Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи фуқаро арқон билан ўзини-ўзи осиб, жонига қасд қилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолатга муносбат билдириб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, туманнинг «Ўрикзор» МФЙда яшовчи Қ.М. яшаш хонадонида ўз жонига қасд қилиб, воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон туман прокурори томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тергов ҳаракатлари давомида ИИБ профилактика инспектори, маҳалла раиси ҳамда бошқаларнинг ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида ваколатли органларга хизмат текшируви тайинланган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ қарзга олган 57 млн сўмни тотализаторда ютқазиб қўйган ФарДУ ўқитувчиси қабристонда ўзини осиб қўйгани, Самарқандда кетма-кет қиз кўргани сабаб таҳқирланиб келган аёл ва унинг 16 ёшли қизи ўз жонига қасд қилгани тўғрисида хабар берилганди.