14 январь куни соат 11:15 да Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Туркиянинг Aksa Enerji компанияси томонидан қурилган буғ-газ электр станцияси Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.
Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, қуввати 240 МВт бўлган ушбу иссиқлик электр станцияси йилига 2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Қурилмаларнинг фойдали иш коэфициенти юқорилиги ҳисобига, йилига 290 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газ ҳисобига қўшимча 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Умумий қиймати 150 миллион долларга тенг бўлган мазкур лойиҳа Туркиянинг Aksa Enerji компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилди.
Мазкур электр станция Aksa Enerji компанияси томонидан республикада ишга туширилган иккинчи ИЭС ҳисобланиб, биринчиси 11 январь куни Бухоро вилоятида (қуввати 270 МВт) ишга туширилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 4 мартида имзоланган президент қарорига кўра, Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ва қуввати 230 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш ҳамда Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш белгиланган.
Изоҳ (0)