Тошкент шаҳрида жойлашган корхоналарнинг бирига тегишли ётоқхонада содир бўлган ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида ёнғин юзага келгани ва 18 киши жароҳат олгани тўғрисида хабар берилганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур воқеага муносабат билдириб, ҳозирда кўнгилсиз ҳодиса бўйича текшириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса оқибатида 18 нафар ишчи билан содир бўлган ҳолатни махсус текшириш тўғрисида Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармасининг 2021 йил 2 декабрдаги 265-сонли буйруғи қабул қилинган.

Ҳозирда текшириш ва расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

«Унинг келиб чиқиш сабаблари ва якуни тўғрисида қўшимча маълумотлар берилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ёнғиндан жабрланган шахсларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муолажаларини олаётганини маълум қилганди. Бирламчи маълумотга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнашига газ қувурларининг носозлиги сабаб бўлган.