«Дарё» турли соҳаларда катта ютуқларга эришган таниқли инсонларнинг оналари билан суҳбатлашиш мақсадида «Машҳурларнинг онаси» лойиҳасини бошлашга қарор қилди. Лойиҳанинг илк сонида 2021 йилнинг 28 декабрь куни Польшанинг Варшава шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида ғолибликка эришган 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовнинг онаси Марзия Очилова билан суҳбатлашиш ниятида уларнинг хонадонига ташриф буюрди.

— Марзия опа, ўғлингизнинг яқинда Польшада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликка эришгани билан табриклаймиз. Ўша пайтда кўнглингиздан нималар кечгани биз учун қизиқ.

— Ҳис-ҳаяжон, албатта, бўлди. Чунки бу жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли шахматчилари иштирок этди. Нодирбек рапид йўналиши бўйича 59-старт олган бўлса, блиц йўналишида 25-старт олди. Лекин охирги натижаларига кўра, яхши ўйнади.

Нодирбек Абдусатторовнинг онаси Марзия Очилова

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Варшавадан олдин Испанияда ўтказилган иккита халқаро мусобақада ҳам қатнашиб, иккаласидаям биринчи ўринни қўлга киритди. У ерда анча малака оширгани Польшадаги жаҳон чемпионатида катта ёрдам бўлди ва ғалаба қозонди.

Варшавадаги ўйиндан кейин Италияда бўладиган очиқ турнирга боришимиз керак эди. Аммо фарзандим рапид йўналишида ғолиб бўлганидан сўнг у мусобақани бекор қилиб, Тошкентга қайтдик.

— Ўғлингиз шахматга қизиқишига нима сабаб бўлган? Унинг танлови сизларни иккилантирганми ҳеч?

— Оилавий муҳит туфайли шу спорт турини танлаган. Дадаси шахматни яхши ўйнайди ва тушунади, ўқувчилик даврида ҳам мусобақаларда қатнашган. Кейинчалик фарзандларимизга ҳам ўргатди. Бошида катта ўғлимиз Ҳумоюн, вақт ўтиб қизимиз Баҳора шахмат ўйнай бошлади.

Нодирбек Абдусатторовнинг оила аъзолари

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати

Уларни шахмат тўгарагига олиб борган кезларимиз Нодирбекни боғчага берардик. Ҳумоюн ва Баҳора билан тўгаракдан қайтгунимизча, кенжамни боғчадан олишга кечикиб кетардик. Кейинроқ Нодирбекни ҳам ўзимиз билан бирга тўгаракка олиб кетадиган бўлдик. У ердаги ўғил-қизларнинг ҳаракати, ўйинларини кўриб, ўзиям тақлид қиларди. Унга ҳеч ким шахмат доналарини кўрсатиб, қандай юриш кераклигини ўргатмаган. Ҳаммасини ўзи ўрганиб, ҳаракат қилган.

Нодирбекнинг қизиқишини кўрган биринчи мураббийи Равшан Шукуров у билан ҳам жиддий ишлаш нияти борлигини билдирди. Бошида ҳафтада 3 кун машғулотлар ўтилган бўлса, кейинчалик ҳар куни икки маҳалдан дарсларга қатнадик. Шу тариқа ўзимиз ҳам шахматга жиддий киришиб кетдик, фарзандларимиз эришган натижаларини кўриб, яна ҳаракат қила бошладик.

Фото: «Sof.uz»

Нодирбек беш ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Осиё, жаҳон чемпионатларида ҳам иштирок этди. Ҳар мусобақага борганида, камида биринчи учталикка кириб келарди. Чет элга чиққанида, ўз вақтида овқатини еб, барвақт ухлаши керак. Шу сабаб кейин ўзим бирга борадиган бўлдим. Агар бола вақтида ухламаса, овқат емаса, яхши натижа кўрсатмайди. Нодирбекнинг ёнида юриб, еб-ичиши ва уйқусини назорат қилиб бордим. Мураббийи машғулотлар ўтказиб, тайёрларди, ўғлим эса ўйнарди. Меҳнатларимиз сабаб охири жаҳон чемпионига айланди.

— Демак, Нодирбекнинг хорижда ҳамроҳи кўпроқ сиз бўласиз, шундайми?

— Ҳа, шунақа. Масалан, чет элга бир ўзини юборсангиз, бола-ку, у ерда барибир чалғийди. Ҳозир интернет ўйинлари кўп. Ўзбекистонда туриб, ўғлим хорижда нима қилаётганини билмаймиз. Шунинг учун унга қўшилиб, бирга бораман. Меҳмонхонадан ошхонаси бор хонани олиб, витаминларга бой миллий таомларимизни тайёрлаб бераман. Уйимиздаги муҳитни яратишга ҳаракат қиламан.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

— Катта фарзандларингиз ҳам шахматдаги фаолиятини давом эттиряптими?

