1995 йилнинг 25 февралида бокс тарихида абадий қоладиган жанг бўлиб ўтган. У бир вақтнинг ўзида ҳам йил жанги (The Ring талқинига кўра) ва йил фожиаси сифатида мухлисларнинг ёдида қолган. Жеральд Маклеллан ва Найжел Бенн ўрта вазн тоифасидаги чемпионлик камари учун оғир жанг ўтказади, аммо жангдан фақатгина улардан бири соғ чиқди.

Маклеллан ҳақиқий тажовузкор бўлган: у нокаутчи ва итлар жангининг мухлиси эди

Жеральд Маклеллан бугун топиш мушкул бўлган боксчилардан бўлиб, ундан соф тажовузкорлик уфуриб турарди. У рақибларини фақат нокаутга учратиш учун рингга чиқарди, босим ўтказиш ва кучга эътибор қаратарди. Фаолиятининг бошидаги иккита жангидан ташқари барча рақибларини нокаутга учратган (31 тадан 29 тасида муддатдан олдин ғалабага эришган). У ҳатто Мини-Тайсон лақабини ҳам олганди.

Шунингдек, у итлар жангини ҳам яхши кўрарди. У ерда жуда кўп шафқатсиз нарсалар содир бўлган. Бир сафар унинг ити жангда мағлуб бўлади ва ўлар даражада яраланади. Жеральд итининг азоб чекмаслиги учун уни отиб ташлайди. Боксчининг мураббийи Стен Жонсон Observer нашрига берган интервьюсида яна бир қўрқинчли воқеани айтиб берганди: «У қора лабрадорни (ит зоти) ертўлага олиб тушиб, итнинг оғзини боғлаб қўйди ва унинг ёнига питбуллни қўйиб юборди. Ўзи эса питбулл лабрадорни ўлдириши учун қанча вақт кетишини билиш учун соатга қараб турди».

Маклеллан биринчи раунддаёқ Бенни нокаутга учратишига бир бахя қолганди

1992 йилда Маклеллан Дон Кинг билан шартнома имзолайди. Бу одам ҳар доим боксчиларини чемпионлик жангларига олиб бориб, якунда уларни «иштонсиз қолдириши» билан билан машҳур бўлган. Кўп ўтмай Кингнинг таъсири остида Маклеллан ўз мураббийи — афсонавий Эммануэль Стюард билан ҳамкорликни тўхтади. Стюард бунгача ҳеч бўлмаганда Жеральднинг ошиб-тошиб кетаётган кучини жиловлаб, уни тўғри йўналтиришга ҳаракат қиларди.

Америкалик боксчи Беннга қарши жангга Жонсон қўл остида чиқади. У Жеральдга Стюард каби муносабатда бўлмасди. Бу 27 йил олдин содир бўлган фожианинг асосий омилларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Жанг Буюк Британияда, Беннинг ватанида бўлиб ўтади. У ўша вақтда суперўрта вазн тоифасида (76,2 килограммгача) жаҳон чемпиони бўлган, Жеральд билан жангдан олдин олти марта чемпионлик камарини ҳимоя қилганди. Рингга чиқишдан олдин Найжел Британия жамоатчилиги кўз ўнгида, Лондонда уни ҳеч қайси америкалик мағлуб эта олмаслигини айтади. Бироқ Маклеллан жангнинг яққол фаворити ҳисобланарди. Ва биринчи раунддаёқ у Беннни нокаутга учратишига бир бахя қолди — жуда оғир нокдаун ҳолати. Британиялик қийинчилик билан ўрнидан туриб, гонг янграгунига қадар базўр «туриб берди».

Танаффус пайтида Найжел ўзига келди ва рақибини дўппослашга шай ҳолатда эди. Саккизинчи раундга келиб, Маклеллан Беннни яна йиқитди, лекин унинг ўзи ҳам бошига бир қанча жуда оғир зарбаларни ўтказиб юборганди. Кейинчалик боксчининг синглиси Лиза Маклеллан мураббийдан жангни тўхтатишни сўраганини ва ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтганини маълум қилганди. Кинг томонидан қўйилган Жонсон эса унга қулоқ солмаган.

Маклеллан ўнинчи раундни давом эттира олмади, Кинг эса асл юзини кўрсатди

Тўққизинчи раундда зарбалар алмашинуви бўлиб ўтди, шундан сўнг Бенн учинчи марта рингга қулади. Бироқ нокдаун бўлмади — британиялик ўнг томондан кучли зарба бермоқчи бўлиб, йиқилиб тушди. У йиқилаётиб, тасодифан боши билан Маклелланнинг жағига урилиб кетди. Америкалик зарбдан ўзини йўқотиб қўйди. У кўзларини пирпиратар ва оғзидан капасини тушириб юборганди.

