1 декабрь — Халқаро ОИТСга қарши кураш куни. Ўзбекистонда 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43 581 нафарга етиши қайд этилган. Сана муносабати билан «Дарё» мухбири ушбу вирус сабаб икки фарзанди ва турмуш ўртоғидан айрилган, бугун ўзи ҳам бу касалликка қарши курашаётган, Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида кўнгилли (волонтёр) бўлиб фаолият олиб бораётган 36 ёшли Комила (исми ўзгартирилган) билан суҳбатлашди.
«Вирус икки болам билан эримни олиб кетди»
2003 йили Тошкент шаҳрига келин бўлганман. Тўнғичим 2005 йили туғилган. У пайтда эр-хотин соғлом бўлганимиз учун ўғлимиз ҳам соғлом туғилган.Аммо 2007 йилда туғилган қизим ҳам, 2010 йилда дунёга келган ўғлим ҳам бир йил яшаб, жонлантириш бўлимида вафот этган. 2011 йили кичик ўғлимнинг ўлимидан олдин Янги ТошМИ (Тошкент тиббиёт академияси клиникаси— «Дарё» изоҳи)га ётқизганимизда, унда ОИВ инфекцияси аниқланган. Шундан кейин бизам тезда ўзимизни текширтирдик. Турмуш ўртоғим ва менда ҳам шу вирус чиқди.
Эр-хотинда бу инфекция аниқлангунча, яъни 2013 йилгача менда касаллик белгилари: тез-тез шамоллаш, толиқиш, ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, тушиши кўп кузатилган. Лекин бунга жиддий аҳамият бермай, дори ичиб юраверганман. Текширувдан ўтиш учун шифокорлар ҳузурига бормаганман. Ҳатто булар ОИВ белгилари экани хаёлимга ҳам келмаган. Ўйланиб қолдик — бу касалликни қаердан юқтирдик экан деб. Хўжайиним 2006 йили Москвага ишлагани боргани эсга тушди. Демак, вирусни ўша ердан юқтириб келган деб тахмин қилдик.
Учала боламга ҳам ҳомиладорлик давримда шифокорлар кўригига кўп борганман. Лекин менда бу касаллик аниқланмаган. Кейин билсам, ОИВнинг беш йилдан ўн йилгача яширин даври бўларкан. Инсоннинг иммунитети мустаҳкам бўлса, бу инфекцияни организмда бор ёки йўқлигини қон таҳлили орқали ҳам аниқлаб бўлмас экан. Қачонки, иммун тизими тушиб, стресс кузатилса, шунда аниқланаркан.
Икки боламни йўқотгач тушкунликка тушиб, руҳан қийналганман. «Каттаси соппа-соғлом туғилган-ку, нега қолганлари нобуд бўлди?», деган савол ич-этимни еб юборарди. Шу вақт оралиғида турмуш ўртоғим вафот этди. Сабаби — у иммунитетини кўтариш учун курашмади, шифокорлар берган зарур дориларни ичмади.
Шунча йўқотишдан кейин иммунитетим тезда тушиб кетди, анча-мунча вазн йўқотдим. Тана ҳароратим кўтарилиб, ич кетиш ҳолатлари кузатиларди. Иммунитетим пасайгач, организмим касалликлар билан етарлича кураша олмасди. Шунда ретровирус даволаш усулига, яъни дори ичиш тартибига ўтишга мажбур бўлдим.
«Душманимга ҳам раво кўрмайман бу дардни...»
Қонимда инфекция борлигини билдим-у, дунёга сиғмай кетдим. Руҳан чўкдим. Ҳаёт тугаганди мен учун, ҳатто жонимга қасд қилишга ҳам уринганман. Ота-онам, яқинларим билан видолашиб, уларга «Ўғлимни фарзандларингиз қаторида тарбиялаб, катта қилинглар», деб васият ҳам қилганман. Акаларим қўллаб-қувватлаб, далда бўлса-да, яшаб кетишимга ишонмаганман. Чунки айнан ОИВ инфекцияси сабаб кўз олдимда икки фарзандим ва турмуш ўртоғим ҳаётдан кўз юмганди.Дори-дармон олиш ва шифокорлар билан суҳбатлашиш учун Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш марказига бориб турардим. Инфекция юқтирган бошқа одамлар билан марказда яқиндан танишганман. Бир-биримиз билан дилдан мулоқот қилардик, оилавий шароитимиз, вирусни қандай юқтирганимиз ҳақида суҳбатлашардик. Уларнинг фикрларини эшитиб, бу касалликка чалинган фақат мен эмаслигимни англаганман. «Бу одамлар яшаяпти-ку, нега мен яшамаслигим керак?», деган саволни кўп берардим, ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилардим.
