Бугун зарур юмуши сабаб давлат ташкилотига мурожаат қилмаган, ишонч рақамига боғланмаган фуқаро кам эмасдир. Ушбу рақамлар муаммойингизни эшитиб, чора топишга кўмаклашиши яхши, албатта, аммо ҳадеганда керакли жойга улана олмаслик, охири кўринмас навбатларда қолиш ёмон. «Дарё» эса ишонч телефонларининг чинакам ишончлилигини аниқлаш учун текширув олиб борди.
10, 13, 17 декабрь кунлари жами 46 давлат органи ишонч телефонига боғланишга уриндик. Манзилларимизнинг айримлари биринчи чақирувдаёқ жавоб берган бўлса, баъзи ишонч рақамлари тамоман носоз бўлиб, ҳатто чақирув ҳам кетмади. Бир қанча органларнинг «эшигини қоқиб» узун навбатлар орасига тушиб қолдик. 10, 20, ҳатто 40 дақиқача кутиб, энди жавобга етдик деганда, автоматик ўчиш билан якунланган қўнғироқлар ҳам бўлди.
Ишонч рақамини ҳар бир идора-ташкилотнинг интернетдаги расмий веб-сайтидан топиш мумкин. Давлат органларининг сони-ю, номи эса турли. Айниқса, охирги йиллари вазифаси тугатилган ёки янгиланган, бири иккинчисига қўшиб-ажратилган ташкилотлар кўп. Барчасини бир ердан топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали — «gov.uz»дан фойдаландик. Порталда «Давлат органлари веб-сайтлари», «Давлат органлари ишонч телефонлари» рукнларининг борлиги айни муддао бўлди.
Ҳукумат порталидаги рўйхат бўйича дастлабки иш 10 декабрь куни вазирликлардан бошланди. Жами 23 вазирликка қўнғироқ қилиниб, журналистик текширув олиб борилаётгани айтилди.
Вазирликлар
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги. Ишонч телефони — 71 207 71 73. Соат 11:11 да дастурлаштирилган жавоб бу рақамнинг вазирликка тегишли эканини тасдиқлади. Роппа-роса икки дақиқалик кутишдан сўнг жавоб берилди.Молия вазирлиги. Ишонч телефони — 71 203 00 50. Соат 11:15. 46 сонияда боғландик.
Транспорт вазирлиги. Ишонч телефони — 71 202 22 55. Соат 11:18. Биринчи чақириқ — қўнғироқнинг 28-сониясида автоматик ўчиш қайд этилди. Кейинги чақириқнинг 2 дақиқа-ю 49-сониясида яна шу ҳолат такрорланди. 13 декабрь куни ушбу вазирликка қайта боғланишга уриндик. 9 дақиқа-ю 59 сония кутишда ҳам жавоб бўлмагач, қўнғироқни ўзимиз якунлаб қўя қолдик.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сайтига кира олмадик. «gov.uz»даги ишонч телефонлари рўйхати орасида ушбу вазирликка тегишли 71 239 41 21 рақами бор экан. Соат 11:26. Жавобда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тушганимиз айтилди ва 1 дақиқа 52 сонияда автоматик ўчиш қайд этилди. Иккинчи мартадаги уриниш ҳам бесамар кетди. 1 дақиқа 40 сонияда қўнғироқ яна автоматик якунланди. 17 декабрда ушбу вазирликка такроран боғланишга ҳаракат қилдик. Соат 16:36. Расмий сайти ишлаяпти, ишонч рақами эса 71 200 06 00 га ўзгарган. Битта чақирувнинг ўзидаёқ жавоб бўлди. Оператордан ишонч рақамининг ўзгаргани, аввал нега ишламагани сабабини сўраганимизда, сайтда янгиланиш бўлгани айтилди.
Олий таълим вазирлиги. Ишонч телефони — 1006. Соат 11:36. 1 дақиқа-ю 2 сонияда қўнғироққа жавоб берилди.