Ўнинчи раунд олдидан Жеральд яна мураббийдан жангни тўхтатишни сўраган, аммо яна бундан наф чиқмайди. Яна рингга чиқишга тўғри келади. Маклеллан жағидан жуда кучли зарба ўтказиб юборади, тиззаси билан ўтиради ва капасини чиқариб ташлайди. У саноқ якунлангунча ўрнидан туради, лекин кейинги зарбадан кейин яна тиззаси билан ўтириб қолади. Бенн ғалаба қозонади. Ҳакам ҳисобни тугатган заҳоти Жеральд ўрнидан туради ва бурчак томон юради. Бу вақтда бир гуруҳ одамлар чемпионни янги камар ҳимояси билан табриклаш учун рингга отилиб чиққанди.

Бурчакда Маклеллан аввалига арқонга суяниб турди. Кейин ерга йиқилиб, ҳушидан кетди. Унинг олдига шифокорлар югуриб келади. Жеральд замбилга ётқизилган ҳолда касалхонага олиб кетилади.

Боксчининг жароҳатлари жиддийлиги маълум бўлишидан олдин Кинг шундай деганди: «Маклеллан худди ўша ит каби таслим бўлди».

«У ғамгинми ёки хурсанд»? Маклеллан ва Бенн 12 йилдан кейин учрашди

Маклеллан комага тушади. Икки ҳафтадан кейин у комадан бошқа одам бўлиб чиқади. Унинг кўзлари деярли кўрмасди, шунингдек, у эшитмасди ҳам. Жеральд мустақил ҳаракат қила олмас ва кундалик парваришга муҳтож бўлиб қолади. Шу билан бирга Маклеллан фикрлаш ва ҳис қилиш қобилиятини йўқотмайди. У ногирон ҳолида эски дўсти Рой Жонснинг нокаутга учраганини кўрганида йиғлаб юборади. Жеральд бир пайтлар Жонсни ҳаваскор боксда мағлуб этганди, энди эса ногиронлар аравачасида ўтиришга мажбур.

Журналистлар унинг олдига келиб, ўзига қандай боксчи бўлганини айтиб беради. Маклеллан улардан сўрайди: «Мен ҳақиқатан ҳам яхши боксчи эдимми? Жуда яхшими»? Бунга у ҳар доим ижобий жавобларни олади. 2007 йили Рой Жонс ва Эммануэль Стюард хайрия тадбирини уюштириб, Маклелланнинг даволаниши учун 200 минг доллар йиғади. Ўша куни кечқурун Найжел Бенн ҳам келади. У Жеральднинг қўлидан ушлаб, ўзининг ўша боксчи эканлигини айтади.

«Бу менинг ҳаётимни барбод қилган одамми?» — деб сўрайди Маклеллан синглиси Лизадан.

— Ҳа.

— У мени нокаутга учратганми? Ўшанда мен касалхонада қанча вақт ётганман?

— Олти ой.

— У нима қиляпти?

— Сенга қараяпти ва қўлингни ушлаб турибди.

— У ғамгинми ёки хурсанд?

— Ғамгин...

Шу пайт Бенн ўзини ушлаб тура олмайди ва хонадан чиқиб кетади. Йўлакда эса йиғлаб юборади. У ҳаммаси бундай тугашини хоҳламаганди. Ҳеч ким буни хоҳламаган.

Бенн ҳам фаолиятини эрта якунлади — 1996- йилнинг ноябрида, у бор-йўғи 32 ёшда эди. Кетиш мухлисларнинг хатти-ҳаракати билан кўнгилдагидек бўлмади. Кетма-кет учинчи мағлубият — Стив Коллинзга қарши жангдан сўнг у қўлқопларини оломон томон ташлади ва микрофонни қўлига олиб, фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У гапираётган вақтда мухлислар унга ҳурматсизлик қилиб, тинмай ҳайқирарди. Бундан Коллинзнинг жаҳли чиқиб, микрофонни олди ва томошабинлардан «Британиянинг энг буюк боксчиси»га ҳурмат кўрсатишни талаб қилди. Беннинг ўзи Маклелланни буюк деб ҳисоблайди, бу ҳақда у беш йил олдин The Ring нашрига берган интервьюсида шундай деганди: «У ақл бовар қилмас даражада кўп сонли нокаутларга эга, у билан бошқалар ўртасида миля (ўлчов бирлиги, тахминан, 1,5 кмга тенг — «Дарё») бор эди».

Ҳозир Маклеллан Иллинойс штатидаги кичкина уйда қамалиб яшашда давом этмоқда. Унга опа-сингиллари қарайди. Оғир ногиронликка қўшимча равишда ҳаракатсиз турмуш тарзи туфайли бошқа касалликлар ҳам уни безовта қилади. 2011 йилда WBC чемпионлик камарини ўзига ғамхўрлик қилиш харажатларини тўлаш учун сотишга мажбур бўлди. Ўша жанг учун у 54 минг доллар олганди, Кинг эса унга 100 минг доллар ўтказиб берган — суғурта тўлови. Унга Рой Жонс ва Найжел Бенн молиявий ёрдам кўрсатиб туради. Ring 10 нотижорат ташкилоти эса Жеральдга ҳар ой озиқ-овқат ва асосий эҳтиёжлар учун кетадиган харажатга кўмак беради. Ҳозир ҳамма Маклелланникига ўхшаш ҳаётдан қўрқади.