Париж бу фақат Лувр, Эйфель минораси ва круасан деганими? Йўқ, албатта. У, шунингдек, бутун Европа, Африка ва Яқин Шарқдан келган муҳожирлар тўпланадиган маскандир. Уларнинг аксарияти бир вақтлар саноат инқилобининг маркази бўлган ва ҳозирда ижтимоий тартибсизликлар нуқтасига айланган шаҳар атрофида истиқомат қилади. 2019 йилнинг май ойида социолог Албина Андреева қашшоқлик ва маданий айирмачилик қандай пайдо бўлишини ўрганиш мақсадида илмий маслаҳатчиси билан Париж геттоси бўйлаб антропологик экспедицияга йўл олди. Унинг ночор ҳудудларда нималар юз бераётгани ҳақидаги ҳикоясини «Дарё» ўзбек тилига таржима қилди.

Фото: perito

«Хоним, ўша хотинларнинг ўзи бизга суйкалади!»

«Хоним, сиз Россияданмисиз? Айтинг-чи, Россияда ҳам шунақа антиқа ишлар қилишадими? Ҳа, бу ишни қилиб кўрганмисиз?».  Май қуёшида кўзларини қисганча ўтирган уч йигитча ўзлари берган саволга ойдинлик киритади: «Бу» — аёл ва эркак ўртасида бўладиган нарса. Кейин яна саволлар ёғдира кетишади: эрингиз борми? Қаерда у? Сизни бу ерда зўрлаб қўйишса, нима қиласиз?

Болалар янги қурилган офис деворига суянганча қийшанглаб туришарди. Шу пайт ёнларидан полиция машинаси ўтиб қолди. Улар машинанинг ортидан қичқириб, сўнг яна қўрқинчли гапларни айтиб, ҳиринглашга тушди: бу ерда кечаси кўчага чиқа кўрманг — яланғоч аёллар уйилиб ётади, ҳаммасини зўрлашади. Улар шундай деб, кўзини олайтиради: «Лекин биз бундай қилмаймиз, хоним! Ўша хотинларнинг ўзи бизга суйкалади. Ёнимиздан ликиллаб ўтади!».

Омадимиз келди! Шаҳар четидаги социологик тадқиқотимизнинг учинчи кунида, ниҳоят, Парижнинг қашшоқ мавзеларида яшовчи ўша учига чиққан безориларни топдик. Улар ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак бўлмаганида, эҳтимол, даҳшатдан жойимда қотардим: миттигина, нимжон, гоҳ уялиб ер тепинган, гоҳ жўрттага қийшанглаб, саросимага солиб қўйишга ҳаракат қилган болалар бари.

Биз деганим — бу Москвадан келган социологлар, мен ва раҳбарим. Биз бутун дунё бўйлаб муҳожирлар қўним топган ҳудудларни ўрганамиз, улар қандай тўпланиши ва «гетто»лар — қашшоқлик наслдан наслга мерос бўлиб ўтадиган ҳудудлар қандай шароитда вужудга келишини тушунишга ҳаракат қиламиз ва барча кўрсаткичлар бўйича аҳолининг ҳар бир вакили минус 500 баллни қўлга киритади: таълим, касбий фаолият, ижтимоий мавқе.

Ҳар куни машинага ўтириб, Ил-де-Франц минтақасидаги энг қашшоқ (Париж атрофлари Москва вилояти билан деярли бир хил) мавзелар харитаси билан қуролланамиз ва телевидение орқали намойиш этилиб, ҳурматли рус аҳлини қўрқитишда фойдаланиладиган ўша ҳудудлар бўйлаб саёҳатга чиқамиз. «О-о-о, руслар, Путин!» — қаердан эканимизни эшитган болаларга бирдан жон киради. Кейин улар тўғри келганга буқадай ташланадиган, айиқ каби ҳайбатли Сибир эркакларини тасвирлашга тушиб кетади.

Болаларнинг икки нафари муҳожир эмас: уларнинг ота-онаси ё Тунисдан, ё Марокашдан келган, ўзлари эса Францияда туғилган. Учинчиси, жингалак сочли ва юмалоқ юзли бола Туркиядан келганини айтади. Шериклари дарҳол унинг гапини бўлиб, хахолаб кулади: «Il est migra-a-a-a-nt!»

Фото: perito

Биз бу болаларни Франциядаги қолоқ мавзеларнинг энг гавжум нуқтаси — Париждан бир соатлик масофада жойлашган Клиши-су-Буа ҳамда Монфермей шаҳарлари чегарасида учратдик. 2005 йилда айнан шу ерда Франция тарихидаги энг йирик тартибсизликлар бошланган. Тўғри, ҳозир бу ер геттога у қадар ўхшамайди. Биз турган кўчада қаторасига янги офис бинолари жойлашган бўлиб, атрофини Скандинавия услубида қурилган, кам қаватли турар жойлар мавзеси ўраб туради. Худди Москва таунҳаусларидек.

Қаршимиздан гулли халат ва ҳижоб кийган ҳолалар (бизнинг безорилар қўрққанидан жим бўлиб қолади), африкалик оналар, араб ўсмирлари, Туркия ва Мағрибдан келган, соқолли ва соқолсиз эркаклар ўтиб кетади.

«Ана, террорчилар, ба-ба-банг!» — болалар йўл бўйидаги масжидга бармоғини ниқтаб, яна телбалана бошлайди. Уларни ялмоғиз руслар ҳақидаги гаплар билан чўчитиб, суҳбатни яна социологик мавзуга буришга ҳаракат қиламан: «Катта бўлганда нима билан шуғулланмоқчисиз?». Бу саволдан уларнинг юзи ёришиб, баҳосини ўнглашга уринаётган иккичи ўқувчи каби жавоб беришга ошиқади:

«Мен ўқишни ташлайман, шу ернинг хўжайини бўламан, ҳамма ортимдан эргашиб юради, ‘биби’ қилади».