Халқ таълими вазирлиги. Ишонч рақами — 71 202 09 09. Соат 11:40. 5 дақиқа-ю 37 сониялик кутишдан сўнг алоқани уздик. Кутишдан бирор асос кўринмади. Қўнғироқ бошида мурожаатлар душанбадан жумагача 9:00 ва 18:00 оралиғида қабул қилиниши, ғоя ёки таклифларни эса вазирлик порталига йўллаш кераклиги айтилгач, давомли мусиқага ўтиб кетилди. Бошқа вазирликларнинг ишонч рақамидан фарқли равишда навбатдалигимиз ҳам айтилмади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Ишонч телефони 71 239 47 95. 10 декабрь соат 11:47 ва 11:49 оралиғида такроран қилинган қўнғироқларга абонент банд экани ҳақидаги жавоб янгради. 17 декабрь соат 16:42 да ушбу рақамга яна боғланишга ҳаракат қилдик — абонент банд эди.
Ички ишлар вазирлиги. Ишонч телефони – 1102. Соат 11:50. Дастурлаштирилган жавобда оператор жавобини кутиш айтилди. Навбат рақам 19-ўринда эди. 18 дақиқа-ю 9 сония кутгач — навбатимиз 8-ўринга тушди, лекин қўнғироқни вақтинча якунлашга қарор қилдик (ушбу кутиш оралиғида бир навбат рақамига такроран тушиш ҳолатлари кўп бўлди. Икки марта 16, 13, 11; тўрт марта 14, 9; етти марта 8-навбатдалигимиз эслатилди).
13 декабрь. Навбатдаги текширувни чала қолиб кетган ИИВдан бошланди. Соат 10:49. Бу гал 20-навбат рақами берилди. Соат 11:29 да – кутишнинг 39 дақиқа-ю 37-сониясида 1-навбатга етиб келдик. Хайрият, энди жавоб бўлади, деганда 40 дақиқа-ю 13-сониядан қўнғироқ автоматик якунланди. Ўзбекистондаги энг муҳим органлардан бўлган ИИВнинг ишонч рақамига 40 дақиқа кутиб, боғлана олмаслик ғалати ҳолат эди.
17 декабрь соат 17:41 да Бош прокуратура ишонч телефонлари — 71 232 10 07 ва 1007 га ҳам телефон қилдик. Бирида 21-, иккинчисида 23-кутиш навбати берилди. Соат 18:00 — мурожаатларни қабул қилиш вақти ниҳояланишига жуда кам вақт қолган. Биринчи навбатга етиб боргунча 18:00 бўлади деган тахминда қўнғироқни бошидаёқ тугатдик.
Савол туғилади: фуқаро мурожаати бўйича тегишли идорага боғланиши учун неча дақиқа кутиши керак? 20, 30, 40 ёки ундан ортиқ дақиқалик кутишларга уларнинг муносабати қандай? «Дарё» Telegram саҳифасида шу саволлар жамланган сўровнома ўтказилди.
«Бирор давлат ташкилотига қўнғироқ қилганингизда жавоб беришларини неча дақиқа кута оласиз?» деган саволга жами 28635 киши жавоб берди.
15891 нафар ёки 56 фоиз фойдаланувчи 5 дақиқагача, 5806 нафари ёки 20 фоиз беш-ўн дақиқа, 2129 нафари ёки 7 фоизи 10–20 дақиқа, 1115 нафари ёки 4 фоизи 20–30 дақиқа, 821 нафари ёки уч фоизи 30–40 дақиқа, 2873 нафари ёки 10 фоизи 40 дақиқадан узоқ ҳам кута олишини билдирган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ишонч рақами — 71 238 50 05. 10 декабрь соат 11:52. Дастурлаштирилган жавобда навбат рақамимиз 1-ўриндалиги айтилди. Нақ 10 дақиқа-ю 56 сониялик кутиш давомида жами тўққиз марта кутиш навбатимиз биринчи рақамдалиги эслатилди. Аммо оператор жавобидан дарак бўлмади. Қўнғироқни ўзимиз якунладик.Маданият вазирлиги. Ишонч рақами — 55 502 33 75. Соат 12:12. Икки марта чақирув кетгач, инглиз тилидаги дастурлаштирилган жавобда овозли хабар қолдиришимиз айтилди. Овозли хабар ёзишга ҳам имкон бўлмай, дастурлаштирилган жавоб давом этди: «Хабар кўпайиб кетди, узр» дейилди-да, қўнғироқ автоматик равишда якунланди. 13 декабрдан кейин ҳам бир неча марта Маданият вазирлигига боғланишга уринган бўлсак-да, барида шу ҳол такрорланаверди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги. Ишонч рақами — 71 234 11 03. Соат 12:20. Абонент банд. Икки марта ҳам уланиб бўлмади. 17 декабрдаги қайта қўнғироқда улана олдик.
