Редьярд Киплингнинг «Жунгли китоби» номли ҳикоялар тўплами ва чангалзорда бўрилар тарбиялаган Маугли исмли болакай ҳақидаги мультфильм кўпчиликка яхши таниш. Бироқ унинг ҳақиқий прототипи — ҳиндистонлик Дина Саничар ҳақида кўпчилик билмаса керак. У ҳақиқатан бўрилар ичида улғайгани учун «Ҳиндистонлик бўри бола» сифатида танилган. 

Фото: Imaginarium Productions

«Чангалзор болалари» бадиий асарларда қобилиятли инсонлар сифатида тасвирланади. Одатда инсоний хислатлар уларда туғма равишда шаклланган, омон қолиш инстинкти эса кучлироқ ривожланган бўлади.

Масалан, Ромул ҳамда Ремус ҳақидаги афсонада дарё бўйига ташлаб кетилган ва бўри тарбиялаган эгизаклар ҳақида ҳикоя қилинади. Афсонага кўра, эгизаклар улғайиб, Рим шаҳрига — цивилизация марказига асос солади.

Ёзувчи Эдгар Берроуз қаламига мансуб Тарзан ҳақидаги китобнинг бош қаҳрамони маймунлар орасида ўсганига қарамай, севишга, оила қуришга ва бахтли ҳаёт кечиришга қодир бўлган, етук маданиятли инсон сифатида тасвирланади.

«Жунгли китоби» қаҳрамони Мауглига ҳам инсоний туйғулар ва ўткир ақл бегона эмасди. Гўдаклигида уни бўрилар тўдаси асраб олган бўлса-да, ор-номус, виждон, одамийлик нималигини биларди. У ҳатто душманлари билан ҳам ўзини ҳайвондай тутмасди. Чангалзорда ўсган ҳинд боласи ҳақидаги илк ҳикоялар Киплинг томонидан 1893 йили ёзилган. Бироқ ундан аввал яшаб ўтган Дина Саничар — ҳақиқий «Маугли»нинг ҳаёти Киплинг ҳикояларидаги каби фароғатли кечмаган.

Дина Саничар

Фото: Wahtsthatpicture / Wikimedia CommonsDin

1867 йил февраль ойида бир гуруҳ овчилар Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати Блундшаҳр туманидаги зич чангалзорда ғорга кириб кетаётган бўрилар тўдасига дуч келади. Ўша вақтлар минтақадаги қишлоқларга бўрилар тез-тез ҳужум қилиб турарди. Шу сабабли овчилар вазиятдан фойдаланиб қолишга шошилишади. Улар ғорга кириб кетган бўриларни бошқа кириш йўли тарафдан олов ёқиб ташқарига чиқишга мажбурлашни, кейин уларни ўққа тутишни режалаштиришади.

Тузган режалари осонгина амалга ошади, лекин улар ҳамма бўрини қириб-ўлдириб, кетишга чоғланган вақтда ғор ичидан ғалати товуш эшитилади — товуш бўриникига ўхшамасди. Номаълум жонзот ташқарига югуриб чиққан вақтда унинг бўри эмаслиги аён бўлади. У бўри каби ириллаб, тўрт оёқлаб юрувчи 5-6 ёшлар атрофидаги одам боласи эди.

Аввалига бола ўзини йиртқич ҳайвондек тутиб, ёнига ҳеч кимни йўлатмайди. Яқинлашган одамга ташланиб, тишлаб олади. Аммо бир неча соатдан сўнг унинг «қуввати тугаб», юзини ўлган бўрилардан бирининг мўйнасига, гўё унга мотам тутаётгандай, буркаб олади. Овчилар вазиятдан фойдаланиб уни қўлга киритишади. Бола фаол қаршилик кўрсатганига қарамай, овчиларга кучи етмайди: улар боланинг қўлини боғлаб, Агра шаҳридаги «Sikandra Mission» меҳрибонлик уйига олиб кетишади.

Меҳрибонлик уйида унга Саничар деб исм қўйишади. «Саничар» маҳаллий тилда «якшанба» маъносини англатади, бола айнан шу кунда топилганди. Унга алоҳида хона бериб, меҳрибонлик уйидаги бошқа етимлар каби оддий ҳаёт кечиришини таъминламоқчи бўлишганди. Лекин Саничар инсонга хос одатларни ўзлаштира олмайди: тўрт оёқлаб юришда давом этади, гапни тушунмайди ва бир оғиз ҳам гапирмайди. У билан мулоқот қилишга уринганларнинг барчасига ириллаш, увуллаш каби йиртқичга хос товушлар билан жавоб беради.

Бола қачондир ўрмонга ташлаб кетилгани ва бўрилар ичида тарбия топгани аён эди. Меҳрибонлик уйи ходимлари Саничарни инсоний қиёфага келтириш учун қўлидан келган барча чораларни кўрганига қармай, у деярли ўзгармайди. Бола кийинишдан қатъиян бош тортиб, эгнидаги кийимларни ҳар сафар йиртиб ташлайверади. Бундан ташқари, хом гўшт ва суякдан бошқа ҳеч нима емайди. Юзида эса инсоний ҳис-кечинмаларни англатувчи табассум ё кулги каби ифодалар йўқ эди.

Муассаса ходимлари қанчалик уринмасин, Саничар гапиришни ўрганмайди. Ҳатто энг содда сўзларни ҳам ўзлаштира олмайди. Вақт ўтиши билан тажовузкорлиги камайиб, итоаткорлиги ошиб борган бўлса-да, Дина атрофидаги одамларнинг ҳеч қайсиси билан яқин муносабат ўрнатишни истамайди.

Бироқ меҳрибонлик уйига яна қаердандир топиб олинган ёввойи болакай олиб келинганида унинг хатти-ҳаракатида қизиқ ўзгариш содир бўлади. Икки ёввойи болакай тезда тил топишади, вақтини доим бирга ўтказиб, тунлари ҳам бирга ухлайди. Саничар дўстига сув идишдан фойдаланишни ҳам ўргатади. Бироқ уларнинг қувончи узоққа чўзилмайди. Иккинчи бола жуда нимжон ва касалмандлиги учун тез орада вафот этади. Айтишларича, бу айрилиқ Динанинг руҳиятига жуда оғир таъсир қилиб, у илк бор ғазаб ва қўрқувдан ташқари инсоний дард ҳиссини ҳам намоён қилган.

Фото: «kot-pes.com»

Ходимлар уни одам бўлишга ўргатишда давом этади, лекин натижа деярли сезилмасди. Саничар фақат ликопчадан овқат ейиш, ёқмаса ҳам одамлардай кийиниб юриш каби айрим одатларни ўзлаштиради холос.

Одамлар орасида ўтказган деярли сал кам 20 йили давомида у ўзига таклиф қилинган таомлардан фақат хом гўштни маъқул кўради, оғзаки ва ёзма нутқи эса умуман ривожланмайди. Унда фақат айрим содда сўз ва жумлаларга нисбатан тушунча пайдо бўлади. Боз устига, Дина чекишни ўрганиб олиб, тамакига қаттиқ ружу қўяди.

Саничарнинг шу вақтгача сақланиб қолган суратларида унинг ёввойи қиёфаси бутун бўй-басти билан намоён бўлган: кўзлари олайган, кийимда ва тик оёқда ўзини қандай тутишни билмаётгани сезилади.

Одамлар орасида ўзлигини топа олмаган ва умрининг охиригача ёввойилигича қолган Дина Саничар 1895 йили сил касаллигидан вафот этган.

Муаллиф:Рафиқ Ўзтурк