«Биби?»

«Наркотик сотади», — болалар илжайиб, хахолаб, ким қандай чекиши, ҳидлаши ва томирига уришини кўрсатиб беради.

Агар бир-икки ҳафтадан бери мавзеларни кезиб чиқмаганимизда, алданиб қолардик, балки. Бироқ бу саволни кўпчиликка: француз тили ўқитувчиси, журналист, футболчи, новвойхона эгаси, болалар боғчасида тарбиячига бериб кўрган ва турфа жавобларни олгандик.

Биздан атиги ўн қадам нарида Рамазон муносабати билан ярмарка очилган, у ерда худди ўшанақа болалар бизни паҳлава билан сийлаб, Марокаш чойидан қуйиб, умуман бошқача жавобларни берди: «Мен футбол шарҳловчиси бўлмоқчиман, бу эса адвокат бўлади...» — бошқалар ўша заҳоти бир-бирига қараб, қиқирлаб кулишади.

«Футбол кўрасизми? Кимга мухлислик қиласиз?» — саволга тутамиз биз. Биз болалардаги французча дунёқарашни аниқлаб берадиган шу махсус синовни ўйлаб топгандик. «Мен ‘Аякс’ мухлисиман. Йўқ, мен Марокаш терма жамоасига эмас, фақат Франция терма жамоасига мухлислик қиламан». Бошқаси унга ўшшаяди: «Мен эса мухлис эмасман, чунки французлар жамоасида бирорта ҳам араб йўқ».

Франциядаги қолоқ мавзелар ҳақида қандай гаплар юришидан қатъи назар, бу ердаги болаларнинг орзуси катта. Лекин уларни амалга ошириш учун бу маскан унчалик қулай жой эмас.

Мегаполис четидаги қора туйнук

«Cheryомушкининг ўзганаси-ку», — деярли ҳар сафар навбатдаги қолоқ мавзега кириб келганимизда раҳбарим ҳайратдан ёқа ушлайди.

Собиқ социалистик лагер мамлакатларида ўсган кимса, ҳатто унинг марказида турган тақдирда ҳам, француз геттосини тан олмайди. Уларнинг аксарияти руслар киядиган оддий «пойжома»ни эслатади: жимжит яшил майдон, кўп қаватли бинолар ва бетондан бошқа ҳеч нарса йўқ. Аммо бу ер французлар учун ҳар қандай турдаги ижтимоий ёвузлик ўчоғидир: қашшоқлик, жиноятлар, ноқонуний миграция, диний фундаментализм. Панелли уйлар ва бетон инсоний қиёфадан айириб, ўз-ўзидан геттолар пайдо бўлишига имкон яратувчи урбанизациядир.

Клиши-су-Буа, Франция.

Фото: Албина Андреева

Француз бюрократик тилида бундай жойлар шаҳарнинг қалтис ҳудуди деб аталади, улар мегаполислар четидаги ўзига хос «қора туйнук»лардир, бу ерда барча ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар: даромад даражаси, бандлик, таълим сифати бирданига тушиб кетади. Айнан ушбу ҳудудларда муҳожир аҳолининг зичлиги ҳаддан ташқари ошиб кетганидан тадқиқотчилар Франция шаҳарларининг этно-социал сегрегацияси ҳақида гапиради, сўл томон эса «Янги апартеид» ҳақида бонг уради. Бугунги кунда ишсизлик даражаси юқори бўлган мавзеларнинг 10 фоиз қисмида маҳаллий аҳоли атиги 10 фоизни, қолган 75 фоизини эса Туркия, Африка ва Мағрибдан келган муҳожирлар ташкил этади.

ОАВ ҳамда оддий халқ орасида бундай жойларни оддий қилиб «кварталлар», «қолоқ шаҳарчалар» ёки «сите» деб аташади. Уларнинг обрўси шу қадар пастлигидан, француз тилида ҳам ўз ифодасини топган. «Кварталлик ёшлар» тарбиясида нуқсони бор ўсмир, араб ёки африкалик саёқ орасидаги ўртача маънони англатади. Шаҳар четларидаги маълумоти паст аҳоли гаплашадиган лаҳжа «кварталликлар тили» деб аталади. «Қаранг, бир сафар уларни амалиёт ўташга ёлламоқчи бўлдим. Ишхонага шиппакда келди, ишонасизми? — дейди бир француз соддадиллик билан. — Фақат лаҳжада гаплашади, умуман тушуниб бўлмайди. Бундай одамга телефон қўнғироқларига жавоб бериш вазифасини ишониб топшириш мумкинми?».

Панелли уйлар ва ишсизлик. Франция қандай қилиб муҳожирлар интеграциясида энг катта «билмасвой»га айланди?

«Биз жуда аҳил ва иноқ эдик! Турли хил миллат вакиллари! Пастимизда бир арман яшарди, португал, испан, мағрибликлар ҳам бор эди. Лекин, биласизми, бизни ҳам, уларни ҳам мактабда масхара қилишар, туғилган кунларга чақиришмасди. Биз эса уларга қўшилишга ҳаракат қилардик. Улар бўлса... Хуллас, улар бир қишлоқдан 200 киши бўлиб келган, бир-биридан ажралмас, орага бегонани ҳам қўшмасди», — дейди Адолфо у узатган конякни симириб ўтирган вақтимизда.

Адолфо — бизга квартирасини ижарага берган, эпчилгина, думалоқ юзли француз. Ёши элликка борган, бир пайтлар Португалиядан келган оддий муҳожир бўлган: болалигида келиб, муҳожирлар ситесида яшаган, кейин эса ўзининг шахсий қурилиш компаниясига асос солиб, қалтис ҳудудни тарк этган.

