Пекин Жакартани Жанубий Хитой денгизининг баҳсли сув ҳудудларидаги нефть-газ конларини қазишни тўхтатишга чақирди. Хитой Индонезияга бундай сўров билан биринчи марта чиқмоқда, деб ёзади Reuters манбаларига таяниб.
Reuters манбаларига кўра, Хитой ҳукумати Индонезия ташқи ишлар вазирлигига хат йўллаган. Унда ХХР ўзининг ҳудуди деб ҳисоблайдиган жойга ўрнатилган Индонезия денгиз пармалаш қурилмасининг ишини тўхтатиш талаб қилинган.
«Бизнинг жавобимиз жуда қатъий бўлди – биз пармалашни тўхтатмоқчи эмасмиз, чунки бу бизнинг суверен ҳуқуқимиздир», — деди мактубдан хабардор индонезиялик депутат Муҳаммад Фархон Reuters’га.
«Бу анча қўрқинчли эди, чунки бу Хитой дипломатларининг халқаро денгиз ҳуқуқига асосланган ҳуқуқларимизга қарши ўзининг тўққиз пунктли чизиғига мувофиқ кун тартибини илгари суришга биринчи уриниши бўлди», — деди Муҳаммад Фархон.
Индонезия ташқи ишлар вазирлиги вакили агентликка «давлатлар ўртасидаги ҳар қандай дипломатик алоқа шахсийлигини ва унинг мазмуни ошкор этилмаслиги»ни айтган.
Жанубий Хитой денгизининг бепоён сувлари, жумладан, Спратли архипелаги ва Парасел ороллари кўп йиллар давомида ушбу минтақа давлатларининг кўп миллатли низосига сабаб бўлиб келади. Хитой ўзига тегишли деб даъво қилган ҳудудни тўққиз пунктли чизиқ билан белгилаб олган. Ушбу У шаклидаги чизиқ Хитойнинг жанубий қирғоғидан Борнео оролининг шимолидаги сувларгача чўзилади. Жануби-шарқий Осиёдаги бошқа давлатлар Пекиннинг белгисини тан олмайди.
Жанубий Хитой денгизи сувларининг қиймати бой биологик ресурслар, Ҳинд ва Тинч океанларининг денгиз йўллари чорраҳасидаги стратегик жойлашув, шунингдек, нефть ва минерал хом ашёнинг потенциал захиралари билан ифодаланади.
Изоҳ (0)