Бу касалликни душманимга ҳам раво кўрмайман. Бошқа аёллар қатори мен ҳам яхши яшашга, бахтли бўлишга ҳақли эдим. Раҳматли турмуш ўртоғим ўша вақтда бирортаси билан пала-партиш жинсий алоқа қилмаганида, олдини олганида, бундай кўргиликларни кўрмасдим. Унинг ўзи ҳам ҳозир орамизда юрарди, мен ҳам бу касаллик билан қийналиб яшамаётган бўлардим.
«Биз фақат дори билан тирикмиз»
Инфекцияни юқтирганлар дори-дармон қабул қилмай ҳам бир неча йил ўзини яхши ҳис қилиб, яшаб юриши мумкин. Лекин инфекция организмда қайта уйғониб, бошқача тусга киради ва кутилмаган касалликларни қўзғатади. Кўпинча бу ҳолат ўлимга олиб келади. Охирги пайтлари вирусни юқтириб олган ёшларнинг кўпи «Бўлди, ҳар куни тўхтовсиз дори ичишдан зерикдим, чарчадим», деб қўл силтаяпти ҳаммасига. Улар буни ҳаётга, яшашга қизиқиши қолмаганидан қиляпти.2014 йилдан бери Андижон вилояти ОИТСга қарши курашиш марказида волонтёр бўлиб ишлайман. Тушкунликдан чиқиб кета олмаётган беморларга психологик ёрдам бераман, уларга касаллик аслида қандайлигини тушунтираман.
Ўзим ҳам бошида, дори ича бошлаган пайтларим жуда қийналганман. Иммунитетим тушиб кетганига дори организмимга ҳадеганда мослашавермасди. Шифокоримга кунора боғланиб, ҳолатим ҳақида айтиб турардим. «Дори ичгим келмаяпти, жуда оғир дори экан, қийналиб кетдим», деб йиғлардим. У «Иммунитетинг пастлигига дори таъсири ҳозир билинмаяпти. Сабр қил, чида. Сал вақт керак ҳаммаси ўрин-ўрнига тушиб кетишига», деб тушунтирарди. Олти ойдан кейин соғлом давримдаги ҳолатимга қайтганман. Дориларни ўз вақтида ичишга ўрганганман.
Бизга бериладиган дориларнинг саломатликка ножўя таъсирлари кам. Аммо йилда бир неча марта жигарим, ошқозоним, ўтпуфагимни текширтириб, ювдиртираман. Вақти-вақти билан даволаниб ҳам тураман.
Таомномамизда ҳеч қандай чеклов, парҳез йўқ. Аксинча, тўйимли овқат, мева-сабзавотларни кўпроқ ейиш керак. Иммунитет тушмаса бўлди.
ОИВга қарши профилактик дорилар (бошқалари ўзимиз ҳисобимиздан) давлат томонидан бепул берилади. Уларни ҳар куни бир вақтда ичиш керак. Шу орқали қонимиздаги вирус юкламалари музлатилади. Ҳар уч ва олти ойда бир марта иммунитет даражаси билан вирус юкламасини билиш учун қон таҳлили топширамиз. Вирус юкламаси бир томчи қонда қанча вирус сони борлигини аниқлаб беради.
Масалан, дори ичиш тартибига ўтмасимдан аввал бир томчи қонимда 500 мингта вирус таёқчалари бўлган. Ҳозирга келиб эса менда аниқланмайди. Дори сабаб вируслар ухлаган, музлатилган.
ОИВ инсонга юққанидан кейин у иммун тизими кучли организмда беш йилдан ўн йилгача яшириниб, жим юради, борлиги билинмайди. Одам иммунитети тушиб кетса, руҳан қийналса, вирус иммунитетини еб, тамом қилишга ҳаракат қилади. Шунинг учун зарур дориларни вақтида ичиб, яхши овқатланиш орқали вирусни музлатиб қўйиш керак. Биз дори билан тирикмиз.
