Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

«Gazeta.uz» Ўрта Чирчиқ тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати Феруза Бабашеванинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоси ва сўнгги ҳафталарда унинг атрофида содир бўлаётган воқеалар тафсилотини ўрганди.

Фото: Facebook / Феруза Бабашева

15 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси туман кенгаши раиси, танқидий чиқишлари билан танилган Феруза Бабашеванинг номаълум эркак билан тўшакда ётгани акс этган кадрлар тарқалди.

Эртаси куни Тошкент вилояти ИИББ 2 октябрь куни бошқарма тезкор ходимлари маҳаллий аҳолидан бирининг аризасига кўра дачалардан бирида текширув ўтказиб, у ерда Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш.(эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, ИИББ видеонинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.

Феруза Бабашеванинг айтишича, ўша куни уни уч соат ушлаб туришган (бошқаларни қўйиб юборишган), жим юриши ҳақида тушунтириш ва кафолат хати ёзишга мажбурламоқчи бўлишган. Унинг сўзларига кўра, унинг бармоғи синган. У ўзини қўллаб-қувватлаётган халқдан узр сўраб, ички ишлар органларининг «виждонсиз ва пасткаш» ходимлари ва раҳбарларини жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлаган.

Таниқли блогерлар, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари Феруза Бабашевани ҳимоя қилиб чиқди. Пайшанба куни комиссия йиғилиши бўлиб ўтиши, унда уни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Феруза Бабашева ким?

Фото: «Effect.uz»

Феруза Бабашева ХДП Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раислигига тайинланиб, депутатликка сайлангунига қадар узоқ йиллар халқ ва мактабгача таълим соҳасида меҳнат қилган. Унинг сўзларига кўра, у 12 йил давомида мактаб директори, кейин эса халқ ва мактабгача таълим бўлими мудири лавозимларида ишлаган.

Депутатлик фаолиятига тўхталар экан, халқ мурожаатлари билан ишлаган одам мутасаддиларга ёқмаслигини таъкидлаган. Унинг фикрича, уларга қарсак чалиб, «қўл кўтарадиган» депутатлар ёқади, лекин у бундай бўлишни хоҳламайди.

У ўзининг Telegram каналида ва Facebook саҳифасида тез-тез фуқаролар мурожаатларини эълон қилади, муаммони ўрганиш учун жойларга боради, онлайн-трансляциялар ўтказиб, кўпинча мансабдор шахсларни, ҳатто Сенат раиси Танзила Нарбоевани ҳам (парламент юқори палатаси кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштиради) танқид қилади.

У кенгаш сессияси ўтказилишини бир кун аввал эълон қилган вилоят кенгаш котибияти мудирини ҳам танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, котибиятлар раҳбарларининг 90 фоизи ҳокимлар вакили томонидан тайинланган.

Унинг сўзларига кўра, ЎзХДП кенгаши кўпинча ижро ҳокимиятини судга бериб, уларни ютиб чиқади. Жумладан, унинг сўзларига кўра, ЎзХДП депутатлари Кенгашга сайловлар пайтидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлигининг партия мол-мулкини ўзлаштиргани ва бошқа ҳолатлар бўйича судларда ютиб чиққан.

28 август куни Тошкент вилоятида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирида Феруза Бабашева ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув келиб чиққани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ИИББ маълумотига кўра, можарога халқ вакиллари тадбирга ниқобсиз келгани сабаб бўлган. Депутатлар эса 50 нафарга яқин ёш бола ва уларнинг ота-оналари байрамга киритилмагани, яна бир аёлга куч ишлатилгани ҳамда депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқи бузилганини айтишганди.

Депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этишга уриниш

Феруза Бабашева ва унинг ҳамкасби Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлигида кенгашнинг одоб-ахлоқ масалалари бўйича доимий комиссияси йиғилиши бошланишидан олдин
Фото: Сирожиддин Медиа

10 ноябрь куни Феруза Бабашева уни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилишмоқчи бўлганидан хабар топган. Бир кун аввал Ўрта Чирчиқ тумани прокуратураси томонидан тегишли тартибда кенгаш кўриб чиқиши учун тақдимнома киритилган. Мазкур масалани кўриб чиқиш кенгашнинг 16 ноябрдаги сессияси кун тартибига киритилган эди.

Унинг фикрича, бу ерда тақдимномани қабул қилиш тартиби бузилган. Депутатнинг тасдиқлашича, ҳокимнинг мажлис ўтказиш тўғрисидаги қарор чиқарилиши ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кун тартибига киритилишидан камида бир ҳафта олдин кенгашнинг одоб-ахлоқ бўйича доимий комиссияси йиғилиш ўтказиб, уни ҳужжат билан таништириши зарур, бироқ бу амалга оширилмаган.

