Тошкент—Душанбе йўналиши бўйича учган рейс об-ҳаво ноқулайлиги сабаб Хўжанд аэрпортига йўналтирилди, деб хабар беради Telegram’даги «Новости Ташкенцкого неба» канали.
Маълум қилинишича, 20 ноябрга ўтар кечасидан бошлаб Душанбе халқаро аэропорти ноқулай об-ҳаво шароити сабаб самолётлар парвози ва учиши учун ёпилган. Шу сабабли Somon Air авиакомпаниясининг Тошкент—Душанбе йўналиши бўйича учган СЗ-226 рейси Хўжанддаги захира аэропортига йўналтирилган.
Шунингдек, Fly Dubai авиакомпаниясининг Дубай—Душанбе йўналиши бўйича учган ФЗ-777 рейси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига йўнатирилган.
Бундан ташқари, Uzbekistan Airways’нинг Тошкент—Душанбе йўналиши бўйича 20 ноябрь куни парвоз қилиши керак бўлган HY-717 рейси ҳам кечиктирилган. Бунга Душанбе аэропортидаги кучли туман сабаб бўлмоқда — қўниш зонасидаги горизонтал кўрувчанлик 100 метрни, вертикал кўрувчанлик эса 30 метрни ташкил этмоқда. Шу сабабли Душанбе—Тошкент қайта рейси ҳам кечиктирилади.
Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси об-ҳаво ноқулайлиги сабаб бир қатор халқаро ва маҳаллий рейслар парвозини кечиктирган эди. Кейинроқ кечиктирилган барча рейслар ўз йўналиши бўйича учиб кетгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)