Энди у Париж чеккасидаги энг қиммат жойлардан биридаги катта уйда яшайди, деворлари оппоқ, тош йўлакли, май ёмғирида оч яшил тусга кирган майсазори бор.

Эртаси куни тунда мен Франциянинг энг нотинч туманлари бўйлаб қилинган саёҳатдан сўнг шу қадимий уйга қайтиб келдим. Ёмғир ҳафта бўйи тинмади, ҳалигача на Эйфель минорасини, на Елисей майдонини кўрдик, фақат бетон «ётоқхона»лар. Тунги боғ ёмғирда йилтираб кўзга ташланади, оёқ остида нимадир шитирлайди.

«Аттансион, эскарго!» — деб кулади Адолфонинг 16 ёшли қизи, шундоқ ёмғир остида буруқсаётган мангалдан сигарет илаштираётиб. Атрофга разм соламан: ўтлар орасида ёпишқоқ, апельсин катталигидаги шиллиқ қуртлар тўлиб ётибди. Ҳақиқий Францияни, ҳеч бўлмаса, шу тарзда кўриш насиб қилди.

«У ерда бизга ҳам осон эмасди, лекин муроса қилишга ҳаракат қилардик, французча гапирардик, улар эса ҳатто мактабда ҳам араб тилида гаплашарди, — ҳикоя қилишда давом этади Адолфо. Кейин ўйлаб кўриб, шундай дейди, — балки, улар французчани ўрганишга қийналгандир».

1950—1970 йиллар: Франция муҳожирларни қандай кутиб олган?

Улар бугунги кунда Франциянинг энг қашшоқ ҳудудларини эгаллаган туркиялик, африкалик ва мағриблик муҳожирлардир. Ҳолбуки, бир вақтлар бу ҳудудлар мамлакат тарихидаги саноати ривожланган энг қайноқ нуқталар бўлган.

1950–1970 йиллари Франциянинг урушдан кейинги иқтисодиёти айнан шу ерда энг бошидан – нолдан тикланган. Мегаполислар атрофида автомобиль заводлари, электр станциялари, кимё комбинатлари жадаллик билан ривожланган. Лекин ишчи кучи етишмас, шу сабабли қурилиш майдонларига муҳожирлар: қишлоқлардан келган французлар, испанлар, португаллар ва Мағриб-у Африканинг бошқа ҳудудларидан келган Франция фуқаролари оммавий равишда жалб қилинаверган.

Фото: perito

Уларга яшаш учун жой йўқ эди. Ишчилар ташландиқ уйларга жойлашиб, заводлар атрофига кулбалар қуриб олади. Аҳолининг янги оқимини сиғдириш учун ҳукумат катта ансамблларни — Совет Иттифоқида ўсган ҳар қандай кишига таниш бўлган йирик мавзеларни — панелли уйлар, одатий бинолар, бетон, бетон ва яна бетон иморатларни қура бошлайди.

Бу мавзеларнинг аксарияти ижтимоий хонадонлар, яъни давлат томонидан паст нархларда ижарага бериладиган квартиралардан иборат эди. Бошида бу ерга фақат Франция фуқароларини жойлаштиришди, муҳожирлар эса кулбаларга жойлашишда давом этди: улар кейинчалик барибир кетади, жой масаласи эса ўз-ўзидан ҳал бўлади деб ўйлашганди.

Шундай қилиб, Франция уй-жойларни ўз қўли билан французлар ва муҳожирлар ўртасида тақсимлаб берди.

1970—1990 йиллар: «эритувчи қозон» ўрнига гетто

1970 йилларда ҳукумат бир қарорга келди: ҳақиқий французга айланиши учун чет элликлар французлар каби яшаши керак. Муҳожирлар учун ижтимоий мавзелар очилди. Улар ўз олдига юксак инсонпарварлик руҳидаги мақсадларни қўйганди: интеграцияни таъминлаш, туб ва маҳаллий бўлмаган аҳолини кўп қаватли уйларнинг катта «қозонида» қориштириш, муҳожирларга бошқаларники билан бир хил шарт-шароитларни яратиб бериш.

Лекин қаердадир хато қилишди. Тахминан ўша вақтларда Францияда шаҳар атрофи ҳудудлари гуллаб-яшнаётганди: ўзига тўқ французлар, Адолфо каби бетондан қурилган кўп қаватли биноларни ташлаб, майсазорли, баҳаво уйларига кетиб қолди. Натижада, муҳожирлар французларга қўшила олмади ва улар ижтимоий мавзелар ҳамда шаҳар чеккасидаги эски саноат зоналарига жойлаштирилди.

Клиши-су-Буа.

Фото: Мария Строганова

Шаҳар атрофига кўчиб келаётганлар ҳажми тобора ўсиб борди ва 1990 йилларга келиб, у ерда улуши 50 дан 90 фоизгача етган туманлар пайдо бўлди. Мегаполислар теграсида иккита шаҳар атрофи тасмаси вужудга келди: оқсуяклар учун янги, бир қаватли, шинам уйлардан ташкил топган Франция ҳамда камбағаллар, муҳожирлар учун эски ишлаб чиқариш зоналари.

1990—2000 йиллар: мавзеликларга барча эшиклар ёпиқ

1990 йилларда деиндустриализация юз берди. Шаҳар атрофидаги корхоналар оммавий равишда ёпила бошлади ва бундан биринчи ўринда муҳожирлар жабр кўрди: келиб чиқиши европалик бўлмаган чет элликлар французларга қараганда икки баробар кўпроқ ишсиз қолди. Шундай қилиб, 1980—1990 йиллари шаҳар атрофида нафақат оддий муҳожирлар, балки ишсиз муҳожирлар галаси ҳам пайдо бўлди. Воқеалар бурама чизиқ бўйлаб ривожланди.

