2021 йилда халқаро пул ўтказмалари орқали республикага 8,1 миллиард миқдорида валюта маблағлари келиб тушган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган Ички валюта бозорининг 2021 йил ҳолати бўйича қисқача шарҳида сўз боради.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, ушбу кўрсаткич 2019−2020 йилларга нисбатан 34 фоизга ошган (6 миллиард доллар). Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали республикадан 1,6 миллиард доллар миқдорида валюта маблағлари четга жўнатилган.

2021 йил давомида ташқи савдо айланмасининг жадаллашиши кузатилди. Хусусан, экспорт тушумлари ҳажми (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йилга нисбатан 34 фоизга ўсиб, 11,6 миллиард долларга етган. Шунингдек, импорт тўловлари ўтган йилга нисбатан 25 фоизга ошиб, 25,7 миллиард долларни ташкил этган.

Ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган талабнинг умумий ҳажми 2021 йилда 26,1 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 ва 2020 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,7 ва 1,3 баробарга ошган.

Ички валюта бозорида чет эл валютасидаги умумий таклиф ҳажми 2021 йилда 22,9 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробарга ўсган (2020 йилда — 14,3 миллиард доллар, 2019 йилда — 11,7 миллиард доллар).

Хусусан, мазкур даврда:

  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 11 миллиард доллар миқдоридаги чет эл валюталари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ошди (2020 йилда – 6,7 млрд. АҚШ долл.);
  • банклар ва жисмоний шахслар томонидан сотилган чет эл валюталари миқдори 7,4 миллиард доллар ёки ўтган йилга нисбатан 44 фоизга кўп бўлган (2020 йилда – 5,1 миллиард доллар).

Аввалроқ Ўзбекистонда меҳнат мигрантларининг даромадини икки томонлама солиққа тортмаслик белгиланаётгани, Россиядаги меҳнат мигрантлари маоши қанчалиги, Ўзбекистонда «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими фаолияти йўлга қўйилиши тўғрисида хабар берилганди.