Индонезия ҳукумати мамлакат пойтахти Ява оролидан шарқдаги Калимантан оролига кўчирилишини эълон қилди. Бунинг учун қарийб 32 миллиард доллар ажратилган, деб хабар беради «ТАСС».

Фото: The Nomadvisor

Мамлакат президенти Жоко Видодо Индонезия пойтахтини Жакартадан кўчириш борасидаги режаларни 2019 йилда маълум қилганди. Бироқ пандемия сабаб лойиҳани амалга ошириш ишлари тўхтаб қолган. Режага кўра, пойтахтни кўчириш ишлари 2024 йилда якунланади.

Бу каби қарор Жакарта ва унинг 30 миллионлик аҳолиси билан боғлиқ комплекс муаммолар сабаб қабул қилинган. Узундан-узоқ тирбандликлардан ташқари, шаҳар сув остига чўкиб бормоқда — йилига тахминан 15 сантиметр.

Янги пойтахт Нусантара деб аталиб, унинг таржимаси «архипелаг» маъносини беради.

«Ушбу ном Индонезиядан ташқарида ҳам кенг тарқалган ва давлатни худди архипелаг каби қисқача тавсифлайди», — дейди миллий ривожланишни режалаштириш вазири Сухарсо Моноарфа.

Таъкидлаш керакки, Индонезиянинг ўзи 18 мингта оролдан иборат дунёдаги энг йирик архипелагда жойлашган.

Аввалроқ Жакартадаги кўп сонли тирбандликлар сабабли меҳнат унумдорлигини йўқотиш йилига тахминан 7 миллиард долларни ташкил қилиши маълум бўлганди.

Маълумотларга кўра, аҳолининг атиги 5,8 фоизи Калимантанда истиқомат қилади ва ЯИМнинг 8,2 фоизини ташкил қилади. Оролда замонавий аэропортлар ва яхши йўллар, шунингдек, ичимлик суви мавжуд. Расмийлар асрлар давомида пойтахт бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган замонавий, ақлли ва яшил шаҳар қуришни режалаштирмоқда.

2030 йилга келиб Жакарта аҳолиси 35,6 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Бу эса дунёнинг энг кўп аҳолиси бўлган шаҳарга айланишига ёрдам беради. Шаҳар мамлакатнинг асосий тижорат маркази бўлади. Жакартанинг сув остида қолишининг олдини олиш учун расмийлар катта тўлқинлардан ҳимоя қиладиган улкан девор қуришни режалаштирмоқда.