Мавзелардаги ишсиз, даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли яширин иқтисодиётга жалб қилинди. Шаҳар атрофларида гиёҳванд моддалар савдоси, автомобиль ўғирлаш ва талончиликлар авж олди. Ҳукумат бу жараённи куч билан бостиришга ҳаракат қилди. Полиция қанчалик кескин чоралар кўрса, қаршилик ҳам баттар кучайди. Кўп ўтмай биринчи қурбонлар — полиция томонидан қўлга олиш вақтида ҳалок бўлган кварталлик йигитлар, мавзе тўдалари ўртасидаги отишмада яраланган кварталликлар пайдо бўлди.

«Нарвалос» фильмидан олинган кадр. Париж чеккаси – Монфермей шаҳрида суратга олинган ушбу фильмда чет ҳудудлардаги ҳаёт янгича талқинда кўрсатиб берилган.

Фото: Режиссёр Билел Чикри

Воқеалар маҳаллий аҳоли ўртасида норозиликларни келтириб чиқарди, норозилик намойишлари полиция билан тўқнашувгача бориб етди, зўравонлик авж олди. Сўллар ҳокимиятни ирқчилик ва ўзбошимчаликда айблади, ўнглар эса муҳожирлар оқимини тўхтатиб, мавзеларда тартиб ўрнатишга чақирди. Мавзе аҳолисининг ўзи эса бир четга суриб улоқтирилганини сезиб, уни тан олмаган дунёга аччиқ қилиб, ўз қобиғига тобора қаттиқроқ ўраниб олди.

«Резюмега ҳақиқий манзилимизни ёзмасдик. Кварталликлар ҳеч қаерда ишга олинмаслигини ҳамма биларди, — дея ҳикоя қилади социолог ва этнограф Инес. У Парижнинг энг ёмон сителаридан бирида ўсган ва энди муҳожирлар, қочоқлар интеграцияси бўйича мерия билан ҳамкорлик қилмоқда. — Бир куни расмийлардан бири ҳужжатдаги манзилимни кўриб, қошини чимирди: ‘Шундай жойдан ҳам қутулиб кетса бўларкан-да?!’».

Зиддият тобора мустамлакачилик руҳида кучайиб борди. Бир томондан, асосан, оқларга хос «хуштаъм француз кулчалари» ва хусусий мактаблардаги таълими билан гуллаб-яшнаётган буржуа Франция. Бошқа томондан, интеграция қилиб, гиёҳвандликдан даволаб, дунёвий қадриятларга ўргатиш зарур бўлган, тушкун сите аҳли.

«Ота-онамиз тил билмагани ёки иш тополмагани учун қандай хўрланганига гувоҳ бўлдик, — дейди Инес норозилигини яширмай. — Уларни ҳеч бир муассаса сиғдирмасди. Уларнинг боши эгик юрганини кўрдик. Француз жамияти бизни қабул қилмаслигини ҳис қилиб ўсганмиз».

2005 йилги ғалаёнлар. Шаҳар атрофидаги буюк инқилоб

2005 йилга келиб, шаҳар атрофи муаммоси соати чиқиллаб турган ижтимоий бомбага айланди. Тўдалар ўртасидаги тўқнашувларда ўсмирлар ўлими, шунингдек, кварталлик ёшларнинг полиция қўлида ҳалок бўлиши сиёсий тус олди. Ҳукумат аллақачон мактабларда диний рамзлардан фойдаланишни тақиқлаб — ОАВ уни «Ҳижоб тўғрисидаги қонун» деб атаган — гиёҳванд моддалар савдосига қарши астойдил кураш олиб бораётганди. Ўша пайтда ички ишлар вазири лавозимида ишлаётган Николя Саркози шаҳар атрофидаги ёшларни француз жамиятига асосий таҳдидлардан бири деб атаган.

«Сиз бу чиқиндилар уюмидан чарчадингиз, тўғрими? Сизни улардан халос қиламиз!» — дея камера қаршисида сўзамоллик билан ваъда берганди у Франция тарихидаги энг катта тартибсизликлар бошланишидан икки кун аввал. Оломон уни ҳар томондан ўраб олган ва ҳуштакбозлик билан норозилигини билдираётганди. Саркози мавзеларнинг энг гавжум нуқтасида турганди ўшанда.

Бомба Клиши-су-Буада — Париждан 50 километр узоқликдаги «Ётоқхона»да, 2005 йилнинг 27 октябрь санасида, соат 17:00 атрофида портлади. Ўша куни саккиз нафар ўсмир футболдан уйларига қайтаётиб қурилиш майдонидан ўтаётганди. Буни кўрган ўша ерлик одамлардан бири полицияга қўнғироқ қилган: ёшлар ниманидир ўғирламоқчи деб ўйлаганди. Полициячилар етиб келиши билан йигитлар тумтарақай қочиб кетган.

Расмийлар айнан полициячиларнинг келиб қолиши жиноятчиларнинг ўғрилик қилишига халақит берганини таъкидлайди. Ўсмирларнинг ўзи полиция уларни ҳужжатсиз юргани учун ҳибсга олса, уйларига кечки овқатгача етиб боролмаслигидан қўрққанини айтади. «Бизни ҳадеганда тўхтатаверишлари жонга тегди!».

Франциянинг Монфермей шаҳридаги уйлардан бири.

Фото: Марианна

Полициячилар йигитларнинг ортидан чопади. Соат тахминан 17:32 да ҳукумат вакилларидан бири йигитлардан бир қанчасининг ўрмон ичига яширингани ва трансформатор томонга йўл олганини пайқайди. «Агар улар электр тармоқлари ҳудудига кирса, териларини арзон нархда сотиб оламан», — дейди бир полициячи рация орқали ҳамкасбларига.