Мактабгача таълим вазирлиги. Ишонч рақами — 71 207 04 07. Соат 12:21. 5 дақиқа-ю 20-сонияда жавоб берилди. Кимлигимиз ва мақсадимизни очиқлагач, иккинчи тарафдан негадир жавоб келмади. 7 дақиқа-ю 22-сонияда алоқани ўзимиз уздик. Соат 12:29. Қайта боғландик. Беш дақиқа-ю 13 сониялик кутишдан сўнг жавобдан умид узиб, қўнғироқни якунладик. Тушдан кейин қайта қилганимизда жавоб беришди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги. Ишонч рақами — 1243. Соат 12:40. Дастурлаштирилган жавобда кутиш рақамимиз 1-экани айтилди. Икки дақиқада оператор билан боғландик.
Сув хўжалиги вазирлиги. Ишонч рақами — 71 202 47 00. Соат 12:45. Олтита чақириқдан сўнг нариги тарафдан жавоб бўлди.
Энергетика вазирлиги. Ишонч рақами — 71 236 38 22. Соат 15:20. Икки дақиқалик чақирувдан сўнг абонент жавоб бера олмаслиги ҳақида автоматик хабар келди. Яна боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо юқоридагидек икки дақиқада автоматик ўчиш қайд этилди.
Туризм ва спорт вазирлиги. Ишонч рақами — 71 200 00 88. Соат 16:09–16:10 оралиғида уч маротаба телефон қилдик. Барида битта чақирувдан сўнг автоматик ўчиш қайд этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги. Ишонч рақами — 71 233 01 41. 17 декабрь соат 16:49. 22 марталик чақирувдан сўнг автоматик ўчиш қайд этилди.
Мудофаа вазирлиги. Расмий сайтидаги боғланиш қисмида факс ва электрон почталар манзили берилган, аммо телефон рақами йўқ. Вазирлик марказий архиви рақами — 71 216 10 41 га боғланиб, ишонч рақамини сўрадик, билмасликларини айтишди. «gov.uz»даги «Давлат органлари ишонч телефонлари» қисмида эса 71 269 81 77 рақами Мудофаа вазирлигига тегишлилиги кўрсатилган.
17 декабрь соат 16:43. Кўп куттиришмади, аммо рақам вазирлик қабулхонасиники экани айтилди. Улардан эса ишонч телефони — 71 269 88 34 ни олдик. Шу куни соат 16:44 дан 16:46 гача беш марта ушбу рақамга қўнғироқ қилишга уриндик. Бироқ чақирув сигнали кетишга улгурмай, автоматик ўчиб қолаверди. Сайтда ишонч телефони йўқ, «gov.uz»да берилган рақам эса вазирлик қабулхонасиники. Қабулхона ишонч телефони деб айтган рақам умуман чақирмади.
Айтиб ўтиш керакки, вазирликлар орасида деярли кутмасдан боғлана олганларимиз ҳам бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги — 1101 рақами иккита чақирувда, Адлия вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 71 262 92 45 учинчи чақирувда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги — 1199, Қурилиш вазирлиги — 1298 эса биринчи чақирувнинг ўзидаёқ жавоб берди.
