Самарқандда «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида биринчи ўринни олган ўқувчига ишлатилган ноутбук совға қилингани тўғрисида хабар берилганди. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов айни пайтда ўтаётган вилоят Кенгаши сессиясида мазкур ҳолатга муносабат билдириб ўтди, деб хабар беради Zarnews.
«Мана шу масалани кўтариб чиққан журналист ва блогерларга, раҳмат. Бундан раҳбарлар хулоса қилиши керак. Танқид қилган одамни ёмон кўриш керак эмас, кўтарилган муаммони ҳал этиши лозим. Танловни ўтказишга масъулиятсизлик билан ёндошгани учун туман ҳокимининг ёшлар сиёсатига масъул ўринбосарига дастлаб ҳайфсан, берилганди. Аммо кеча вазифасидан озод этдик.
Бундай тадбирларни сохта обрў орттириш, кимларгадир яхши кўриниш учун ўтказмаслик керак», — дейди Турдимов.
Аввалроқ Нуробод тумани ҳокимининг фармойиши билан IT-танловда ғолиб бўлган ёшларни тақдирлашда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Наврўзбек Жалолиддиновга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига асосан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилганди. Кейинроқ у ишдан бўшатилгани маълум бўлди.
Шунингдек, Нуробод тумани Халқ таълими бўлими таълим жараёнига АКТни жорий этиш шўъбаси бош мутахассиси Аслиддин Дангалов билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам 17 январдан эътиборан бекор қилинган. Кейинчалик IT Park ғолибга берилган ноутбук янгисига алиштириб берилганини маълум қилди.
Изоҳ (0)