Шу гаплар кейинроқ «Хавф остида қолдириш» моддаси бўйича суд қилинган полиция ходимларига қарши муҳим далил бўлиб хизмат қилган. Соат 18:12 да Зиед ва Буна исмли икки ўспирин ҳалок бўлди. Улар ҳақиқатанам трансформатор ичига яшириниб, ток уришидан тириклайин ёниб кетганди. Учинчиси танасида қаттиқ куйишдан қолган асоратлар билан омон қолган.

Фожиа тартибга солувчи кучлар билан шиддатли тўқнашувларни келтириб чиқарди. Шу каби тўқнашувлардан бирида жандармлар маҳаллий масжидлардан бирининг эшигига тасодифан тутунли бомба ташлаб юборади, ўша вақт ичкарида намоз ўқилаётганди. Рамазон пайти бўлгани учун ичкарида одамлар одатдагидан кўра кўпроқ бўлган. Ваҳима кўтарилиб, ибодатга келганлар даҳшатга тушади, зудлик билан эвакуация қилинади.

Бўлиб ўтган ҳодиса ҳақидаги хабар бир зумда тарқалиб, бутун Франция оёққа туради. Уч ҳафта мобайнида мамлакатдаги барча қашшоқ мавзелар том маънода аланга олади: ёшлар машиналарга ўт қўйиб, полициячиларни тошбўрон қилиб, жамоат биноларини вайрон қилади.

Фото: perito

Йилномада кадрлар сақланиб қолган: оловли тўсиқлар, «Аллоҳу Акбар!» деб қичқираётган одамлар фонида тиш-тирноғигача қуролланган полициячилар. Ёши катта авлод вакиллари: ота-оналар, ўқитувчилар, маҳаллий имомлар олов ва тутун ичидан полиция қаршисига чиқиб келади. Улар «Фарзандларимизни хўрламанг!» деб ёзилган плакатларга ўраниб, музокара қилишга уринган. Полициячилар, ўз навбатида, кўп қаватли бинога ҳужум қилишга ҳозирлик кўради: исёнчилар ўша бинодан туриб тошлар ва ёнаётган ашёларни улоқтирганди.

Уч ҳафтага чўзилган тартибсизлик, ёқиб юборилган 9 минг машина, ҳибсга олинган 3 минг киши — ғалаёнлар натижаси шу бўлди. Ўсмирларни таъқиб қилиб, уларнинг ҳаётини хавф остига қўйган полиция ходимларига қарши суд жараёни яна 10 йил давом этди, лекин охири улар айбсиз деб топилди.

2005 йилдаги тартибсизликлар шаҳар атрофи ҳудудларининг «қопқоғига» сўнгги михни қоқди: қирғинлардан кейин тадбиркорлар дўконларини очишга журъат этолмади, мавзелар номи эса барча французлар хотирасида муҳрланиб қолди. Айнан ўша вақтда «Клиши-су-Буа» номи геттонинг энг мудҳиш маънодаги синонимига айланди. Французлар бу ерга деярли қадам босмайди, лекин бу жой ҳақида ҳамма билади.

«Қаерга кетди? Бир ўзи-я?!» — шаҳар номини эшитган парижлик таниш аёл беихтиёр хитоб қилади. Страсбургда ўсган бошқа бир француз у жойга «подахона» деб таъриф беради. Кейин қўшимча қилади: «У ерга ҳатто полиция ҳам бормайди».

Клиши-су-Буа. Энг қўрқинчли гетто

Муҳожирларни ёқтирмайдиган турк

«Бу ердаги 70 фоиз ёшларнинг келажаги йўқ, — дея қатъий оҳангда таъкидлайди турк дўстимиз. — Улар иш топишга ҳатто уриниб ҳам кўрмайди! Ёрдам пули ҳисобига яшайди, қуёш тиккага келгунча ухлайди, тунда гиёҳванд моддаларини сотиб, яна уйқуга кетади».

У бизни Клиши-су-Буадаги Турел кўчасида жойлашган шахсий емакхонасида қаҳва билан меҳмон қилди. Бу ер шаҳарнинг деярли маркази экани кўриниб турибди. Ҳеч бўлмаса, шу ерда барча турдаги дўконлар, турли хил сабзавот расталари, зарчава рангига бўялган «Чойхона» ва пушти рангли «Марокаш ширинликлари» бир жойга йиғилган. Ҳилпираб, бир-бирининг устига мингашиб кетган пешлавҳаларнинг алғов-далғов манзараси Химки вокзали яқинидаги майдонни эслатади.

Турк дўстимиз — шу ерлик ёши улуғ кишилардан бири. Бу ерда 1980 йиллардан бери яшаб келмоқда ва кўчиб кетиш нияти йўқ. Лекин маҳаллий ёшларни астойдил койийди. «Кварталлик йигитларнинг дунёси бўлак. Улар ўзининг эркаклигини кўрсатиб қўйгиси келади, шу сабаб ҳеч нарсадан тоймайди, мактабни ташлайди, гиёҳванд моддалар сотади», — дея тушунтиради у. Ёши 25 га етмаган ўғли бизни қизиқувчанлик билан кузатади. «Қизлар эса уйда ўтиради, чунки оиласи ва акалари уларни назорат қилади. Агар қиз йигити билан учрашмоқчи ёки шунчаки сайр қилиб келмоқчи бўлса, кўриб қолмасликлари учун, албатта, бошқа мавзе ёки туманга боради».

«Умуман олганда Европа ҳам, европаликлар ҳам ожиз, — дея хулоса қилади у кутилмаганда. — Улар ўз илдизи ва динини унутган. Французлар католик-ку, ахир, биласизми? Муҳожирлар ўзлигини унутмаган, шу сабабли улар Европани забт этади. Тўғри, Франциянинг ўзи айбдор: уларинг ўзи муҳожирларни сителарга ҳайдаган. Мана, натижаси нима бўлди».