Кайфиятингиз, хатти-ҳаракатингиз, еб-ичишингиз, умуман, ҳаёт тарзингиз яхши бўлмас экан, иммунитет кўтарилмайди, вируслар ухламайди. Вирус ҳаракатда бўлсагина, у организмни тугатишга киришади ва бошқа касалликларни ҳам чақиради. Натижада, одам узоқ яшамай, вафот этади.
«Соғлом одамлар биздан жирканмасин»
Касаллик ҳақида анча йиллардан бери нотўғри тушунча-тасаввурда юрамиз. Мана шу хато фикримиз бутунлай ўзгаришини хоҳлардим.Мактаб давримизда ўқитувчилар ОИВни «вабо» деб таърифлашар, бу фақат гиёҳвандлар ва фоҳишаларда бўлади, улардан юқади, дейишарди. Ҳар дарсда шундай фикрларни миямизга қуйишарди. Балки, ўша вақтларда бу касаллик, асосан, фоҳишалар ва гиёҳвандларда кузатилгандир. Лекин бугун ОИВни юқтириб олганлар орасида турли соҳа вакиллари, ҳар хил одамлар бор.
Ўзбекистонлик ижодкорлар ОИТС ва унга чалинганлар ҳақида ролик ёки кино ишласа, ҳар доим фоҳишаларни қаҳрамон қилиб кўрсатади. Уни кўрган одамлар эса бу касалликни юқитрувчилар фоҳишалар экан, деб ўйлайди ва мана шундай шубҳа билан шахсий гигиенага амал қилмайди. ОИВ фақат фоҳишалар орқали тарқалмайди, биргина уларни айблаш хато.
Кўп касаллар билан гаплашаман, аксари менга кўнглини очади. 14–17 ёшлардаги ўғил-қизлар ҳам бор. Лекин улар вирусни жинсий алоқа орқали юқтирмаган бўлади. Масалан, шифокорлар, айниқса, стоматологларнинг аҳолига хизмат кўрсатиш пайти гигиенага амал қилмаслиги ортидан қанчадан-қанча бемор жабр кўради. Камига, одамларимиз ҳам шахсий гигиенага жуда бепарво.
Соғлом одамлар бу вирусдан ва биз касаллардан жирканмаслигини илтимос қилмоқчиман. Бошқалардек инсонмиз, фақат қонимизда ОИВ инфекцияси бор, холос.
«Барчага ногиронлик нафақаси берилишини сўрайман»
2015 йилдан бери иккинчи гуруҳ ногирониман, давлатдан нафақа оламан. Ҳар йили тиббий комиссия кўригидан ўтаман. Ойига 441 минг сўм нафақа пули берилади. Лекин бу маблағ жудаям оз. Чунки йилда икки, уч марта шифохонада даволанамиз, давлат берадиган бепул дорилардан ташқари қиммат дори-дармонлар ичамиз.Ногиронлик нафақасини олиш учун ҳар йили Андижон вилоят ТМЕК (Тиббий меҳнат эксперт комиссияси — «Дарё» изоҳи) бошқармасига ҳужжат топширамиз. Аммо иммунитет миқдори 360 дан баланд бўлган касалларга 3-гуруҳ ногиронлиги белгиланади, нафақа берилмайди. Ўзбекистонда ногиронлик нафақаси фақат 1- ва 2-гуруҳ ногиронларига берилади, холос.
Ногиронликни белгилаш учун ўтказиладиган тиббий кўрик вақтида коррупция ҳолатлари кўп учрайди. Қонида инфекцияси борлар шикофорларга 100 ёки 200 доллар пул бериб, 2-гуруҳ ногиронлигини белгилатишга ҳаракат қиляпти. Агар улар тиббий комиссиядагиларга пора бермаса, «Иммунитетинг жуда баланд экан», деб 3-гуруҳ ногиронлигини белгилаяпти. Касаллар комиссия олдига боргунча кўп пул сарфлаб, шифохонада икки мартадан даволанади, тиббий кўриклардан ўтиб, сарсон бўлади.
Шу боис, ОИВ инфекцияси бор бемор сифатида рўйхатга олиниб, дори ичаётган барча касалларга ногиронлик нафақаси берилишини, бу борада ҳукуматдан ёрдам сўрайман. ОИВ инфекциясининг давоси йўқ. Қанча умримиз борлигини ҳам билмаймиз. Аммо иммунитетни мустаҳкамлаш учун яхши еб-ичишимиз зарур. Бу эса, албатта, маблағга бориб тақалади.