Унинг таъкидлашича, дастлаб улар 10 ноябрь куни кун тартибини олдиндан эълон қилмасдан сессияни тезлаштирилган суръатда ўтказмоқчи бўлишган, аммо кейинроқ 16 ноябрга кўчирилган. У, агар у саволлар беришни бошламаганида, прокуратура тақдимнома киритган куннинг эртасигаёқ депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиниши мумкин эди, деб гумон қилмоқда.

Якунда ҳоким қарори эълон қилингандан сўнг кенгашнинг одоб-ахлоқ бўйича доимий комиссияси чақирилган. Депутат йиғилишда прокурор ёрдамчисининг ҳам иштирок этишига қарши чиқди ва буни «қонунийлик нуқтаи назаридан нотўғри» деб баҳолади.

«Аслида 9 ноябрда тақдимнома киритилганидан кейин 10 ноябрда сизлар [kengash komissiyasi] мени чақиришингиз, қўлимга тақдимномани беришингиз, камида бир ҳафтадан кейин, 17 ноябрга доимий комиссия йиғилишини қўйишингиз керак эди. Ундан кейин 17 ноябрда мен ўзимнинг асосларим билан келишим керак эди. Чунки агар ‘Agrobank’ масаласи бўлса, у SMS’ни мен ёзмаганман. Уни Адлия вазирлигида ишлайдиган юрист ёзган. Мен ўша юристни олиб келаман. Нима учун сизлар мени ҳозир бирданига ҳеч қандай маълумотга тайёрмас ҳолатимда, яна камида бир соат қолганда чақирдингиз?» — дейди Феруза Бабашева.

«Agrobank» билан боғлиқ ҳодиса

Феруза Бабашева одоб-ахлоқ бўйича доимий комиссия йиғилишида
Фото: Сирожиддин Медиа

Ўрта Чирчиқ тумани прокуратурасининг 9 ноябрдаги тақдимномасида қайд этилишича, тергов бўлими томонидан «Agrobank» бошқарма бошлиғи Муҳитдин Қиёмовнинг аризасига кўра терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Ҳужжатга кўра, «Effect.uz» сайти «Энг ўғри банк бу — ‘Agrobank’, эмлашни мажбурий қилиш тўғри эмас — депутат Феруза Жўрабековна» сарлавҳаси остидаги видеони эълон қилган. Унда депутат Феруза Бабашева «Agrobank»ни «энг ўғри банклардан бири» деб атаган, чунки ушбу банк ўқитувчиларнинг таътил пулларини нақдлаштиришда 1 фоиздан устама олиб қолганини таъкидлаган.

«Agrobank» бошқарма бошлиғи Муҳитдин Қиёмов депутатнинг Telegram канали изоҳ қисмига «ушбу ҳаракатларнинг ноқонуний эканини, бундан фуқароларнинг асоссиз норозиликлари ошиб, жамиятга фақат зарар келтириши мумкин»лигини ёзади.

Феруза Бабашева эса унга жавобан Муҳитдин Қиёмовни «илмсиз, иккиюзламачи, ўзининг манфаатида ота-онаси ҳамда халқидан воз кечадиган қўрқоқ, ҳақиқатни гапира олмайдиган ‘эчки’ ва ‘хўжайинларининг топшириғини итларга ўхшаб акиллаб бажарар экансиз’», — деб гўёки ҳақоратлайди.

Қайд этиш жоизки, депутат Telegram каналига постларни изоҳ қолдириш имкониятисиз жойлаштирган, видеотрансляция вақтида у «Ўзбекистондаги энг ўғри банк, бу — ‘Agrobank’» деган изоҳни ўқийди ва унга ўз муносабатини билдирар экан: «Энди ҳозир шунақа бўляпти, шу фикрга келишдан бошқа иложимиз йўқ», — дейди (10:28). «Agrobank» ўз хабарида депутатнинг «қўшиламан» деб тасдиқ ишорасини қилишини «қонунбузилиш ҳолати» деб баҳолайди.

Прокуратура ўз тақдимномасида Феруза Бабашева Жиноят кодексининг 41-моддасида (касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ асосли таваккалчилик) кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганини кўрсатган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) моддаси бўйича уни жавобгарликка тортиш учун депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этишни сўради.

Кейинроқ депутат Муҳитдин Қиёмовнинг «Agrobank»га қадар Тошкент вилояти прокурори лавозимида ишлаганини маълум қилди. ОАВ маълумотларига кўра, у Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган. Феруза Бабашева уни кенгаш сессиясида иштирок этишга таклиф қилди.