У бошқалар каби шаҳардаги муаммолар йирик мавзелар туфайли келиб чиққанига ишонади: айнан шу бетон ҳилватгоҳларда қашшоқликнинг турли хил кўринишлари жам бўлган, ёшлар оммадан ажраб, ўз қонун-қоидаларига кўра яшайди. «Ҳа-а-а-а, 20 йил олдин бу ерда одамлар кўчага чиқишга қўрқарди, — ўйчанлик билан дейди турк. — Энди бу ер хавфсиз: осмонўпар биноларнинг ҳаммаси бузиб ташланди». У бизни Шен-Пуантюдаги геттони излаб топишга юборади, у бу ердан 7 дақиқалик йўл наридаги мавзе экан.

Шен-Пуантю. Ёмон мавзедан чиққан яхши қизлар

Биз мавзелар ичкарисига кириб борамиз. Кенг, яшил майдонни ва яна бир нечта кўзга ташланмас ҳудудларни кесиб ўтамиз. Почта қутиларига кўз ташлаймиз: Ҳосе ва Ҳавер, фамилияси «ўғли» билан туговчи турклар, араблар ва африкаликлар, уларни, француз терма жамоасидаги ўйинчилардек, исмларидан билиб оламиз — Нжомбе, Кунада, Бурагба Афрауихафид.

Дарҳақиқат, бу фамилиялар орасида европаликлар кам, лекин уйлар шинам кўринади, атрофи тинч ва ям-яшил. Май қуёши шу қадар ўжарлик билан нур сочадики, қашшоқлик ва таназзул изларини излашнинг деярли имкони йўқ. Биз алданганимизни ҳис қиламиз: тўдалар ҳам, вайронагарчилик ҳам йўқ.

Шен-Пуантюга — Франциянинг барча ёмон туманлари орасида биринчиликни олувчи мавзега етиб борганимизда аҳвол ўзгаради. Мамлакатдаги энг қалтис ҳудуднинг том маънодаги энг хавфли тумани. Эҳтимол, Парижнинг ҳақиқатан ҳам геттога ўхшайдиган ягона ҳудуди.

Шен-Пуантю

Фото: Албина Андреева

«Францияни кўмиб ташлаймиз» — подъезднинг титилиб кетган деворига очиқчасига ёзиб қўйилган. «Ҳукумат — қотил» — деб ёзилган сал нарироғига. Йўлда ташландиқ ёки ёқиб юборилган машиналарга — 2005 йилда содир бўлган кўча тартибсизликларидан қолган изларга дуч келасиз.

Бу ерда жами ўнтача турар жой бор: сигарет-жигарранг тусдаги баланд иморатлар ва бир нечта беш қаватли бино. Баланд иморатлар бузилиш арафасида эканлиги яққол кўриниб турибди. Улар бутунлай ўпирилиб кетган. Биноларнинг кўпи, ташқи қопламаси йўловчиларнинг бошига тушиб кетмаслиги учун тўр билан ўраб қўйилган. Уйлар ёнида — тўлиб кетган ахлат қутилари ва овқат қолдиқлари устида ғуч-ғуч қайнаётган ёввойи каптарлар учрайди. Бинога кириш учун каптарлар орасидан ўтишга тўғри келади.

Улар бизни оқ матога тушган доғдай, дарров пайқайди, лекин буни билдиришни истамайди. Болаларини етаклаб олган ёш араб аёли қўлини силтаб, шошганча дўкон томон кетади. Трико кийган, новча йигит то оғиз жуфтлагунимизча ёнимиздан ўтади-кетади. Улар турли мухбирлар ва социологлардан чарчаган кўринади.

«О, бу ерда йигитларнинг ўзи полицияни безор қилади, — деб кулади беш қоракўз қиз. Юз-кўзидан ҳиндистонлик ёки унга қўшни бирорта мамлакатдан келган. — Аввал полиция уларни қувади, кейин улар полицияни!». Қизларни катталар билан гаплашишдан умидимизни узиб бўлган вақтда маҳаллий савдо марказларидан бирида топдик. Савдо маркази мавзенинг ўртасида жойлашган бўлиб, Россиянинг чекка ҳудудларидаги эски дўконларга ўхшайди: бетон, арзон кийим дўконлари, фастфуд — пица, турк таомлари, қандайдир маҳаллий пироглар ҳиди анқийди.

Ичкарида аёллар деярли йўқ, лекин хира ёритилган ошхонада 40 дан 60 ёшгача бўлган турли эркак сипогина бўлиб ўтирибди. Араблар, турклар, африкаликлар, уларнинг юзи қоронғида деярли кўринмайди, тинмай чекиб, қоғоз стаканчаларда қаҳва ичади. Бу ер совет гаражлари ёки ҳовлилардаги домино клубларини эслатади — эркаклар учун гурунг қилиб ўтиришга қулай жой.

Универмагда бу қизлар ёруғ шуъла каби кўринади. Улар 12—14 ёшларда, буғдойранг, қора кўз, сочларига рангли боғичлар таққан ва бежирим мактаб сумкаларида. Улар шоколад қоғозларини шиқиратганча бир-бирига гап бермай чуғурлашади: «Ҳа, бу ер бизга жуда ёқади!», «Мактабдаги ўқитувчилар жуда меҳрибон, бизга шунча яхшиликларни қилишади!», «Мен француз тили ўқитувчиси бўлмоқчима!», «Мен эса ўт ўчирувчи!», «Мен тиббиёт фанлари доктори!», «Россия? О, бизнинг синфда руслар ҳам бор!», «Мен Москва ва Киевни кўришни орзу қиламан!», «Мен эса Нью-Йоркда яшайман, Канадада ҳам!».