Қўмита, агентлик, марказ ва ҳаракатлар
Вазирликларни ниҳоялаб, 13–17 декабрь кунлари умумий ҳисобда 23 та қўмита, агентлик, марказ ва ҳаракатларга боғланишга ҳаракат қилдик.Давлат ветеринария қўмитаси. Ишонч телефони — 71 202 12 00. 13 декабрь соат 16:15. Дастурлаштирилган жавобда шу қўмитага тушганимиз тасдиқланди ва боғланиш учун ички рақамни териш айтилди. Сайтда эса ички рақам берилмаган. Вақт беҳуда кетмасин, деб қўнғироқни якунладик.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси сайтида учта рақам бор экан. Ягона рақам, Call-марказ ва Коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича ишонч телефони. Соат 16:41. Ишонч телефони — 71 207 49 00 ни тердик. Аммо оператор сайтда ягона рақам деб берилган 71 207 47 00 нинг ишонч телефони эканини билдирди. Соат 16:42 даги дастлабки уринишда автоматик ўчиш қайд этилган бўлса, 16:44 даги қайта қўнғироқда туша олдик.
Гидрометеорология хизмати маркази сайтида боғланиш учун учта рақам берилган. Аммо ишонч телефони кўрсатилмаган. 16:52 ва 16:54 оралиғида учовига ҳам қўнғироқ қилдик. 71 234 23 41 рақамида бир неча чақирувлардан сўнг автоматик ўчиш қайд этилган бўлса, 71 237 35 11 да вақтинча боғланиш мумкин эмаслиги, 71 150 86 27 да эса нотўғри рақам терилгани айтилди.
Солиқ қўмитаси. Ишонч телефони — 71 244 98 98. Соат 16:59. 19 марталик чақирувдан сўнг абонент жавоб беролмаслиги айтилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги. Ишонч телефони — 71 259 21 37. 13 декабрь соат 16:26–16:27 оралиғида уч маротаба уринганда ҳам тушолмадик. 17 декабрь соат 17:03 да қўнғироғимизга жавоб беришди.
Давлат тест маркази. Ишонч телефони — 95 199 19 14. Соат 17:12. Бир неча чақирувдан сўнг автоматик ўчиш қайд этилди. 13 декабрь 16:57 ва 16:59 оралиғида уч бора қилган қўнғироқларимиз жавобсиз қолаверди. Аксар ёзги кириш имтиҳонлари пайти машҳур бўладиган Call-марказ рақами — 1195 дан ишонч рақамига тушолмаётганимиз сабабини сўрамоқчи бўлдик. Қўнғироғимизга жавоб берган оператор бироз кутсак, бунга аниқлик киритишини айтди. «Ҳозир текшириб кўрдик. Биз ҳам негадир улана олмадик. Бу масалада ариза олиб қоламиз ва кўриб чиқамиз. Сабаби бу рақам бошқарманинг ўзига бириктирилган», – дейилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси. На «gov.uz»даги ҳавола, на Google қидирув тармоғи орқали қидирганда ҳам академия сайтига кириб бўлмади. Ҳукумат порталидаги ишонч телефонлари қисмида 71 233 56 23 рақамининг академияга тегишлилиги кўрсатилган. Соат 17:31. Биринчи марта боғландиг-у, тезда ўчириб қўйилди. Қайтадан рақамларни тердик, «банд» деди. Яна бир маротаба уринганимизда туша олдик. Оператордан сайт нега ишламаётганини сўраганимизда шу пайтгача ишлаётгани, техник ходимлар билан боғланиб, бу муаммони уларга етказишини таъкидлади. (Ҳозирги вақтда сайт ишлаб турибди).
Олий аттестация комиссияси. Ишонч телефони — 95 193 11 43. Соат 17:36. Бир неча маротаба қўнғироқ қилдик. Рақам «хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида» эди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати. Ишонч телефони — 71 230 42 20 ни терганимизда рақам нотўғри экани айтилиб, автоматик ўчди. (Ҳаракатнинг веб-сайти мавжуд эмас. Ҳукумат порталидаги «Ишонч телефонлари» қисмида ишонч рақами берилган).
Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси — 1157 га ҳам қўнғироқ қилганимизда, чақирув сигналидан сўнг юқоридагидек ҳолат такрорланиб, алоқа якунланди.
