оширади. Марказ «Архитектура» йўналиши бўйича «Design of the Year—2014» мукофотига сазовор бўлади. Бино қурилишида шишадан максимал даражада фойдаланилиб, натижада сунъий ёритишга эҳтиёж анча камаяди. Қуёш нури билан тўйинган марказ биносининг ичида Ҳайдар Алиев музейи, кўргазма заллари, маъмурий идоралар, ресторан ва кафелар бор.
Сўнгги йилларда Ҳадид фаолияти баҳс ва мунозараларга сабаб бўлади. Уни биноларда бўш жойдан самарасиз фойдаланишда айблай бошлашади. Масалан, унинг лойиҳаси асосида қурилган биринчи иншоот кўзда тутилган мақсад учун яроқсиз деб топилади ва кўргазмалар павильонига айлантирилади. Бундан ташқари, лойиҳаларни қуриш ва сақлаш жуда қимматга тушади. Улар ҳатто Ҳадидни, асосан, Хитой ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинмайдиган Яқин Шарқда бинолар қургани учун танқид қиладилар.
Пекиндаги «Galaxy SOHO» савдо-кўнгилочар мажмуасининг лойиҳаси Британия Архитекторлар Қироллик Институти мукофотига лойиқ кўрилади, бироқ маҳаллий аҳолининг ғазабини қўзғатади: қурилиш туфайли тарихий марказ вайрон бўлганди.
Қатардаги «Ал-Жануб» стадиони қурилиши вақтида ҳалок бўлган ишчи Ҳадидга нисбатан танқидларни кучайтириб юборади. Ушбу ҳодиса юз беришида архитектор айбдор деб топилади ва қилмишига яраша жавоб бериш талаб қилинади. Ҳадид ва Патрик Шумахер бунга жавобан архитектор ўз ишини аъло даражада бажариши ва ижтимоий адолат ҳақида бош қотирмаслиги кераклигини айтади.
Амалга ошмаган лойиҳалар
2016 йилнинг ёзида архитекторлардан Лондондаги Ҳитроу аэропортининг янги терминали қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўз таклифларини бериш сўралади. Танлов ташкилотчилари «Йўловчиларга хизмат кўрсатишда янгича ёндашилган, маҳаллий ҳамжамиятни ўзига жалб қиладиган ва Британия архитектурасининг энг яхши жиҳатларини очиб берадиган, жаҳон стандартларига мос аэропорт учун жасур ғоялар»ни излаётган эдилар. Биринчи ўрин Гримшаw архитектура бюроси лойиҳасига насиб этади.2015 йил ёзда Италиянинг Болзано шаҳрида 40 йил аввал ёпилган телеферик станцияни тиклаш учун танлов эълон қилинади. Zaha Hadid Architects ғолиб бўла олмайди ва биринчи ўрин Норвегиянинг Снøҳетта архитектура студиясига берилади.
2012 йилнинг октябрь ойида Заҳа Ҳадид бюроси Нью-Йоркдаги 425 Парк Авенюда осмонўпар бино қурилиши бўйича танловда иштирок этади. Студия баландлиги 213 метрдан ошадиган 40 қаватли уйнинг лойиҳасини тақдим қилганди. Лойиҳа финалчилар рўйхатидан жой олади, аммо ғолиблик Фостер+Партнерс бюросига берилади.
2010 йилда Голландиянинг Гаага шаҳрида рақс ва мусиқа марказини яратиш учун архитекторлар танлови ўтказилади. Лойиҳага кўра марказ майдони 46,5 минг квадрат метр бўлиши керак эди. Заҳа Ҳадид бюроси ушбу танловда Голландиянинг Neutelings Riedijk Architects студиясига имкониятни бой беради.
Тўсатдан келган ажал
«artnet.com» манбасига кўра, 2015 йилнинг охирида Zaha Hadid Architects санъат оламининг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига киритилади. 2016 йилнинг февраль ойида у Британия Архитекторлар Қироллик институтининг (RIBA) олтин медалини олган биринчи аёл бўлади.Аммо ўша йили (2016) кучли ва бир қарашда соғлом аёл бронхит билан касалланади. Майами клиникаларидан бирида даволанаётган меъмор 31 март куни тўсатдан вафот этади. Айрим маълумотларга кўра, таниқли дизайнер ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган. Афтидан, аёл узоқ вақт давомида юраги билан боғлиқ муаммоларни шифокорлардан яшириб келган.
Изоҳ (0)