Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Миробод туманида бир нечта дарахтларнинг таги асфальтлаб кетилгани акс этган суратлар тарқалди. «Дарё» мухбири ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Отабек Қосимовдан изоҳ олди.
У Кичик Бешёғоч кўчасида содир бўлган ҳолатни тасдиқлади. Қосимовнинг сўзларига кўра, дарахтларнинг таг қисми асфальтлаб кетилганига анча бўлган. Аммо айнан қайси санада ва ким томонидан қилингани номаълум.
«Бу ҳолат, шубҳасиз, тўғри эмас. Дарахт четлари очиқ бўлиши керак. Норма бўйича 1 метр, камида ярим метр масофа бўлиши лозим. Ободонлаштириш ишларини олиб бораётганда шундай қоплаб кетилган. Ҳолатни бугуннинг ўзида бартараф қиламиз. Дарахтларни ким асфальтлагани аниқланади ва уларга қонунда белгиланган жарима чоралари кўрилади. Лекин бу ҳолатга анча бўлган, камида бир йил», — дейди Отабек Қосимов расмий изоҳда.
«Дарё» суриштирувидан сўнг, дарахтлар тагидаги асфальт олиб ташланиб, ҳолат бартараф этилган.
Мавзуга доир:
- Жиззахда 75 туп дарахт атрофи бетонлаб юборилгани акс этган суратлар тарқалди. Экология қўмитаси ҳолат бўйича маълумот берди
- Юнусободда ишчилар дарахтлар атрофини бетонлаб ташлади
- Юнусободда қурилиш режалаштирилган ҳудуддаги 4 та қарағай кесиб ташланди. Декабрда бу ердаги 10 та қарағай арралаб кетилганди
Изоҳ (0)