Ўзбекистонда 8 декабрь куни эрталаб кузатилган туман бир қатор аэропортларда рейслар кечикишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкентдан учадиган HY051 рейси Урганч аэропортига соат 08:20 да қўниши керак эди. Бироқ аэропортда қалин туман туфайли кўриш имконияти 200 метрга тушгани сабабли рейс кечиктирилди. Самолёт пойтахтдан учиб кетиши соат 11:30 га кўчирилган.
Шунингдек, туман сабаб Тошкент—Нукус йўналиши бўйича HY051 рейси ҳам кечиктирилган. Самолёт Тошкентдан соат 07:30 да парвоз қилиши керак бўлган, бироқ ноқулай об-ҳаво шароити туфайли парвоз соат 11:30 га қолдирилган.
«Навоий» аэропорти ҳам қуюқ туман қоплаб, кўриш масофаси 300-350 метрни ташкил этган. Аммо эрталабки вақтда жадвалда йўловчилар қатнови бўлмаган.
Айни пайтда аэропортларда об-ҳаво шароити яхшилиги қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни ҳам туман сабабли Урганч—Тошкент ва Тошкент—Андижон рейси ҳам кечиктирилганди. Шунингдек, Москвадан учган «Аэрофлот» самолёти туман сабабли Урганч аэропортига қўна олмай Нукусдаги захира аэродромига қўнганди.
Изоҳ (0)