Бир қиздан ташқари бошқа ҳаммаси шу ерда туғилиб ўсган. Уларнинг ота-онаси Покистон, Бангладеш ва Шри-Ланкадан келган. Улар француз тилида гаплашади, француз қизларидай кийинади ва ҳеч иккиланишсиз шундай дейди: «Биз, албатта, ўзимизни француз деб биламиз, бошқа ким бўлишимиз мумкин? Биз фақат француз тилида гапирамиз».

Уларга Нотр-Дам ёниб кетгани ҳақидаги текширувчи саволни берамиз — бу бизнинг французча дунёқарашни аниқлаб берадиган яна бир тезкор синовимиз, ўзимиз ўйлаб топган социологик тажриба. Қизлар хўрсинади: «О, у ёнганда жуда хафа бўлдик, мамлакатимиз рамзи, ахир! Бир ўқитувчимиз ҳатто йиғлаб юборди».

«Лаънат сенга, Франция!» ва шайтанат шеърияти

«Ҳа бу ер хавфсиз», – дея бизни ишонтиради қизлар. Тўғри, улар тунда ёлғиз юрмайди ва умуман олганда, бу ерда улар дуч келмаслиги керак бўлган ёмон одамлар бор: улар гиёҳванд моддалар сотиб юргандай кўринади, лекин қизларга ҳужум қилиб, ўғирлаб кетиши мумкин.

Биз улар ким ҳақида гапираётганини биламиз: савдо марказининг ташқарисида ўнлаб дароз африкаликлар турибди. Баъзан бу йигитлар бир-бирига яқинлашиб, бир-икки оғиз гапиргандай кўринса-да, асосан, бекорчилардай туради. Бекорчи эркаклар кўплигини мавзелардаги кўзга ташланувчи энг асосий белги дейишимиз мумкин.

«Ёнларига борамизми?», — ҳамкасбимдан қўрқибгина сўрайман. — «Йўқ, бундай қилмаганимиз дуруст».

Гоҳ у ер, гоҳ бу ердаги уйларнинг нураб кетган подъездларида ҳам худди шу манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Мавзенинг даҳшатга солувчи обрўсига, шубҳасиз, айнан шу йигитлар масъул, лекин улар кундузи ором олади. 2005 йилдан бери кўп нарса ўзгарган, бироқ ташқаридан қараганда уларда ўша вақтдаги ички ишлар вазири Николай Саркози айтган «Франция учун энг катта таҳдид»ни кўриш қийин. Бир ҳафта ўтгач бу ерга ёлғиз келиб, улар билан суҳбатлашдим.

Биз баҳайбат қутисимон уйнинг кираверишида турибмиз. 20 ёшлардаги икки африкалик, бирининг қулоғига сигарет қистирилган. Ориқдан келган, жинси ва олимпийка кийган, улар болалигимда кўрган кўча йигитларининг ҳаммасини ёдимга солади. Ундайлар кечқурунлари боғчамизга кириб, ёзги айвонларда ўтириб, тонгда бир дунё сигарет қолдиқлари ва шишаларни ташлаб кетарди. Биз болалар уларнинг жиноятчилар эканига ишонардик.

«Ҳа, биз шу ерда ўсганмиз. Йўқ, ҳеч қаерга кўчиб кетиш ниятимиз йўқ. Сиз қораларга қандай муносабатдасиз?» — «Яхши муносабатдаман», — дейман мен. — «Ҳа, — дейди улар анча бепарволик билан, — бу ишингиз яхши. Қоралар ҳам бошқалар каби одам».

Уларнинг териси жуда ҳам тўқ рангда, бармоқлари эса узун ва кафтининг ичи сутдай оппоқ. Улар менга — яхши қизлар дунёсидан келган яхши қизга ўз тасаввурларидаги оламдан жой ҳозирламоқчи бўлаётгандай хира нигоҳларини ҳайрат билан тикади. Бироқ мен нега уларга ёпишиб олганимни тушунолмайди.

Фото: perito

Уларга Россияданлигимни айтганимда, кўнгилдаги иккиланишни тарқатиб юборгандай: руслар ҳам улар учун худди ўзларидек европаликларга кун бермайдиган безорилардек кўринади. «Ҳа, биз Россияни севамиз. Путин кучли етакчи». Лекин уларнинг юзида англамаслик ифодаси қотиб қолган ва улар менга эътибор бермасликка қарор қилади, сигарет тутатиб, ўзиникилар ҳақида гапиришга тушади.

Мен подъездга кираман. Кўчада ҳаво илиқ, энди бу ердан қандайдир ёқимли ҳид келяпти. Ичкари анча ифлос, почта қутилари қаршисида эса семиз учувчи ҳашаротлар муаллақ осилиб турибди. Уйга қайтиб, чўмилгим келади.

Деворларда — турли хил беҳаё суратлар ва исёнкорлик руҳидаги болаларча мизогиния (аёлларга нисбатан нафратни англатувчи) ёзувлар: «Францияни кўмиб ташланг!», «Лаънат сенга, Франция!», «Дўстинг оч турганда хотинингга овқат берма».

Биз ё турк, ё мағриблик, 40 ёшлардаги, юзлари сўлғин бир одамга йўлиқамиз. У менга ўғринча кўз ташлаб қўяди, лекин, умуман олганда, унинг ҳам мен билан иши йўқ. Маълум бўлишича, ёзувлар — унинг ижоди, ўзи эса квартал шоири экан. У илжаяди: «Таржима қилиб берайми?» — «Бу ерда қўпол нимадир борми?» — «Шунақа деса ҳам бўлади». «Унда, керакмас».

Гетто макон эмас, балки хаёлот

Туманларни кезиб, у ерлик аҳоли билан мулоқот қиларканман, миямда нима учун бундай деган савол туғилади. Нима учун геттолик баъзи болаларнинг орзулари осмон, бошқалари эса подъездларда уймалашиб, полиция билан қувлашмачоқ ўйнашдан бўшамайди?