Тошкент вилояти ИИББнинг изоҳи

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

15 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда депутат Феруза Бабашева ва номаълум эркак акс этган интим мазмундаги фотосуратлар ва видеолар тарқалди.

Кейинги куни Тошкент вилояти ИИББ жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жазо муқаррарлиги ва қонун устуворлиги таъминлаш бўйича ички ишлар бош бошқармаси ва ҳамкорликдаги ташкилотлар билан «Хавфсиз ҳудуд» ва «Хавфсиз тун» тезкор-профилактик тадбирлари ўтказиб келинаётгани ҳақида хабар қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, тадбир давомида Бўстонлиқ тумани «Хумсон» маҳалласида яшовчи фуқаро вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилиб, «Сарвар» ва «Баҳром» исмли шахслар туман «Чорбоғ гўзал боғи» жамияти ҳудудида жойлашган дала ҳовлиларда ишратхона ташкил қилиб, кунлик ижарага беришини ва у ерда шахсларни жинсий алоқа қилишлари учун шарт-шароит яратилганини маълум қилган. Аризада «туни билан айрим ахлоқи бузуқ шахслар аҳоли тинчлигини бузаётгани ва бу нафақат катталар балки ёшларга ҳам салбий таъсир қилаётганини баён қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш» сўралган.

Ушбу мурожаатга асосан 2 октябрь куни ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида, мурожаатда кўрсатилган дала ҳовли кўздан кечирилган. Ўша вақтда ҳам хонадонда икки нафар аёл, икки нафар эркак кишилар борлиги, улардан, фуқаро Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланган, дейилади хабарда.

«Улар билан ўтказилган суҳбат давомида алкоголь маҳсулотлар истеъмол қилишгани ва ишқий муносабатда бўлиш мақсадида келганликларини маълум қилганлар», — дея қайд этди ИИББ.

Хабарда ҳозирда мазкур жараён акс этган видео тасвирнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмалар орқали тарқалгани ҳолати юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилаётгани таъкидланган.

Бошқарманинг қайд этишича, бу каби одоб-ахлоқ билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларига қарши вилоят ИИББ томонидан мунтазам равишда тезкор профилактик тадбирлар ўтказиб борилади. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ИИББ ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) билан боғлиқ 100 га яқин, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси (фоҳишалик билан шуғулланиш) бўйича 50 дан ошиқ ҳолатлар аниқланган.

«Ҳаммаси учун жавоб берасиз ҳали»

Фото: «Gazeta.uz»

16 ноябрь куни Феруза Бабашева материаллар ижтимоий тармоқларга тарқалганига муносабат билдирди. У Тошкент вилояти ИИББ ходими Зиёдулла Раҳимов «ҳаммаси учун жавоб беришини» маълум қилди.

«Нурафшондаги қилиқларингиз, намунали уйлардаги Миллий гвардия ходимлари олдидаги кайф ҳолатингиздаги қилиқларингизни кўрган, билганлар ўлгани йўқ ҳали! Бармоғимни синдириб, тирноғимни суғуриб олиб, мени нималарнидур ёзишга мажбур қилганларинг учун жавоб берасанлар ҳали! Энди нима билан қўрқитасанлар? Шунақа шантажларинг борлигини энди ҳамма билади. 5 та эркак, мани зўрлаб нималарни ёздирмоқчи бўлганингни эртага айтаман», — деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.