— Тўнғич ўғлим ҳам шахматни яхши ўйнарди. Лекин кейинчалик ҳарбийликка қизиқиб, шу соҳани танлади. Қизим Баҳорани ҳам Нодирбек билан бирга мусобақаларга олиб чиқардим. У 2013 йил жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган. Аммо борган сари икки фарзанд учун сарфланадиган харажатлар миқдори ортиб борди. Битта оиладан уч кишининг хорижга чиқиб-келиши, меҳмонхонада туриши, еб-ичиши учун кўп маблағ кетарди. Моддий томондан қийнала бошладик.

Фото: Sputniknews

Кейин Баҳорага вазиятни тўғри тушунтириб, бор эътиборни Нодирбекка қаратишга қарор қилдик. Унинг кўрсатаётган натижалари дунёдаги бошқа тенгдошлариникидан анча кучли эди, рейтингини сақлаб қолишга киришдик. Қизим ҳам оилавий аҳволимизни тўғри тушуниб, «Майли, Нодирбек ғалаба қозонса, худди ўзим ютгандек хурсанд бўламан», деб шахматдан бироз чекинди. Агар ўша вақтда Баҳорани ҳам қўллаб-қувватлаганимизда, укаси каби шу даражага етарди. Лекин маблағ етказа олмаганимиз учун қизим бироз чекинган. Тўғриси, бундан афсусланамиз. Аммо ўшанда оиламизда фақат турмуш ўртоғим ишлаб, даромад топарди, холос.

— Тушунишимча, Нодирбекнинг ҳомийси фақат дадаси, тўғрими?

— Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Шахмат федерацияси ҳам эътибор қаратади. Улар Жаҳон ва Осиё чемпионатида кўмаклашади. Шундай бўлса-да, барибир бошқа харажатлар ҳам бўлади ва ўз ҳисобимиздан қоплаймиз. Халқаро мусобақаларга эса оилавий маблағимизга кучимиз етганича борамиз. Бундай  мусобақаларга боришдан мақсад — тажриба ошириш ва гроссмейстерлик талабини бажариш.

Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Рустам Қосимжонов билан. 2012 йил

Фото: Ҳусниддин Ато

Шу ўринда алоҳида айтишим керакки, Нодирбекка икки-уч йил бир суғурта компанияси ҳомийлик қилди. Уларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Уларнинг ёрдами билан бир қанча халқаро мусобақаларда яхши натижа кўрсатди, гроссмейстерлик талабини бажарди.

— Фарзандингизнинг бир йиллик харажати қанчани ташкил қилади?

— Катта спортга катта маблағ кетади. Ҳар бир мураббийнинг ўз талаблари бор. Хориждан мураббий чақирсангиз, албатта, кўп ҳақ олади. Масалан, Волаген билан бир ҳафталик дарси учун 4 минг доллар атрофида пул кетган.

— Ўғлингиз адолатсизликлар, моддий қийинчиликларга учраганда, шахматни тарк этиш фикрига борганми ҳеч?

Фото: Ҳусниддин Ато

— Бундай фикр ҳозир ҳам бўлади. Спортчи ҳам руҳан, ҳам жисмонан кучли бўлганида, жуда яхши ўйнайди. Шундай пайтларда биз ҳам қанча пул кетса қўллаб-қувватлаймиз. Аммо омадсизлик пайтлари, ютқазиб қўйганида, шахматни ташлагиси келади (кулади). Бу спорт-ку, ҳар доим ҳам ғалаба қозонмайди. Ана шундай дамларда унга далда бўлиб, «Спортда бугун ютқазсанг, эртага ютасан. Ҳар битта мағлубиятинг сенга дарс бўлсин, эртанги ўйининг учун сабоқ бўлсин», деб тушунтираман, руҳини кўтаришга ҳаракат қиламан.

— Нодирбекнинг фикр-у ҳаёли, ҳаракатлари фақат шахмат билан боғлиқми ёки бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланадими?

— Рус ва инглиз тилини яхши ўзлаштирди. Ҳозир араб тилини ўрганяпти. Тўртинчи тил сифатида французча ёки испанчани ўрганишни режалаштиряпмиз. Спортнинг бокс тури билан шуғулланади, сузишга ҳам олиб бораман. Бундан ташқари, ҳар куни оилавий икки соат жисмоний машқлар бажарамиз.

— Нима учун кўпроқ сиз вақт ажратасиз фарзандларингизга?

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

— Турмуш ўртоғим ҳарбий бўлгани боис кўп вақти ишхонада ўтарди. Шунинг учун фарзандларнинг ўқиши, машғулотларга олиб бориш, халқаро мусобақаларга боришга ҳужжатларини тайёрлаш билан қўлимдан келганича ўзим шуғулланардим. Кейин бу каби жараёнлардан қийналганим учун умр йўлдошим нафақага чиқишга қарор қилди. Ҳозир биргаликда ҳаракат қиляпмиз.

