Ўзбекистонда электр энергияси таъминоти 25 январь соат 21:50 ҳолатига кўра 45 фоизга тикланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳозирги пайтда мавжуд иссиқлик электр станцияларининг энергоблоклари босқичма-босқич ишга туширилиши давом эттирилмоқда.
Ўзбекистонда кузатилган электр энергиясининг йирик носозлиги хронологияси
25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Тошкент метрополитени фаолияти ҳам тўхтаган, Республикадаги барча поездлар ўз манзилларига кечикиб етиб бориши айтилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ эса тибандликларнинг олдини олиш мақсадида кўчага зарурат бўлмаса, шахсий машинада чиқмасликни тавсия қилмоқда.Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ҳожикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланган. «Дарё» нашри ходимлари ва ўқувчиларининг хабар беришича, Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр таъминоти тикланган.
Кейинроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов «вазият шахсан президент назорати остида» эканини маълум қилиб, фуқароларни саросимага тушмасликка чақирди. Шавкат Мирзиёев топшириғи билан электр энергиясида кузатилаётган носозлик бўйича комиссия тузилди. Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон ва Хоразмда электр энергияси тўлиқ тикланганини хабар қилди. Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятининг бир қатор ҳудудларида ичимлик суви таъминоти тикланди. Тошкент ИЭСнинг фаолияти қисман тикланиб, 7 та энергоблокдан 5 таси барқарор иш фаолиятига келтирилди.
Энергия танқислиги ортидан Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тўхтатди. Газли, Шўртан ҳамда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та кон фаолиятини вақтинча тўхтатди.
ССВ Зангиота ковид-марказларидаги электр энергияси билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Тошкентдаги темир йўл вокзалларида 19:00 дан бошлаб электр энергияси тиклани маълум қилинди. Энергетика вазирлиги 25 январь, соат 19:30 ҳолатига кўра, республика ҳудудларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Изоҳ (0)