Тошкент вилояти ИИББ хабарига жавобан, у бир қатор саволлар билан мурожаат қилди:
  1. Хўп, 2 октябрь куни бўлган ҳолат бўлса, нима учун шу пайтгача чиқаришмади бу тайёрланган видеони, нимани кутдингиз — сайлов ўтишиними?
  2. Нима учун ёнимдаги қолганларни видеога олмагансиз?
  3. Нима учун аризачи бирон марта чақирилмади, кимлиги энди маълум бўлдими?
  4. Нима учун дала ҳовли эгаси чақирилмади ўша куни ҳам, кейин ҳам?
  5. Нима учун ўша куни ҳам, кейин ҳам ҳудудий профилактика инспектори чақирилмади?
  6. Нима учун ҳаммани кеткизвориб, бармоғимни синдиришди ва менга нисбатан зўравонлик қилишди?
  7. Нима учун жим юраман, деган тушунтириш хати, кафолат хати ёздирмоқчи бўлишди?
  8. Нима учун ўша ерда тўғридан-тўғри эфир қилишимга рухсат беришмади, умуман телефондан фойдаланишимга рухсат беришмади?
  9. Нима учун Бўстонлиқ туман ИИБ бошлиғининг бу уюштирилган жиноятдан мутлақо хабари йўқ эди?
  10. Нима учун мени экспертиза қилишмади ўша куни ва қайта-қайта Тошкент вилоят ИИББга олиб боришларини сўраганимда олиб боришмади?
  11. Нима учун мен адвокатимни, юристимни ва журналист, блогер дўстларимни чақирганимда қочиб кетишди?
  12. Нима учун фақат мени олиб қолиб, ёнимга ҳеч кимни киритмай, зўравонлик қилишди, 3 соатлаб мени хонага қамаб, ўзларининг йўриғига юргизмоқчи бўлишди?
  13. Бу видео қаердан чиқди, нима учун чиқди, нега монтаж қилинди?
  14. Тошкент вилоятидаги ёки ундан юқори турувчи раҳбарларда менга нисбатан қандай аламзадалик бор эди?
  15. Шахсан ўзимда ҳам бир қанча мутасаддиларнинг видео, аудиолари бор ва нима учун мен аёл бўлиб уларникини чиқармайман-да, улар «эркак» бўлиб, давлат органида ишлаб шундай монтажли видеоларни чиқариб виждонсизлик қилишади?
Кейинроқ у: «Мен фаришта эмасман, мени қанотим йўқ, мен буни қайта-қайта таъкидлаганман… Лекин бу инсофсиз, пасткаш орган ходимларини, мутасадди раҳбарларни, албатта, қонун олдида жавоб беришларини талаб қиламан! Ҳаммаси учун жавоб берасиз! Ўзингизнинг жирканч ишларингиз билан мени енгга олмайсиз!» — деб ёзган.

Депутат ўзини қўллаб-қувватлаётган халқдан кечирим сўраган.

Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов
Фото: «Gazeta.uz»

Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов Феруза Бабашеванинг саволларига жавоб берар экан, қарши саволлар билан юзланди:

  1. Хўп, 2 октябрь куни бўлган ҳолат бўлса, нима учун шу пайтгача мурожаат қилмадингиз, нимани кутдингиз, ялпи мажлисними?
  2. Нима учун дала ҳовли эгаси ким эканини айтмадингиз, ўша куни ҳам, кейин ҳам?
  3. Нима учун бармоғингизни синдиришгани ҳақида жар солмадингиз, менга нисбатан зўравонлик қилишди деб хабар бермадингиз?
  4. Нима учун тан жароҳати олган бўлсангиз ўзингиз экспертизадан ўтмадингиз, бу ҳақида судга ёки бошқа юқори турувчи органларга мурожаат қилмадингиз?
  5. Нима учун адвокатингизни, юристингизни ва журналист, блогер дўстларингизни чақирганингизда бу ҳақида ижтимоий тармоқларга чиқиш қилмадингиз?
  6. Бу видеони тарқатганликда айблаб, суратини жойлаштирганингиз Зиёд Раҳимов, айнан у тарқатиб юборгани ҳақида тахминлардан бошқа бирор фактингиз борми?
  7. Тошкент вилоятидаги ёки ундан юқори турувчи раҳбарларда сизга нисбатан нима борлигини мен қаердан биламан?
  8. Шахсан ўзингизда бўлган бир қанча мутасаддиларнинг видео, аудиоларини чиқаришингизга мен қаршилик қилганмидим?
  9. Сизни ёмон отлиқ қиёфасида намоён бўлишингизга биринчи айбдор ким?
  10. Сизнинг олдингизда ўзимни оқлашни ҳақорат деб ҳисоблайман.

ХДПнинг муносабат

Халқ демократик партияси ҳам депутат билан боғлиқ воқеаларга ўз муносабатини билдирди. ХДПнинг таъкидлашича, «ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қонуний ва қатъий чора кўрилиши зарур».

«Инсоннинг шаъни, қадр-қиммати дахлсиздир. Мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг қатъий талаби шундай. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман Кенгаши депутати Феруза Бабашева билан боғлиқ ҳолатга қонунчиликка мувофиқ тўлиқ тартибда баҳо берилиши зарур», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 27-моддасига кўра, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

«Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас», — дейилади партия баёнотида.

ХДП Жиноят кодексининг 141−1 моддасида шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ ҳаракатлар бўйича жазо чоралари белгиланганини эслатиб ўтган.

Халқ демократик партияси ушбу ҳолат бўйича тегишли органлар ҳуқуқий муносабат билдиргунича турли фикрлар билдиришдан тийилиб туришни сўраган.

Партиядан ташқари бошқа депутатлар, блогерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам Феруза Бабашевани ҳимоя қилиб чиққан.

Изоҳ
Асосий янгиликлар