— Биламизки, бугунги кунда кўп ёшларнинг вақти ижтимоий тармоқлар, айниқса, тик-ток платформасида ўтади. Уларни шахматга қизиқтириш борасида нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Болани кичкиналигидан нимага иштиёқи борлигини ота-она билса бўлади. Нодирбекнинг шахматга нисбатан қизиқиши борлигини сезганман. Мураббийлари ҳам бир кўришда бундан жаҳон чемпиони чиқишини сезишган. Чунки болалигида ҳам хотираси кучли, ҳаракатчан эди.

Фото: «Дарё» / Илҳом Хурсаналиев

Интернет ривожланган, компьютер ўйинлари кўпайган ҳозирги даврда болани тарбиялаш жуда қийин. Ота-она ҳар доим назорат қилиб туриши керак. Ўзим ҳам назоратни ҳеч қачон ташлаб қўймайман. Борадиган жойларимдан, байрам, тўйлардан воз кечаман. Болаларимга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан.

— Келажакда Нодирбекка Ўзбекистонда эътибор берилмай қолса, у фаолиятини бошқа давлат номидан давом эттириши мумкинми?

— Шахматни 2008 йилдан бошлаган бўлсак, шу вақтгача жуда кўп қийинчиликлар бўлди, бошқа давлатлардан таклифлар тушди. Ҳатто хориждан уйлар, катта стипендиялар, мукофот пуллари таклиф қилинди. Лекин уларга қизиқмадик. Нодирбекнинг ўзи ҳам рози бўлмаган, «Ҳеч қачон чет давлат фойдасига ўйнамайман. Бошқа мамлакатда яшасам ҳам Ўзбекистон учун ўйнайман», дейди.

— Ўғлингизни Польшада қўлга киритган ғалабаси ватандошларимизни беҳад қувонтирди. Аммо у ва бошқа шахматчилар аэропортда муносиб кутиб олинмагани танқид ҳамда муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолатга сизнинг муносабатингиз қандай?

Фото: FIDE

— Ўзимиз ҳам дабдаба билан кутиб олинишини хоҳламагандик. Чунки байрам кунлари, ярим кечаси соат 02:00 эди. Лекин кейин чиройли тадбир қилиб берилди.

— Ўзбекистонда спортчиларни тадбирма-тадбир олиб юриш, уларнинг режаларига ўзгартириш киритиш ҳолатлари кўп бўлади. Бу борадаги фикрларингизни ҳам билмоқчи эдик.

— Хафа қилмаслик учун иложи борича асосий тадбирларга борамиз. Лекин дарс ва шахмат машғулотларига тўғри келиб қолган тадбирларга таклиф этишса, рад жавобини берамиз. Баъзилар бундан хафа бўлиб, назарига илмади, ҳурмат қилмади, дейди. Аслида ундай эмас. Зарур ишларини ташлаб, тадбирларга борса, барибир чалғийди.

Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов билан. 2012 йил

Фото: Ҳусниддин Ато

— Фарзандини шахмат тўгаракларига бермоқчи бўлган ота-оналарга ёки шу спорт турига қизиқаётган ёшларга қандай маслаҳатларингиз бор?

— Шахматни бошлаган пайтларда бир, икки йил натижа бўлмаслиги мумкин. Кўп ота-оналар шу муддат ичида натижа бўлмагач, боласини машғулотларга олиб боришни тўхтатади. Аммо берилган вазифаларни вақтида бажариш керак, қийинчиликларни енгиш лозим. Шундагина натижага эришиш мумкин.

Шахмат билан фақат ғолиб бўлиш учун шуғуллантириш керак эмас. Бу спорт тури боланинг мактабда яхши ўқиши, зеҳнининг ўткир бўлиши, эслаб қолиш қобилиятининг ўсиши, мустақил қарор қабул қилишида катта ўринга эга, яхши томонлари кўп.

Нодирбек Абдусатторов ота-онаси билан

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ютуқлар, албатта, қийинчиликларсиз қўлга киритилмайди. Нодирбекни кунига икки маҳалдан машғулотларга олиб борардим. Тушликдан кейинги машғулотдан жуда кеч қайтардик. Ўғлим чарчаганидан автобусларда ухлаб қоларди. Уни бекатдан уйгача кўтариб келардим. Шу каби қийинчиликларни бошдан кечириб, енгиб ўтганмизки, Аллоҳ ютуқларга эриштиряпти. Қийинчиликларсиз бир нарсага эришиб бўлмайди.

— Давлат раҳбарининг фармонига кўра, Нодирбекка икки хонали уй совға қилинди ва «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди. Янги хонадонга кўчиб ўтиш қачонга режалаштириляпти?

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

— Худо хоҳласа, албатта, кўчиб ўтамиз. Фурсатдан фойдаланиб, эътибор ва мукофотлар учун юртбошимизга раҳмат айтаман. Фарзандимнинг мураббийлари ҳамда илиқ тилаклар билдирган шахмат мухлисларидан ҳам миннатдорман. Шахмат федерацияси ва вазирлик раҳбариятининг ҳам катта ҳиссаси бор.

Муаллиф:Миролим Исажонов