Ижтимоий тармоқларда коронавирусга қарши эмланмаган фуқарога вакцина олганлик тўғрисида SMS-хабарнома келгани ҳақида видео тарқалди. Унда мурожаат эгаси «Сиз бугун вакцина олдингиз, кейинги вакцинангиз декабрь ойида», деган мазмунда хабарнома олганини айтиб, Ўзбекистонда эмланган аҳолининг умумий статистикаси ошириб кўрсатилаётган бўлиши мумкинлигини билдирган. Мазкур ҳолатга соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов изоҳ берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ушбу ҳолатга изоҳ беришдан аввал шуни айтмоқчиманки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 га қарши эмланиш статистикаси сунъий оширилишидан ҳеч қандай манфаатдор эмас. Аксинча, ҳар бир фуқаро эмлаш жараёнларида фаол иштирок этиб, бу орқали мамлакатимиздаги эпидемик вазиятнинг барқарор бўлиши тарафдоридир», — дея унинг сўзларини келтирган ССВ матбуот хизмати.

Абдулла Азизовнинг таъкидлашича, шу нуқтаи назардан, юқоридаги видеомурожаат эгасининг вакцина олган аҳолининг умумий статистикасига ишончсизлик билдиришига асос йўқ.

«Тўғри, айни пайтда фуқароларимизда ‘Коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатни қаердан ва қандай олиш мумкин?’, ‘Қайси вакцинадан сўнг организмда кучли иммунитет ҳосил бўлади?’ каби саволлар билан бирга, эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарномалар юзасидан баъзи тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Жумладан, юқоридаги ҳолат каби бугун айрим фуқароларнинг қўл телефонига коронавирусга қарши вакцина олганлик ҳақида нотўғри SMS-хабарнома юборилмоқда. Аслида эса ўша фуқаро умуман эмланмаган бўлиб чиқяпти. Бу бир қарашда бироз тушунарсиз ҳолат бўлиши мумкин, бироқ ушбу жараёнларда инсон омили иштирок этишини ҳисобга олсак, хатоликлар юзага келиши мумкин.

Яъни, ҳозирда эмланаётган аҳолининг шахсий маълумотларини электрон тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги ахборот билан ишлашига тўғри келмоқда. Қолаверса, баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилаётгани боис, масъул ходимнинг хато қилиш эҳтимоли йўқ эмас», — деган у.

Абдулла Азизовнинг маълум қилишича, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун IТМеd мобил иловаси ва телеграмдаги @itmeduz_bot саҳифасида ЖШ ШИР (жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами) ҳамда my.gov.uz портали орқали ЖШ ШИР ва паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда фуқароларга вакцина олиш учун электрон навбатга ёзилиш ва эмланганлик сертификатини юклаб олиш имконияти яратилган бўлиб, бу ҳар томонлама ишончли ва хавфсиздир.

«Агар вакцина олувчи фуқарода бундай имконият бўлмаса, ўзининг шахсий маълумотлари ва телефон рақамини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиши керак. Ана шунда юқоридаги каби тушунмовчиликлар юзага келмайди», — деган соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари.

Вазирлик маълумотига кўра, 30 октябрга келиб Ўзбекистонда жами 33 672 515 доза вакцинадан фойдаланилди. Улардан 1-босқич эмланганлар 17 487 499 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 10 688 905 нафарни, 3-босқич эмланганлар 5 496 111 нафарни ташкил қилди. Биринчи доза билан эмланиш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 81,5 фоизни ташкил қилмоқда.