2008 йили тадқиқотчи Диде Лапейронни Франциянинг қолоқ мавзеларидан бирида олти ой яшаб, гетто жой эмас, балки ижтимоий тузилма, мавзе аҳлининг ўзаро ҳамда ташқи олам билан муносабатини белгилайдиган махсус ижтимоий тартиб деган хулосага келди. Бошқача айтганда, геттода яшаб туриб ҳам, у ерда яшамаслик мумкин. Биз билан суҳбатлашган жанубий осиёлик хушхулқ қизлар геттода яшамайди. Қизлар у ерда рўйхатдан ўтган бўлса ҳам, ҳаётий дунёси бошқа текисликда, улар шифокор ёки ўт ўчирувчи бўлишни орзу қилади, дунё кўришни истайди, камситилишни сезмайди.

«Хўжайин бўлишни» ва «биби» қилишни ваъда қилган шумтакалар, тарафма-тараф бўлиб жанг қиладиган ўсмирлар, қизларини кўчага чиқармайдиган, мутаассиб диндорлар геттонинг қоқ марказида яшаб, уни ўзлари яратади.

Сабаби нимада? Биз уйини ижарага олган Адолфонинг айтишича, гетто аҳолиси ўз қобиғига ўралиб олган. Насроний турклар ҳаммасига шу бетон қутилар ва фундаменталистлар айбдор эканини айтади. Безори йигитчалар зўр бериб ишонтирмоқчи бўлади: «Чоним, биз гиёҳванд модда сотмоқчимиз, чунки бу зўр иш!»

«Ҳа, — дейди шаҳар маъмуриятида ишловчи Кристин исмли чаққонгина француз аёл вазминлик билан, — Бу ердаги болалар ҳақиқатанам 8 ёшидан пул топа бошлайди. Ҳаммаси ёппасига эмас, лекин бу бор гап. Мен 8 яшар болаларнинг киссасида 800 евро пул билан юрганини кўрганман».

Биз унинг мериядаги хонасида ўтирибмиз. Бу XIX асрда ўта французча услубда қурилган бино, деразаларида гул идишлари, ҳовлида кичкина, лекин ям-яшил боғи бор, боғда эса темирдан ясалган иккита чироқ. Кўп йиллардан бери шаҳар сиёсати билан шуғулланиб келган Кристин бизга француз мавзеларидан келган безорилар учун одатий бўлган «Карьера йўли» тўғрисида сўзлаб беради.

Фото: perito

«Қаранг, бу хонимнинг иккита иш жойи ва беш боласи бор. Ҳеч нима сотиб олишга пули йўқ, эри эса кетиб қолган ёки бир неча хотини бор. Шу сабаб, у кечаю-кундуз ишлашига тўғри келади. Мен шундай оналарни биламан: иккита жойда ишлайди, транспорт бўлмагани учун эрталаб соат 5:00 да кетади, соат 16:00 да қайтиб, болаларни мактабдан олади ва кечки соат 20:00 да яна ишга жўнайди ва соат тунги 3:00 гача ишлайди, — Кристин бироз тин олади. — Ёлғиз оналар жуда-жуда кўп. Болалар қандай фикрлайди? ‘Ойим ишда, мен айланиб келаман, ёшим эса атиги 3 да ёки 8 да. Бошқа болаларга қўшиламан, улар ҳам бир ўзи, кейин биз шу ёшдаёқ пул топа бошлаймиз, чунки катталар бизга пишиқ бўл деб айтган’. Шундай қилиб, улар бу ўрага тушиб қолади».

Ота-оналари тирикчилик ғамида ишдан ишга чопиб юрган вақтда болаларни кўча тарбиялайди. Кўча эса 1990 йиллар мактабни битирганлар, 2005 йилда машиналарни ёққанлар, гиёҳванд модда сотадиганлар ё француз жамияти муҳожирлардан нафратланишига ишонадиганлар билан тўла. Кейин бу болалар улғайиб, жиноятчиликдан бошқа ҳеч қандай истиқболни кўролмайди.

Буларнинг барчасига миграция муаммолари қўшилади. Ота-оналарнинг аксарияти француз тилини билмагани учун болаларининг мактабдаги ўзлаштиришини назорат қила олмайди, бунинг натижасида кўпгина бола шаҳодатномасиз қолади. Бундан ташқари, менталитет ҳам бор: агар отаси бўлмаса, йигитчани кўчадан олиб кириш анча қийин кечади.

Бунинг устига — тарнспорт изоляцияси. «Ҳаммасини тушунаман, — дейди Кристин. — Ёшинг 18 да, иш билан таъминлаш марказига резюме топшириш учунгина икки соат йўл юришинг керак, дўстинг эса бу вақтда оғуфурушлик қилиб, бамайлихотир пул топади. Албатта, бунга чидаш қийин. Лекин ҳаммаям гиёҳванд модда сотавермайди, ақлини бир жойга йиғиб, ҳаётини изга туширганлар бор».

Очиқчасига сўрайман: «Ёшлар фақат гиёҳванд моддалар сотиб, ёрдам пули эвазига яшаётгани ростми?» – «Ёшларнинг муаммоси чигалроқ. Улар йиллар давомида қоралиги, араблиги, Ле Боске мавзесида туғилгани учун камситилган, таҳқирланган. Ҳа, Францияда ҳали ҳам шундай нарса бор! — дейди Кристин ватандошлари худди уни ҳам ранжитгандек жиғибийрони чиқиб.

Унинг қиёфаси бирдан ҳорғин тус олади: «Бу таҳқирлашни кўриб, ҳайрон қоласан. Албатта, резюменгда Муҳаммаднинг сурати бўлса, бу иш берувчиларга ёқмайди. Йигитлар менга ёзғиради: ‘Ҳа, ҳаракат қиляпмиз, ҳамма ерга резюме юборяпмиз, лекин бизни ҳеч қаерда ишга олишмайди’».