Қўмита ва агентликлар орасида ҳам қўнғироғимизга тезда жавоб берганлари учради. Ўрмон хўжалиги қўмитаси — 71 207 88 78, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги — 71 202 02 10, «Ўзстандарт» агентлиги — 78 150 23 00, Экспортни рағбатлантириш агентлиги — 71 207 04 06, Интеллектуал мулк агентлиги — 71 232 50 54 рақамларига биргина чақирувда, Статистика қўмитаси — 1151, «Ўзархив» агентлиги — 55 503 01 50, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот таҳлил маркази — 71 239 10 63 га иккита чақирув, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси — 71 256 08 62 га учта чақирув, Дин ишлари бўйича қўмита — 71 200 58 88 га тўртта чақирув, Давлат захираларини бошқариш қўмитаси — 71 238 75 05 га 14 сония, Давлат божхона қўмитаси — 1108 га бир дақиқада туша олдик.
Ҳаммаси бир манзил – «gov.uz»да жам деб ишга киришганда, ҳукумат порталининг ўзида ҳам чалкашликлар борлиги аниқланди. Давлат органлари веб-сайт ва ишонч телефонларида реал ҳолатга нисбатан айрим номутаносибликлар мавжуд.
Веб-сайтлар рукнидаги рўйхатда Туризмни ривожлантириш қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Капитал бозорни ривожлантириш агентликлари ҳамон бор. Бироқ 2021 йил 6 апрелда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тугатилиб, уларнинг ўрнида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил қилинган. Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги эса 2021 йил 1 майда тугатилган.
Қолаверса, 2020 йил 18 февралда ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги сайти «gov.uz»даги давлат органлари веб-сайтлари рўйхатида мавжуд эмас. Аммо ишонч телефонлари қисмида 1146 рақами ушбу вазирликка тегишли экани кўрсатилган.
17 декабрь соат 16:50 да бу рақамга қўнғироқ қилганимизда дастурлаштирилган жавобда унинг Тошкент шаҳар реабилитация ва мослаштириш марказига тегишлилиги айтилди. Жавоб берилса, изоҳ олармиз деб кутсак, 46 сонияда рус тилидаги автоматик овоз бу рақам жавоб бермаслигини айтди.
Шунингдек, «Ўзбеккино» миллий агентлиги 2021 йил 8 апрелда президент фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги этиб қайта номланган. Аммо агентлик сайти ҳамон эски номи билан фаолият олиб бормоқда. Ҳукумат порталида ҳам унинг юридик номи «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳолида турибди. Сайтда тақдим этилган ишонч рақамига телефон қилиб, бунга изоҳ сўрамоқчи бўлганимизда абонент банд эди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот таҳлил марказига «gov.uz»да берилган ҳавола орқали киришнинг имкони бўлмади. Аммо Google қидирувдан улана олдик.
Ишонч телефони номи билан ишончли ва ишлаши кафолатланган бўлиши керак. Текширув олиб борган давлат тузилмаларининг сайтига эътибор қаратилса, кўплаб телефон рақамлари борлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Биз эса уларнинг орасидан биргина ишонч рақамларининг ишлаш-ишламаслигини текширдик. Эҳтимол, қайсидир орган «ана бошқа рақамимиз ишлаб турибди, шунга ҳам қилиш мумкин эди» деган эътирозни билдирар.
Тушиб бўлмайдиган, вазифаси ҳам турли рақамларни бериш — танлов имкониятини сунъий кенгайтиришдек гап. Ишламайдими, расмий саҳифадан олиб ташлаш керак. Дейлик, бешта — бири ишлаб, бошқаларига тушиб бўлмайдиган телефонлар берилганда ҳам, мурожаат қилувчи ўша ишлайдиган ягона рақамга тушгунча икки, эҳтимол, уч ёки тўрт нуқтага қўнғироқ қилиб кутиши, орада вақтини кетказиши қолади.
Бошқа бир муаммо — узундан узоқ навбат кутишларни ҳам ҳал қилиш керак, назаримизда. Битта манзилга тушиш учун бир неча ўнлаб одам навбатда турибдими, бу талаб кўплигидан дарак. Эҳтимол, операторлар сонини битта эмас, бир нечта қилиш бунга ечим бўла олар. Ҳукумат портали — «gov.uz» сайтидаги вазирлик, масъул ташкилот ва идоралар рақамлари мунтазам янгиланиб, энг ишончлилари тақдим этилса, барча учун айни муддао.
Изоҳ (0)