«Бизни, рости, соғлар тушунмайди»
2016 йилдан бери Тошкентда ўтказиладиган турли семинар, тренингларга ихтиёрий бораман. Мақсадим — касаллик ҳақидаги билимларимни ошириш эди. Семинарларда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган беморлар билан яқиндан танишардим. Ўша пайтда улардан телефон рақамларини олиб, Ўзбекистондаги ОИВга чалинганлар учун биринчи бўлиб Telegram’да гуруҳ очганман.Гуруҳ уч йил фаолият юритди. Бир йилда тўрт-беш марта пойтахтда кўришиб, тоғларга дам олгани чиқардик, бир-биримизни руҳан қўллаб-қувватлардик. Улар билан кўришсам, касаллигимни унутардим, мени тушунишарди, ўзимни бахтиёр сезардим.
Бир неча йил аввал фақат андижонлик беморлар учун алоҳида Telegram гуруҳи очдим. Тез-тез йиғилиб, дийдорлашиб турамиз. Имкон қадар касаллик ҳақида гапирмаймиз. ОИВ инфекцияси тўғрисидаги гаплардан чарчаганмиз, шунинг учун кайфиятимизни кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бирор касал танишимизнинг аҳволи оғирлашиб қолса, ўртада кўнгилдан чиқариб пул йиғамиз-да, ками-кўстингга деб берамиз. Биз бир оиламиз, ўзаро дардлашмиз, кулишамиз, маслаҳатлашамиз. Бизни, рости, соғлар тушунмайди.
Ўзбекистондаги статистика қандай?
Респубилика ОИТСга қарши курашиш марказининг «Дарё»га маълум қилишича, 2020 йил якунига кўра, дунё бўйича ОИВ инфекцияси билан яшовчилар 40 миллион кишидан ошган. Бу касалликдан вафот этганлар сони эса 32 миллиондан ошган.Ўзбекистонда ОИВ тарқалиши, асосан бирмунча фаол ёшда, яъни 25–49 ёш одамлар орасида кўпроқ учрамоқда. Республика ҳудудида 2021 йилнинг ўн ойида рўйхатга олинган беморларнинг 70 фоиздан ортиғига инфекция жинсий алоқа йўли билан юққанлиги гумон қилинган.
«ОИВ аниқланган шахслар ретровирус усулида даволанади. Бу жаҳонда тан олинган. Ўзбекистонда инфекция билан яшовчи беморларнинг 75 фоизидан зиёди ушбу даволаш усули билан қамраб олинган.
2006 йилдан бошлаб ЖССТнинг тавсияларига мувофиқ, ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишини олдини олиш дастури жорий этилган. Унга кўра, ҳар йили Ўзбекистонда ўртача 600 минг ҳомиладор ОИВ инфекциясига текширилади. ОИВ инфекцияли аёллардан ҳар йили ўртача 550–600 нафар чақалоқ туғилади ва уларга бу инфекцияни онадан болага ўтишини олдини олиш мақсадида вирусга қарши дорилар ўз вақтида бериб борилади», — дейилади марказ ахборотида.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 78 та ОИВ диагностика лабораториялари фаолият олиб боради. Улардан 15 таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари ва 63 та туманлараро лабораториялардир. Мазкур лабораторияларда ИФА, иммуноблот, ПЗР, иммунологик, клиник, биохимик ва бактериологик текширувлар ўтказилади.
Изоҳ (1)
moliyaviy inqiroz tufayli buyragingizni naqd pulga sotmoqchimisiz va nima qilishni bilmayapsizmi?
Bugun biz bilan bog'laning va biz sizga buyragingiz uchun yaxshi pul miqdorini taklif qilamiz.
Elektron pochta: doctorumarclinic@gmail.com
WhatsApp: +31 684911709
Telegram:+31 684911709
Viber: +31 684911709
Mening ismim Doktor UMAR Men UMAR klinikasida nefrologman.
, Biz Hindiston, Turkiya, Frantsiya, Nigeriya, Amerika Qo'shma Shtatlari, Malayziya, Dubay, Quvaytda joylashganmiz
rahmat