Россия Ғарбни обрўсизлантириш ва Украина атрофидаги вазиятни мураккаблаштиришга қаратилган киберҳужумлар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес маълум қилди, деб хабар беради The Times.

Фото: Getty Images

«Россиянинг жисмоний босқини кибермаконда ҳам амалга оширилишини кутган бўлардим… Обрўсизлантириш ҳам ушбу воситалар тўпламининг бир қисмидир», — дея таъкидлайди у.

Мудофаа вазирлигидаги юқори мартабали амалдор Лондон Москва ўн минглаб аскар ва танклар Украинага бостириб кирганида «Ғарбни чалғитиш» учун «кўплаб киберҳужумлар»ни ўтказади, деб ҳисоблаётганини газетага тасдиқлаган.

Бошқа ғарб мамлакатлари, шунингдек, Россиянинг ёлғон маълумотлар тарқатишига, ижтимоий тармоқларни фейк хабарлар билан тўлдириши ва Ғарбни бўлиб юбориш мақсадида ботлардан фойдаланишига тайёрланмоқда, деб ёзади Times

18 январь куни Британия вазири Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуни Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш учун Лондонга таклиф қилганди. Россия вазири «хавфсизлик бўйича барча муҳим масалаларни муҳокама қилишга тайёрлиги»ни тасдиқлаган, бироқ музокараларни Москвада, Уоллес учун қулай вақтда ўтказиш таклифини берган.

Уоллес BBC’га берган интервьюсида Россияга ташриф буюриши ва Шойгу билан учрашишини тасдиқлаган. У дипломатик муваффақиятга умид қилмаслигини, лекин Россиянинг Украина ҳудудига «босқинини» тўхтатиш имкониятига мавжудлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 27 январь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигида Москва «ҳатто рус ва украин халқи ўртасида уруш бўлиши ҳақидаги ғояни номақбул деб ҳисоблаши» маълум қилинди. 28 январь куни Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин «Россия Украина билан урушмайди», бироқ бу «давлатларимизни бир-бирига қарши қайраш учун ҳамма ишни қилаётган Вашингтонни қаноатлантирмайди» деди.